Бугун Олмаота Аграр Университетиди машҳур қозоқ ёзувчиси Ўлжас Сулоймоновнинг 74 йиллигига бағишланган студентлар билан учрашув бўлди, деб хабар беради Казинформ агентлиги. Студентлар Ўлжас Сулаймоновнинг машҳур асарларидан парчалар ўқишибди, уни олқишлашибди.
Ўлжас Сулаймоновнинг ўзи эса, инсониятнинг, адабиётнинг бугунги муаммолари ва маданиятлар тўқнашуви ҳақида гапириб, бозор иқтисодиёти туфайли янги авлод шоирлари ҳалок бўлишаётгани ҳақида кўз ёшлари тўкибди, “Адабиётни қутқарайлик, санъатни қутқарайлик!” дея хитоб қилибди.
Мен Ўлжас Сулаймонни шахсан танийман, қайта қуриш йиллари Турк халқлари ассамблеяси тузиш масаласи бўйича ҳамкорлик ҳам қилганмиз, дейди “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат. Кейинчалик тушундимки, у демократия деган тушунчадан жуда узоқ, тўғрисини айтсак, рус тилида ижод қиладиган улуғ шоир, аммо ибтидоий қозоқ миллатчиси. Шу сабабли, СССР йиқилиб, Қозоғистон мустақил бўлгандан кейин, Нурсултон Назарбой тарафидан аввал Италияга элчи, сўнгра ЮНЕСКОга Қозоғистоннинг вакили қилиб жўнатилганда, у қозоқларни, уларнинг адабиёти ва келажагини ҳам унутиб, Европа мамлакатларида ҳаётнинг гаштини сурди.
У энди адабиётнинг келажагини ўйлаб қолгани кулгилидир. Айнан, ўз исмидан русча “ов”ларни ҳам отишга журъат этмаган Олжаслар туфайли адабиёт битмоқда. Чунки, бундай “адабиётчиларга” ишонч йўқолди. Умид қилардимки, Ўлжас Сулаймонов 75 йиллик юбилейига Ўлжас Сулаймон бўлиб келади ва жамиятнинг ривожаланиш йўли фақат ва фақат демократия эканлигини эътироф этади.