24 August 2010
01:50 - “Эзгулик” жамиятида матбуот анжумани ўтказилди

Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти оммавий ахборот воситалари ходимлари, дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари ҳамда маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари жамиятлари учун матбуот конференцияси ўтказди. Матбуот конференциясида юртимизда фаолият олиб бораётган дипломатлар, мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этишди.


Матбуот конференциясини олиб борган жамият бошқаруви раиси Васила Иноятова сўнгги пайтларда жамият фаолиятига қўйилаётган сунъий тўсиқлар, мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти ҳамда қатор қонунбузилиш ҳолатларига эътибор қаратди.

Хусусан, 2003 йилнинг мартида Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган жамиятнинг 5 та вилоят бўлими қайта рўйхатдан ўтказиш баҳонаси билан рўйхатга олинмаётгани, фаолиятига расмий рухсат берилмаётган вилоят бўлимларининг бир неча марта қонуний мурожаатларига эътибор қаратилмаётганини таъкидлади. Халқаро ҳамжамиятнинг босими ва жамоат ташкилотларининг талабларига қарамай жамиятнинг Тошкент вилояти бўлимининг икки фаоли — Расул Худойназаров ҳамда Дилмурод Саййидлар қамоқларда қолаётганини, сиёсий маҳбусларга қийноқлар қўллаш, уларнинг амнистия мурувватидан мосуволиги, мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятнининг оғирлигича қолаётганини эътироф этди.

Шу йилнинг май ойида жамият Марказий бошқаруви идорасидан жамиятга тегишли компюьтернинг ўғирланиши билан боғлиқ ҳодисанинг тергов органи томонидан етарлича ўрганилмаётгани, ҳатто орадан уч ой ўтишига қарамай тергов натижалари ҳақида бирор хабар берилмаганини айтди. Аксинча, компюьтер ўғирланиши билан боғлиқ ҳодисада Марказий бошқарув котибаси Раъно Содиқованинг ишга гумондор тариқасида жалб қилинганини жамият фаолиятига нисбатан сунъий тўсиқ дея атади. Жамиятнинг бир неча собиқ аъзолари Баженова, Давлатова сингари шахслар томонидан фуқаролик судларига даъво аризалари топширилиши ва бу ҳодиса ички ишлар тизими раҳбарлари томонидан зимдан қўллаб-қувватланаётгани, жамият устидан бугун олтинчи маҳкама очилганини такрорлади. Жамиятнинг маҳкамадаги ишончли вакилининг эътироф этишича, Халқаро инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Марат Зоҳидов “Эзгулик”нинг бир қатор ҳуқуқ ҳимоячиларини бадном қилиш билан шуғулланаётгани, уларнинг айримлари Ғарб дипломатик корпусларидан грант маблағларини олиб, провакацион ҳаркатларга сарфлаётганини эътироф этди.

“Эзгулик” раҳбари жамият фаолияти хавф остида қолаётганини эътироф этиб, жамоатчиликдан бундай оғир вазиятда ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотни қўллаб-қуввалашни сўради.

Шунингдек, анжуманда иштирок этган Эксперт Ишчи Гуруҳи раҳбари, айни пайтда “Эзгулик” Марказий бошқаруви аъзоси Суҳробжон Исмоилов гуруҳ аъзоларига муайян даражада тазйиқлар кучайгани, гуруҳ сайтининг блокировка қилинганини айтди.

 

Матбуот анжуманида Ўзбекистон телерадиокомпанияси Ёшлар каналининг икки ходими - Саодат Амонова ҳамда Малоҳат Эшонқуловалар ҳам иштирок этишиб, йиғилганлар эътиборини тизимда авж олган коррупция, маҳаллийчилик ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларига қаратди. “Давр” информацион дастури муҳаррири Саодат Амонова: “Биз тайёрлаётган репортажларнинг асосий қисми тегишли идоралар томонидан назоратдан ўтказилади. Керак бўлса интервьюлар олиб ташланади. Ва энг даҳшатлиси, ҳозир биз ахборотнинг матнини ўқиб, кадргача бир хил қилиб эфирга узатаяпмиз” деди.

Тошкентнинг Абай кўчасидаги машҳур тозалик уйи - ҳаммом ходимлари номидан келиб, анжуманда иштирок этган Лола Қўчқорбекова Давлат Солиқ қўмитаси раҳбарларининг мазкур иншоотни ноқонуний равишда тортиб олаётгани, бир неча йиллардан бери тадбиркорлик фаолиятига йўл берилмай келаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, шаҳар аҳолисининг каттагина қисмига хизмат қиладиган бу масканга Солиқ қўмитаси кўз тиккан, озодалик уйи маъмурияти устидан ўтказилган бир қанча тафтишларда жиноят аломатлари топилмаганига қарамай масканни тортиб олишмоқчи.

Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар геноциди туфайли қочқин сифатида Ўзбекистонга келган, бу ерда ҳам унинг ситиқома қилишига рухсат берилмаётгани Қирғизистон фуқароси Дилшод Мамажонов дипломтик корпус ваколатхоналаридан кўмак сўраб, учинчи давлатдан бошпана олишда кўмак беришини сўради.

Матбуот анжумани пайтида оммавий ахборот воситалари ходимлари, дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари саволларига жавоб берилди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону