14 June 2010
23:12 - Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси Баёноти
2005 йил март ойида Қирғизистонда содир бўлган биринчи давлат тўнтаришини кўпчилик "демократик революция" сифатида қабул қилиб, ҳатто, қирғиз халқини табриклаган эди. Мен ўшанда инсонларнинг моҳиятидан қатъий назар шов-шувлар ва ўзгаришларга бунчалар ўчлигини ва бу иштиёқ ўша кўпчилликни ёппасига шабкўр қилиб қўйишини кўриб, ҳайратдан тонг қолгандим. Афсуски, ўшанда жамоатчилик ўша тўнтариш ташкилотчиларининг талқинига лаққа тушиб фожеани қутлаган эди.

Тўнтариш содир бўлиб, Аскар Акаев расман истефо бераётган чоғда айтган гаплари сира ёдимдан чиқмайди. Ўшанда у "Измингизда етарли милиция ва армия бўла туриб, нега исённи куч билан бостиришга уринмадингиз? " деган саволга "Бу тўнтариш ташкилотчиларига демократия эмас, мана шу президентлик курсиси керак. Аммо, мен учун бу курси бирор бир қирғиз жисмидан томган бир томчи қонга ҳам арзимайди. Тинчлик учун шу керак бўлса, мана олишсин!" деб жавоб берганди.

Шов-шувдан қулоқлари битиб, кўзлари шабкўр бўлиб қолган халқ ўшанда ўзининг Аскар Акаевга эмас, балки демократик келажакга қўл кўтарганини англамади.

Ўшанда интернет саҳифаларида тўлиб тошган қутловлар ичида бизнинг "Қирғизлар Марказий Осиёдаги ягона демократик давлат фаолиятига нуқта қўйишди. Бу революция эмас, балки давлат тўнтаришидир. Бу халқнинг қора кунлари энди бошланади" деган афсус тўла муносабатимиз ҳам тарқатилган ва биз одатдагидек яна иддаолар остида қолгандик.

Ўшандан бери бу халқ кўп савдоларни: демократия, тўнтариш ва яна тўнтаришларни бошидан кечирди. Афсуски, қирғизлар ўзлари ғалаба деб эришган натижалар аслида чин фожеа эканлигини англаган бўлсада, ҳали ҳам тўла эътироф этишгани йўқ.

Қирғиз халқи шуни истаганмиди? Бу тўнтаришлар аслида кимга керак бўлгани учун содир бўлмоқда? Давлат ҳокимиятини эгаллаш учун амалга оширилган тўнтариш нима учун мамлакатда азалдан яшаб келаётган миллатлар аро адоватга, қирғинга айланиб бормоқда? Содир бўлган бу фожеаларда ўзбекларнинг қандай айби борки, улардан ўч олишга киришсалар?

Қирғизистон ўзбекларига қарши амалда бошланган қатли омнинг ижрочилари кимлиги аниқ, аммо, ташкилотчи ким? Кўзи қонга тўлган оломоннинг қўлига ким қурол бераётир? Асл қиёфасини кўрсатишни истамаётган, аммо, кўланкаси намоён бўла бошлаган бу қудратли ташкилотчи муддаосини қачон ошкор этади?

90- йилларнинг бошида Тожикистонда содир бўлган "революция" сўнгида ҳам негадир тожик халқи ўзбеклардан ўч олишга киришиб кетган ва икки ўртада ўн минглаб бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилган эди. Ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам бу биродаркушликнинг асл сабабини ҳеч ким тушунтириб бера олмаган.

Айнан шу йили Фарғона водийсида сал кам эллик йилдан бери тинч тотув яшаб келган ўзбеклар ва месхети турклари орасида чиққан нифоқни аслида ким, нима мақсадда ташкил этганди?

Айнан шу йили андижонликлар устига тўсатдан бостириб келиб, қирғин бошлаган қирғизлар кимнинг қутқуси билан, нима мақсадда уруш сўқмоғига қадам қўйганди?

В.В.Жирновский шу йил май ойида оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида Тожикистон ва Қирғизистон республикаларининг солиҳияти давлатчилик мақомига муносиб эмас. Бу республикаларни бирлаштириб, тўққизинчи округ сифатида Россия федерацияси таркибига қўшиб олиш керак деган гапини жамоатчилик навбатдаги сиёсий ҳазил деб қабул қилганди. Аммо, Россия президенти ваколатли вакили сифатида исёнлар ва тўнтаришлар бўйича йирик мутахасис генерал Рушайлонинг Қирғизистонга жўнатилиши ва кўп ўтмай бу мамлакатда бошланган тартибсизликлар Жириновскининг бу сафар ҳазиллашмаганидан далолат беради.

Аслида шуҳратпараст, худбин сиёсатчиларнинг қутқуси билан кўчага чиққан оломоннинг кучини маҳаллий ўзбекларга йўналтиришдан мақсад нима?

Жуда кўп фикралар ичида иккитаси асослироқ кўринади.

1. Миллий низо биринчи ўринга чиқса, қалтираб турган муваққат ҳукумат бемалол нафас ростлаб, ҳатто, асоссиз миллий қарама қаршиликни бартараф этишга киришиши ва шу йил билан ўзининг лигитимлигини далиллаб олиши мумкин.

2. Биринчи мақсадга эришиш баробарида миллий низони қўшни Ўзбекистонга кўчириш, мамлакатдаги барқарорликни издан чиқариш эвазига ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиш.

Умуман жанубда Россия федерациясининг 9-округига тартиб бериш учун мазкур республикаларнинг мустақил давлатчилик солиҳияти жиддий шубҳа остида қолиши шарт.

Аммо, қирғизи халқи А.Акаев президентлик қилган биринчи ўн йил давомида ўзининг давлатчилик солиҳиятини намоён этиб, демократик моҳияти билан регионда эталон даражасига кўтарилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада Ўзбекистон ҳақида гап кетадиган бўлса, ҳеч қандай шак шубҳага ўрин йўқ.

"Эрк" демократик партияси миллат эркига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай кучга қарши курашишни ўзининг бирламчи вазифаси ва бурчи деб билади.

Биз қирғиз халқига ишонамиз ва бу халқнинг навбатдаги синовдан муваффақиятли ўтиб, ўзининг давлатчилик суверенитетини асраб қолишига асло шубҳа қилмаймиз.

"Эрк" демократик партияси раиси Самад Мурод
14.06.2010

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону