17 June 2010
04:28 - Норвегияда ҳам Қирғизистондаги қонхўрликни қоралаш намойиши бўлди
16 июнь куни Марказий Норвегиянинг Нурд-Трёнделаг вилоятининг Левангер шаҳрида Қирғизистон жанубида бўлаётган фожеаларга муносабат ўлароқ, у ерда яшаётган озчилик ўзбек мухожирлари томонидан “Massakren i Osj” (“Ош қирғини”) шиори остида норозилик намойиши бўлиб ўтди. Ушбу намойишда Андижонлик сиёсий муҳожирлар, “Бирлик” Партияси фаоллари Улуғбек Бакир ва Билолиддин Низом, Ўшлик ўзбек, Жўрабек Мирзаохун (меҳнат муҳожири), Бишкеклик қирғиз Мақсад Абдулдаев (талаба), Афғонистонлик ўзбек Назар Муҳаммад Султоний (сиёсий муҳожир)лар иштирок этдилар (расмни каттароқ қилиш учун курсор билан босинг).

18 минг аҳолиси бўлган Левангер шаҳрида юқорида номлари келтирилган фақат тўрт нафар ўзбек яшайди, холос.

Қонли воқеаларнинг илк кунидан бошлаб, бу кишилар тезкор равишда, Улуғбек Бакир раҳбарлигида “Stans folkemordet!” – gruppe for fred!“ (“Қатлиомни тўхтат!” тинчлик гуруҳини) тузиб, Норвегия халқига бўлаётган Қирғизистон воқеалари жараёни бўйича тезкор ахборотлар тақдим этиб келаётир. Жумладан, 12-15 июнь кунлари улар Норвегиядаги “Adresseavisen”, “Trønder-Avisa”, “Levanger avisa” газеталари журналистлари билан учрашиб, уларга интервью ва мақолалар тақдим этдилар. Бу материалларнинг айримлари кеча-бугун нашр этилди. Айримлари шу ҳафтанинг охиригача нашр этилади.

Намойиш Левангер коммунаси (ҳокимияти)нинг Сиёсий ишлар буйича бўлими кўмагада ташкиллаштирилди. Намойиш маҳаллий вақт билан соат 11:00 дан 13:00 гача давом этди. Намойишчилар қўлларидаги плакатларда норвег тилида ёзилган турли чақириқлар бўлиб, плакатларда бегуноҳ одамларни ўлдиришни тўхтатиш талаблари бор эди. Намойишчилар БМТ каби ташкилотлардан, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳукуматидан ўзбекларни ҳимоя қилишга тезроқ бошлашни ҳам талаб қилдилар.

Намойишчилар орқа фонида, қонли фожеаларни акс эттириб турган турли рангли суратлар ёпиштирилган кўргазма тахтаси, йиғилган одамларнинг диққатини ўзига торди.

Намойишчилар 2 соат давомида қонли фожеалар тўғрисида битилган информацион нутқни қайта-қайта такрорлаб, овоз кучайтиргичлар орқали эълон қилиб турдилар. Намойиш Норвегиянинг “NRK 1” телевидениясининг 16.06.2010 й. соат 18:40 даги “Янгиликлар” дастурида эфирга узатилди. Телевидениядан ташқари, “Adresseavisen”, “Trønder-Avisa”, “Levanger avisa” газеталари журналистлари ҳам намойишдан репортажлар таёрлашди.

Намойишчилар, Левангер ҳокимияти коммунаси Сиёсий ишлар буйича бўлимига ўзбекларнинг бошига тушган шундай фожеаларида ёнма-ён туриб, қўллаб-қувватлаётганлари учун чексиз миннатдорчилик изҳор этадилар.

Билолиддин Низом

“Stans folkemordet!” – gruppe for fred”
гуруҳи матбуот бўлими

16 июнь 2010 йил
Левангер, Норвегия

Таҳририятдан: Расмдаги тоғни толқон қиладиган ўзбек-қирғиз ёшларини кўриб ҳавас қилиш мумкин. Аммо, тасаввур қилинг, бу ўзбек-қирғизлар гуруҳи елкасига шинелини ташлаб, Қирғизистоннинг жанубида экстремистларнинг адабини бериб қўйиш, тинчлик ўрнатиш учун йўлга чиққан пайтда расмга тушса эди, Марказий Осиёнинг келажаги учун хотиржам ҳам бўлардик.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону