12 April 2010
18:11 - Олмосбек Атамбаев Бишкекда матбуот конференцияси, Қурмонбек Боқиев ўз қишлоғида митинг ўтказди
Бир оз илгари Қирғизистоннинг расмий “Кабар” агентлиги биносида Вақтли ҳукумат раҳабари ўринбосари Олмосбек Атамбаев матбуот конференцияси ўтказди. У биронта янги нарса айтгани йўқ. Россия Вақтли ҳукуматни қўллаб-қувватлаётгани ва кераклича моддий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Президент Боқиевнинг қўли остида Бош вазир бўлиб ҳам ишлаган Олмосбек Атамбаев Қурмонбек Боқиевни назарда тутиб, “Қирғизистонда президент эмас, ўғрилар шайкаси” бўлганини айтар экан, бу “шайка” таркибида бўлган вақтида нимага жим турганини гапирмади, табиий, қирғиз журналистларидан биронтаси унга буни эслатмади.

У Вақтли ҳукуматни тан олмаётган АҚШдан аламзада эканлигини ҳам яширмади, Манасдаги америкаликларнинг базаси имкон борича тезроқ тугатилишига ишора қилди. Яъни, янги ҳукумат русларнинг назорати остида эканлигини яна бир марта исботлади.

Айни соатларда Жалолобод вилоятининг Ирис қишлоғида (Қурмонбек Боқиев туғилган жой, бу ерда унинг уйи бор) 2 минг кишилик митинг бўлди, дейилади 24.kg агентлигининг хабарида. Бу ерда нутқ сўзлаган Қирғизистон президенти ўз тарафдорларини эртага вилоят марказида бўладиган митингга чақирди. У Бишкекдаги қон тўкилишида ҳеч қандай айби йўқлигини, тинч йўллар билан ҳокимиятни қайтариб олиш учун курашни давом эттиришини билдирди.

Россиялик журналист Вадим Дубновнинг ўзи ишлайдиган “Время новостей” интернет нашрида ёзишича, Қозоғистон Қурмонбек Боқиевни Қирғизистондан олиб чиқиб кетиш ҳақида музокаралар олиб бормоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг ичида ишончли манбалари борлиги билан танилган бу журналистнинг гапларида жон бўлса керак. Аммо эртага Боқиев Жалолободда катта митинг ўтказа олса, унинг ўзи Қирғизистонни тарк этишни истамаслиги мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону