28 April 2010
21:36 - Қозоғистон Бош вазири Хитойга кетмоқда, бизнинг Бош вазир мамлакат ичида ҳам кўринмайди
Бу мамлакатнинг расмий ахборот воситалари Бош вазир Карим Масиевнинг ишчи ташриф билан Хитой Халқ Республикасига кетаётганини хабар қилдилар. 29 апрелдан 1 майгача давом этадиган ташриф доирасида Қозоғистон Бош вазирининг Хитойнинг раҳбарлари, жумладан Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзиньтао билан учрашуви режалаштирилган.

Қозоғистон ҳукумати раҳбарининг бу ташриф доирасидаги асосий мақсади Шанхайда ташкил этилаётган «ЭКСПО-2010» жаҳон кўргазмасининг 1 майдаги очилишида иштирок этиш. «Энг яхши шаҳар – энг яхши ҳаёт» шиори остида ўтказиладиган бу кўргазмада 192 мамлакат ва 50 халқаро ташкилот иштирок этади.

Кўргазманинг очилиш маросимида қатнашиш учун ўнлаб давлатлар раҳбарлари ва таниқли сиёсатчиларнинг келиши кутилмоқда. Хитой раҳабари Ху Цзиньтао 30 апрелда меҳмонлар учун расмий қабул маросими ўтказади. Балки, Ху Цзиньтаонинг шу маросим доирасида Карим Масиев билан ҳам саломлашишини Қозоғистон ахборот воситалари Бош вазиримиз Ху Цзиньтао билан учрашади, деб тақдим этаётгандир.

Нима бўлганда ҳам, Қозоғистон Бош вазирининг шу каби муҳим саёҳатлари борлиги, давлатнинг расмий хабар агентлиги Казинформ Карим Масиевнинг кунлик фаолиятини тафсилотлари билан ёритиб бориши кўрсатадики, қозоқларнинг сиёсий саҳнасида Нурсултон Назабойдан бошқа шахслар бор. Бизда эса, бошқа даражадаги раҳбарларни қўйиб туринг, Бош вазир раислигида ўтказиладиган ҳукумат мажлислари ҳақида ҳар замонда бериладиган хабарларда ҳам Шавкат Мирзиёевнинг номи ҳатто тилга олинмайди.

Ўзбек номенклатураси бундай ҳолатга қаршилик кўрсатмасдан, ўзинни қуллар подасидек тутиши номенклатурачиларнинг камтарлигини эмас, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат қайта-қайта айтаётгандек, ўзбек жамиятининг ибтидоийлигини кўрсатувчи фактлардан биридир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону