04 September 2010
21:00 - Cафдошимизнинг туғилган куни муносабати билан табрик: Сотилмас қалб эгаси

Қалбга яқин инсон ҳақида ёзиш жуда мураккаб эканлигини авваллари кўп ўқиб, кўп эшитгандим. Ҳозир шундай маъсулият қаршисида турибман. Ҳақиқатдан ҳам бу жараён жуда-жуда мушкул эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Айниқса, қаламга олмоқчи бўлган инсон эл ардоғидаги шахс бўлса, бундан ҳам қийин экан. Устига-устак, Ватанда фақат расмий ахборот, табриклар ва маърузалар ёзишга одатланган менинг нўноқ “тилимда” ёзиш эса, ундан-да, оғир.

Ҳаммаси кечагидай ёдимда. Ҳа, 7-8 йил кечагидай… Ўша давр “ленталари” бир-бир кўз олдимдан ўтябди. Аммо, қай бирини ёзишликка, қаердан бошлаб, қаерда тугаллашга ожизман. Ўрнимда зўр ёзувчи бўлса эди, сўзларни чертиб-чертиб, каттагина бир асар ёзарди. Зеро, бу Инсоннинг эзгуликлари катта асарларга тенгдир.

Мен бу кишини таниганимга 8 йил бўлди. Бу инсонни мендан-да кўпроқ билган одамлар, албатта, кўп ва хўп ёзарлар.

АКБАРАЛИ ОРИФ! Бизлар “Акбартой ака”, дея, мурожаат қиламиз. Акбартой ака энг аввало, энг самимий дилкаш инсон. Ёш бўлишимга қарамай, муҳолифатчилар ичида кўп инсонларни кўрябман. Айниқса, хижратда. Албатта, беш қўл баробар эмас. Негадир, кўп ҳолатларда, бир киши ҳақида гап кетса, даврадагиларнинг ярми ўша киши ҳақида ундоқ деса, ярми бундоқ деб, ўртада арзимаган гап отишлар билан бемаза баҳслар кўпайиб кетган. Ўзим бундай кўнгилсиз ҳолатлардан анча безиб қолганман. Аммо, рост гап шуки, шу кунгача Акбартой ака ҳақида гапирилганда ҳеч қачон бирор бир ноўхшов гап эшитмадим. Муҳожирликдаги ватандошларимиз Канада ёки АҚШда бўладиларми, ёки Европа, бу ёғи Австралиядами ёҳуд Россиядами, Акбартой акани билганки одам, у кишини фақат яхши сўзлар билан тилга оладилар. Ватанда эса, катта соғинч билан гапирадилар.

Энди улғайиб англадимки, инсоннинг кўпчиликка бирдай ёқиши ва унинг номи илиқ сўзлар билан тилга олиниши ҳаммага ҳам бирдай насиб қилмас экан. Агар шундай бўлса, ўша инсон энг бахтли инсон, экан, деган тушунча қалбим тўридаги битикка айланган. Тўғри, ҳар ким экканини ўради.

Ким билан гаплашмай, барча “Акбаржонга салом айтинг”, дейдилар. Айниқса, халқимизнинг энг зиёлилари ва энг тақводорлари ҳам бирдай салом йўллайдилар.

Инсоннинг ҳақиқатдан ҳам ўзида мужассам бўлган фазилатлари бошқа бир киши томонидан айтилса, наздимда, у инсонни мақташ ёки кўкларга кўтариш ҳисобланмайди. Аксинча, йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишлик ноқулай ҳисобланади, деб ўйлайман. Зотан, олтинни олтин, гавҳарни гавҳар, деб атаймиз. Оддий тошни минг олтин денг, у олтинга айланмаслиги кабидир.

Юқорида айтганимдай, Акбартой ака, энг самимий ва дилкаш инсон, юқори даражадаги маданият ва маънавият соҳиби. Инсон ўзини тутиб туриши мушкул бўлган онларда ҳам, ўзини назорат этиб, энг оғир ҳолатларда ҳам бирор бир кишига қалтис ёки оғир ботадиган сўз айтиш у ёқда турсин, ҳаттоки, “сен” ҳам демайдиган Акбартой акадир.

Севимли шоиримиз Холдор Вулқон ўзининг “Тунги лайлакқор” китобини бир кишига совға қилиб, китоб ичига, жумладан, шундай дасхат ёзган: “Юраги Миллат, Ватан қайғуси билан тўлган, сотилмас қалб эгаси меҳрибон инсон …….га эсдалик”.

Шоир тилидан айтилган бу самимий сўзларни мен айнан, Акбартой ака тимсолида кўраман. Дарҳақиқат, Акбартой аканинг юраги Миллат, Ватан қайғуси билан тўлган ҳамда бу инсон сотилмас қалб эгасидир.

Акбартой аканинг Ўзбекистон муҳолифати сафларидаги эзгу ишларини, “Бирлик” ва “Эзгулик”даги олийжаноб фаолиятларини ёзсам, бир катта роман бўлар. “Бирлик”нинг Катта авлодлари бу ҳақда мендан-да кўп биладилар ва албатта, муносиб қадрлайдилар.

Биргина 2003 йилдаги “Бирлик”нинг қайта оёққа туришида Акбартой аканинг меҳнатлари, изланишлари кўп таҳсинга сазовардир. Бу йўлда қанча заҳмат, қанча уқубат, қанча ҳаётига ва оиласига хавфни Акбартой ака ўз бошидан ўтказмади, дейсиз.

Андижондаги “Бирлик”нинг боши Акбартой ака. Мен ҳарқалай, 2002 йил 22 ёшимда бу сафга келганимда Акбартой акани шундай таниганман. Андижонда “Бирлик” ё “Эзгулик”нинг бирор йиғилиши бўладими ёки турли сиёсий учрашувларими, чет эл дипломатлари билан кўришувларми ёҳуд турли сиёсий акциялар бўладими, барчасига Акбартой ака ва муҳтарам устозим, бебаҳо Инсон – Музаффармирзо Исҳоқовлар ҳамиша бош-қош бўлардилар. Сафдошларнинг тўйларими ёки таъзияларими барчасига бош бўлиб, ҳуллас, биз водийдаги муҳолифатчиларнинг бошимизни бир жойга қовуштирганлар. Ҳа, бу кунлар бугун ТАРИХ. Бир айланиб, барчамиз, муҳожирга айландик, Андижон эса, олисда қолди…

Менимча, Акбартой аканинг раҳбарлиги даврида бирор бир сафдошимиз у кишидан норози бўлмади. У киши нафақат бирликчиларни балки бутун муҳолифат партиялари аъзоларини бир жойга жамлашга ҳаракат қилардилар. Эсимда, кўп йиғилишларимизда эркчилар, озод деҳқончилар ва бошқа муҳолифтачилар ҳам иштирок этардилар. Бўлинишга қаттиқ қарши бўлганлар.

Партиямизни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш ишларида, халқдан имзо йиғиш жараёнларида, сайловларда мукаммал ва пухта режа асосида фаолият олиб борганлигини барча сафдошларимиз биладилар. Акбартой ака Андижон вилоятининг барча туманлари-ю, чекка қишлоқларигача яёв кезиб, партия ишларини изга қўйдилар, десам, асло муболаға қилмаган бўламан. У кишига қўнғироқ қилсак, - ҳозир Пахтаободдаман, бир соатдан кейин Жалақудуқда бўламан, кутинг, бораман, - деганлари ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Ҳолбуки, Пахтаобод ва Жалақудуқ ораси камида эллик чақирим йўл. Қишнинг аёзли кунлари бўладими, ёзнинг жазирасими, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай ишлаганлари ҳамон ёдимизда. Эсимда бир гал, қишда, Шаҳрихонга борсам, на уйдан тополмайман, на мактабдан. Мактабга борсам, бир ҳамкасблари, -масжидда бўлса керак, ўша ёққа боринг, -деб қолдилар. Сўраб-суриштириб марказий масжидга бордим. Акбартой ака масжидда эканлар. Ё ўша куни жума намозини ёки пешин намозини ўқиш учун кирган эканлар. Шу кун, янглишмасам, бироз тишлари оғриб турганди. Тиш оғриғига ҳам қарамай, иш билан бир жойга боргандик. Қаёққа борганимиз ёдимда қолмабди.

Ҳа, Акбартой ака, ҳам партия ишларидан, ҳам мактабдаги ўқитувчилик ишларидан ва оилавий юмушларидан ҳамда ибодатларидан ошиниб, ҳар бир сафдошининг ҳолидан ҳабар олиш учун уйма-уй, шаҳарма-шаҳар юришга ҳам вақт топганлар.

Кейин яна қама-қамалар, чоп-чоплар авж олди. Андижон қонга ботди. Эҳ-хе, у кунларни эслашнинг ўзи улкан даҳшат… Бир қатор сафдошларимиз билан Акбартой ака ҳам қамалиб қолдилар… Раисимиз Абдураҳим ака эса, АҚШдан ҳозир-ҳозир Андижонга учиб келадигандай. Ўша даҳшат кунлари телефон ва интернетга ўзим куну тун навбатчилик қилганман, десам, нокамтарликка йўймарсиз. Умримда Абдураҳим акани кўриш у ёқда турсин, ҳаттоки ўша пайтлари бирор бир суратларини ҳам кўрмаганман. Нафақат камина балки кўплаб сафдошларимиз ҳам шундай эди. Фақат мактуб ва мақолаларини ўқирдик. Гоҳида телефонда овозларини эшитардик, холос. Андижондаги қирғин кунлари эса, Абдураҳим ака, ёнимизда эди, гўё. Балки телефон тагида ўтирганим боис, менга шундай туюлганми, билмадим…

Шу-шу Акбартой ака билан Бишкекда кўришдик. Андижонда Акбартой акани Америкага кетибди, деб эшитганмиз. У киши бизни Бишкекда кутиб олганларида, энсам қотиб қолган. Кейин билсам, шефим Рустам ака (Музаффармирзо Исҳоқов) Норвегиядан туриб, Акбартой акага биз ҳақимизда айтган эканлар. Бишкекда ҳам Акбартой ака бизларга Ватан-Андижон бўлдилар. Худога айтганимиз бор экан, ёлғиз қолмадик. Андижонда юргандай юрдик. Акбартой ака ва бир неча яхши инсонлар қатори бизлар ҳам Бишкекда яшадик. Ҳамиша бизларга оталарча ғамҳўрликда бўлдилар. Бишкекда ҳам тинмадилар, бизларни ҳам, албатта, тиндирмадилар (ҳазил). Югур-югур, чоп-чоп, митинглар, сиёсий учрашувлар, ҳалқаро ташкилотлар, мақолалар, турли хил хужжатлар, эҳ-хе… Ўша пайтлари Бишкекда яшаган дўстларимиз Акбартой аканинг инсонпарварлигини, ташкилотчилигини, мендан-да, яхши биладилар. Вақтлар ўтиб, Акбартой ака оиласи билан Данияга кетдилар, бизлар эса, Норвегияга келдик...

Бу ажойиб, бағрикенг, ўта камтар, олийжаноб инсон, етук сиёсатчи ва моҳир педагог, азиз устозимиз ҳақида ёзаман десам, адоғи йўқ. Халқимиз Акбартой ака каби инсонларни ҲАЗРАТИ ИНСОН дейдилар. Ҳазрати инсон – Акбартой акамиз бугун, муборак моҳи Рамазон кунлари ўз таваллуд айёмларини нишонламоқдалар.

Қадрли Акбартой ака!

Таваллуд айёмингиз билан чин қалбимиздан самимий табриклаймиз! Дунёдаги барча эзгу ва пок тилаклар билан бирга узоқ умр, тан-сиҳатлик, оилавий бахту саодат тилаймиз! Қалбингиздаги барча ниятларингиз амалга ошишини Аллоҳдан тилаб қоламиз.

Дўстларимиз ва яқин сафдошларимиз билан Сизни эслаганимизда кўз ўнгимизда ҳамиша самимий, юзлари нурли, сўзлари илиқ ва дилларга қувонч таратувчи, халқпарвар – АКБАРАЛИ ОРИФ намоён бўлади. Сизни жуда соғинганмиз, ака.

Кейинги юбилейларингизни халқимиз ва яқинларимиз билан биргаликда Ватанда катта шодиёналарда қарши олишликни Аллоҳ насиб айлаган бўлсин!

Муборак моҳи Рамазон кунларидаги таваллуд айёмингиз қутлуғ бўлсин, ака! Сизни ва ўшал армиямизни Андижонимиз кутмоқда, “Беҳизор”имиз кутмоқда! Албатта, прокуроримиз билан ҳокимимиз ҳам кутмоқда. Лўли Дилмуродимиз эса, тем более, кутмоқда! (ҳазил). Ҳамиша соғ-омон бўлинг!

Эзгу тилаклар билан бир қатор сафдош дўстларингиз номидан укангиз,
Улуғбек Бакир

 

"Ҳаракат" таҳририятидан: Акбарали Ориф бугун 53 ёшга тўлди. Ҳаммамиз у кишини чин кўнгилдан табриклаймиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону