09 June 2010
16:26 - Номусига тегиш билан қўрқитиб иқрорлик олинган қашқадарёлик қизнинг иши апелляцияда кўрилмоқда
Шу йилнинг 30 апрелидаги хабарларимизда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига таяниб, қотиллик бўйича очилган жиноят иши тергови даврида Қашқадарё вилояти ИИБ мулозимлари томонидан номусига тажовуз қилиш билан қўрқитилиб, зўраки иқрорлиги олинган қиз воқеаси ҳақида ҳикоя қилгандик. Хусусан, маҳкума судда Қашқадарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Анвар Зиёдов, Нишон тумани прокуратураси терговчиси Шавкат Файзиев ҳамда яна икки нафар миршабнинг уни ечинтириш, оёқларини икки томонга айириш ва номусига тегишга уриниши ҳолатини баён қилгани борасида ёзгандик.

Ўтган йилнинг 15 декабрида Нишон тумани “Оқ олтин” жамоа хўжалигидаги яйдоқ далада эри Улуғбек Норбоев ҳамда унинг жазмани Феруза Бўриева томонидан аввал ўлдирилиб, сўнгра ёқиб юборилган Ҳалима Шеронова ҳодисаси юзасидан гумонланиб қамоққа олинган Шоҳиста Махсумова 15 йилга озодликдан маҳрум қилингани, у қиз “Эзгулик”нинг маҳаллий бўлими фаоли, шоир Азамат Махсумовнинг фарзанди эканини таъкидлагандик. Ҳозирда ана шу иш апелляция босқичида, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида кўрила бошланди. Шоҳиста номусига тажовуз қилиш воқеаси юзасидан судда кўргазмалар бермоқда. Судга ваҳший миршаблар ҳозирча келтирилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, тергов даврида номусга тегиш билан боғлиқ ҳодиса одатий ҳолга айланмоқда. Масалан, ўтган йилнинг майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ миршаблари томонидан Райҳон Соатова, ўтган йилнинг ёзида эса хоарзмлик Холисхон исмли 18 яшар қиз зўрланган ва бу ваҳшийликларнинг ҳосиласи бўлган бир ўғил ва бир қиз Тошкент вилоятидаги аёллар қамоқхонасида улғайишмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону