14 March 2010
02:30 - “Эзгулик”: Сирдарёда судланаётган 67 нафар диндорнинг навбатдаги гуруҳига ҳукм ўқилди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бугун тарқатган 9-сонли релизи орқали жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди “Жиҳодчилар” диний радикал оқимига мансубликда айбланган 10 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқилганини маълум қилган. Мазкур диний радикал оқимнинг Ўзбекистондаги амири деб аталган Авазбек Соипов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг терроризм, конституциявий тузумига тажовуз қилиш, босқинчилик, жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш, жиноий уюшма ташкил этиш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатишда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилибди.

Гуруҳнинг 5 нафар аъзосига 14-15 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Яна 4 нафар шахс турли йилларга шартли равишда озодликдан маҳрум этилиб, суд залидан озод қилинган.

Аввалги хабарларимиздан ҳам маълумки, Сирдарёда судланаётган жами 67 нафар диндорнинг (бугунгилар билан қўшиб ҳисоблаганда) 29 нафари устидан ҳукм ўқилиб бўлинди. Жами 20 нафар шахс суд залидан озодликка чиқарилиб, 9 нафари 4 йилдан 16 йилга қадар муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Ана шу маҳкамаларни “Эзгулик”чилар кузатиб боришмоқда. Уларнинг таъкидича, суд жараёнлари жамоатчилик иштирокисиз, мутлақо ёпиқ ҳолатда ўтказилган. Суд жараёнлари даврида ўнлаб қуролланган соқчилар маҳкамани қўриқлаб туришди, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳатто суд биносига яқинлаштирилмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юқори инстанция судларини дастлабки маҳкаманинг камчиликларини тўғирлаб, инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига амал қилишга, миллий қонун ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида диндорларнинг ишини қайта кўришга чақирди.

Релизнинг тўлиқ матнини жамиятнинг расмий веб сайтида ўқийсиз - www.ezgulik.org

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону