13 March 2010
06:21 - Давлат Департаментининг Инсон ҳуқуқлари бўйича 2009 йил ҳисоботи ҳақида
Табиий, бизни Давлат Департаментининг расмий сайтида ўтган куни эълон қилинган ва ўша куни Ҳиллари Клинтоннинг иштирокида Давлат Департаментининг Демократия, Инсон ҳуқуқлари ва Меҳнат Бюроси раҳбари, Давлат Котибининг ёрдамчиси Майкл Познер (Michael H. Posner) тарафидан жамоатчилик вакиллари ва журналистларга тақдим этилган 2009 йил ҳисоботининг Ўзбекистон қисми қизиқтиради.

Тахминан 50 саҳифалик Ўзбекистон бўйича ҳисобот ҳар йилдагидек, “Ўзбекистон аҳолиси фалонча (бу йил 27,6 миллион дейилган – “Ҳаракат”) бўлган авторитар давлатдир” деган сўзлар билан бошланади.

Бизнинг сайт билан мунтазам танишиб борган одам учун ҳисоботда ҳеч қандай янгилик йўқ. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг топталиши, бегуноҳ одамларнинг қамалиши, қийноқларга солиниши ва ҳатто ўлдирилиши билан боғлиқ бўлган ҳамма ҳоллар санаб ўтилган, қамалган, қийноққа солинган ва ўлдирилганларнинг исмлари келтирилган.

Диндорларга босим, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш, аёлларнинг ҳуқуқи, одам савдоси каби мавзуларга кенг ўрин берилган.

Бу ҳисоботдан чиқарилиши керак бўлган асосий хулоса шундай: АҚШ авваллари каби Ўзбекистонда демократиянинг ривожланиши ва инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталиши билан боғлиқ бўлган ҳолларни диққат билан кузатиб бормоқда ва, бу ҳисобот ҳам исботлаётганидек, уларни ҳукуматнинг расмий ҳужжатларига киритмоқда. Демак, баъзи ўзбекистонлик демократ ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг АҚШ Афғонистондаги уруш масаласида Ўзбекистоннинг ёрдамига муҳтож бўлгани сабабли, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлариниг оммавий бузилишига кўз юмади маъносидаги хавотирликлари ўринсиздир.

Ҳеч шубҳа йўқки, АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини Давлат Департаменти ҳисоботидаги аҳволни инобатга олиб юритади, шу пайтгача ўзи ҳурмат қилиб келаётган қадриятлардан воз кечмайди. Бу - Ўзбекистон режими учун муҳим сигнал бўлиб, Ислом Карим у билан ҳисоблашишга мажбурдир.

Аммо, унутмайликки, Ўзбекистондаги аҳволни ҳеч ким тузатиб бермайди, бу ўзбек демократларининг вазифасидир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону