13 October 2010
02:48 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Бу аёл (Cайёра Рашидова – “Ҳаракат”) мени қачонгача алдайди?..”
Қизим Дўсматова Дилором 2003 йилнинг 31 январида ўзининг келинлик уйида куёвим Дўсматов Абдурасул томонидан ваҳшиёна ўлдирилди. Бу ҳақда биз кундузи 13 ларда хабар топиб борганимизда унинг танаси аллақачон совиган, шифокорларнинг кейинги муолажалари фойдасиз бўлиб чиқди.

Бизга маълуми шуки, қизим Дилором 25-26 январга ўтар кечаси ҳам эри томонидан шафқатсиз калтакланган, натижада танага ўртача оғирликдаги тан жароҳати олганди. Бу ҳақда суд-тиббий экспертизанинг 2003 йил 27 январ кунги хулосаси ҳам мавжуд. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тез тиббий ёрдам ва шифохона врачларининг тушунтириши ва суд тиббий экспертиза хулосаларидан сўнг куёвимиз Абдурасулни Шайхонтоҳур ИИБга олиб кетишган, сўроқ қилишган.

Ўшанда куёвимнинг укаси Дўстматов Абдурашид Шайхонтохур тумани ИИБда Эшбобоев Бегали исмли таниши орқали 150 АҚШ доллари билан ишни ёпган, биз ҳам қизимизнинг кейинги тақдирини ўйлаб масаланинг кетини қувмаганмиз. Шунга қарамай Абдурасул қизимизни хўрлашда давом этди, ҳатто шундай қийноқлардан бирида қизим ўз жонига қасд қилиши, бундай аҳволга чидай олмаслиги хусусида видолашув хати ёзиб қолдирган. Ана шу хат, ўлим факти ва экспертиза хулосалари асосида қотил куёвимга нисбатан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари Шайхонтоҳур тумани ИИБ ходимлари томонидан бошлаб юборилди. Лекин ўртага пора, пул аралашиб, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми (Ишда жиноят таркиби йўқлиги учун уни ҳаракатдан тугатиш) билан ҳаракатдан тўхтатилди.

Туманимизнинг собиқ прокурори А. Мирасилов, туман ИИБ собиқ бошлиғи А. Накибов, туман прокуратураси терговчиси М. Қодиров томонидан мазкур тергов ҳаракатлари бир томонлама олиб борилгани учун ҳам жиноят иши очилмай қолди. Ваҳоланки, Дўсматов Абдурасул Абдуғаниевич қизим Дўсматова Дилоромхон Рахимжўжаевна (паспорт СА 0564304)нинг номига Шайхонтоҳур туманидаги банклардан биридан 16 500 000 сўм кредит маблағи олган эди, кредитнинг ҳужжатлари муқаддам жиноят ишида ҳам бўлиб, у кейинчалик жиноятни яшириш мақсадида олиб ташланган. Қарийб олти йилдан бери ана шу қотилликнинг очилиши, очиқ суд муҳокамасига қўйилиши ҳақида шикоят иқламан. Лекин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи О. Набиев шикоятларимга бир хил, юзаки жавоблар қайтариб, бошқа идораларни ҳам чалғитиб келади.

Қарийб 8 йилдан бери ҳуқуқи муҳофаза қилиш органларидаги наҳанглар устидан шикоят қиламан. Хорижий радиоларда 3 марта, Ўзбекистон радиосида 4 марта, матбуотда эса 2 марта мени ҳимоя қилувчи мақолалар чиқди, лекин самар йўқ. Биргина қотилни жавобгарликка тортадиган, ҳеч бўлмаса уни судгача олиб борадиган мард йўқ. Албатта, прокуратура, миршабларнинг ўзларини ҳимоя қилиш табиий, чунки қўли қон куёвимни ҳимоя қилишмаса, ўзлари жавобгар бўлишади. Лекин мамлакатимиз Парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидовага нима жин урди?! Мен бу аёлнинг қабулида 2 марта бўлдим, 3 ойдн бери унинг идорасига қатнайман. У ва унинг ходимлари менга жиноят иши ҳақида экспертлик хулосасини бермоқчи эди: шунгаям 3 ой бўлди! Мен Омбудсманнинг мамлакатимиздаги ролини яхши биламан, лекин бу орган ҳеч бўлмаса менга ўз хулосасини берса, мен БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига ишимни топширмоқчи эдим. Жамоатчиликка мурожаат қилмоқчиман, бу аёлдан ҳеч бўлмаса эксперт хулосасини олиш учун нима қилиш керак?

Раҳимхўжа Алимхўжаев
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону