19 May 2010
23:50 - Қирғизистонда яна қон тўкилмоқда, «Ҳаракат» сайтининг башоратлари тўла амалга ошар экан, Вақтли ҳукумат нимани ўйлайди?
Бугун эрталаб Жалолободда бошланган оммавий намойишлар пешиндан кейин қонли тўқнашувларга айланиб кетди. 100 дан ортиқ киши ярадор бўлди, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий хабарига кўра, 2 киши ҳалок бўлди, оғир ярадор бўлиб, реанимация бўлимига ётқизилганлар бор. Мустақил хабар воситалари камида 5 киши ҳалок бўлганини айтмоқдалар.

Қирғиз ахборот воситалари жараёнларни яна ҳам оловлантирмаслик ниятида бўлса керак, воқеаларнинг миллий тарафини, яъни воқеалар ўзбек-қирғиз қарама-қаршилигига айланиб кетганини жуда эҳтиёткорлик билан ёзмоқдалар.

Воқеаларнинг моҳияти қуйидагича. Ўзини Қирғизистоннинг жанубидаги ўзбеклар диаспорасининг лидери қилиб кўрсатишга уринаётган Қодиржон Ботиров очиқча Вақтли ҳукумат тарафини олди. Аммо бу минтақада президент Боқиевнинг тарафодорлари қирғизлар ичида кўпчилик эканлигини унутди. Унинг Вақтли ҳукуматни қўллаб-қувватловчи сўзлари истаса-истамаса Вақтли ҳукуматга қарши бўлган қирғизларда мутлақо бошқача ассосиациялар, миллий ассосиациялар уйғотиши мумкинлигини тушунмади. Ҳатто, айнан Вақтли ҳукуматга ёқиш ниятида эс-ҳушини ҳам йўқотиб қўйган Қодиржон Ботировнинг одамлари Қурмонбек Боқиев ва унинг яқинларининг уйларини ёқиб юборишди, деган гаплар тарқалди. Шулар сабабли, Вақтли ҳукуматни қўллаб-қувватлаш масаласи ўзбек-қирғиз конфликтининг ривожланишига йўл очди.

Ўзбек диаспораси лидерлари, хусусан, Қодиржон Ботиров юзаки сиёсат олиб бораётгани, воқелар ўзбекларнинг зарарига айланиб кетиш мумкинлиги бизнинг сайтимизда 10 ва 14 апрелдаги хабарларга берилган комментарийларида очиқча ифода этилган эди. Масалан, 14 апрелдаги хабаримизда қуйидагича сўзлар бўлган: “Ҳозир жалолободлик ўзбеклар номидан корчолонлик қилаётган, баёнотлар бераётган аллақандай Қодиржон Ботиров эс-хушини қанча тезроқ йиғиб олса, ўзбекларга шунча яхши бўлади.”

Бугун Жалолободда бўлаётган митинг қатнашчилари (уларнинг сони 5-10 минггача чиққани ва уларнинг кўпчлиги қирғизлар эканлиги айтилмоқда) Вақтли ҳукумат тайинлаган вилоят ҳокими Бектур Асановнинг ишдан олишни талаб қилишаётгани, айни замонда, улар Қодиржон Ботиров қурдирган ва ўзи ректор бўлган Халқлар дўстлиги университетини қуршаб олиб, университет биносини штурм ҳам қилишга ҳаракат қилишгани кўрсатмоқдаки, “Ҳаракат” сайти мухбирларининг анализ ва хулосалари мутлақо тўғри бўлган.

Жалолободга келган Вақтли ҳукуматнинг расмий вакили Исмоил Исоқов низо қилаётган тарафларнинг вакиллари билан учрашаётгани расмий хабарларда айтилди. Табиий, гап энди ўзбек-қирғиз низоси ҳақида кетмоқда.

Расмий хабарларнинг охиргисига кўра, бир соатча аввал Жалолобод шаҳри ва вилоятнинг Сузоқ туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону