09 June 2010
11:55 - Нурсултон Назарбой Осиёда ташкилот тузиб, уни ЕХҲТ билан бирлаштиришга киришди, Ислом Каримни Остонага стажировкага юбориш вақти келди
2002 йилда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбойнинг ташаббуси билан Остонада тузилган ва Осиёнинг ЕХҲТси деса бўладиган ташкилот - Осиёда Ҳамкорлик ва Ишонч Кенгаши (ОҲИК) кеча Истанбулда навбатдаги, учинчи саммитини ўтказди.

Бу ерда нутқ сўзлаган Нурсултон Назарбой ОҲИК ва ЕХҲТнинг бирлашган форумини тузишни таклиф қилди. Осиёнинг 22 давлати, 90 фоиз ҳудуди, айни замонда, ер юзи аҳолисининг ярми яшайдиган мамлакатларни бирлаштирадиган ОҲИК билан таъсир кучи ҳаммага маълум бўлган ЕХҲТнинг битта форумда бирлаштирилиши – континентал хавфсизлик учун замин яратишини таъкидлади.

Қозоғистоннинг келажагини ўзгартириб юброган Остона шаҳрини яратаётган, бугун етарлича таъсирчан бўлмаса ҳам келажакда муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган ОҲИКдек ташкилотга асос солган, Қозоғистонга ЕХҲТнинг раислигини олиб берган Нурсултон Назарбой ОҲИК-ЕХҲТ форумини ҳам тузишга эришса керак. ОҲИК-ЕХҲТ форуми БМТдан кейинги энг обрўли ташкилотга айланиши мумкин.

Қозоғистон президенти билан солиштирсак, ўзимизнинг Ислом Каримнинг нақадар ғариб ҳолда эканлиги очиқча кўриниб қолади. Нурсултон Назарбой янги шаҳар яратар, тарихда из қолдирадиган ташкилотлар тузиб юрар экан, Тошкентда қурдирган қандайдир Халқаро форумлар саройи билан мақтаниб юрадиган, халқаро майдонда биронта из қолдирадиган иш қилолмаган Ислом Карим бир неча йил аввал Афғонистон ва унинг қўшни мамлакатлари ҳамда АҚШ, Хитой, Россия иштирокида тинчлик конфернцияси ўтказишни таклиф қилган эди, унга ҳалигача биров эътибор ҳам бермади.

Асрлар бўйи Марказий Осиёда етакчилик қилган ўзбекларни тарих йўлларининг четига чиқиб қолишига сабабчи бўлаётган Ислом Каримни Остонага стажировкага юбориш вақти келмадимикан? Ҳам шаҳар қуришни ўрганиб келарди, ҳам халқаро миқёсдаги ташаббуслар билан ўртага чиқишни.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону