01 March 2010
02:39 - Пўлат Охуннинг яқинлашиб келаётган туғилган куни ва Ёдгор Обиднинг табрик шеъри ҳақида
Яқин кунларда “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг туғилган куни бўлади. Уни ўша куни алоҳида табриклаймиз. Бугун эса, шу муносабат билан тарихимизга оид баъзи воқеаларни эслашдан фойда бор, деб ҳисобладик.

Шоир Ёдгор Обид бир неча йил илгари Пўлат Охунга бағишлаб бир шеър ёзганди. У шеърини Пўлат Охунга юборар экан, унга ўз қўли билан қисқа хат ҳам илова қилган, бу шеърни кенг доирларда тарқатишни, уни албатта Абдурахим Пўлатга ҳам кўрсатишни ва “Харакат” журналида чоп этишни илтимос қилган эди. Ёдгор Обид хатида ўзининг “Исъён” ва “Бону” шеър тўпламларини Пўлат Охун ўз ҳисобидан китоб қилиб чиқаргани учун умурбод миннатдор бўлишини билдирган ва унга бахт-омад тилаб, Оллоҳдан Пулат Охунни қўллашини тилаб қолган эди.

Пўлат Охуннинг 40 ёшга тўлиши муносабати билан ёзилган Ёдгор Обиднинг ўша шеърини ўқувчиларимиз диққатига ҳавола қиламиз.

Ўйлаб кўрсам - олисга йўл солибмиз,
Ҳаёт экан – гоҳ бардам, гоҳ толибмиз.
Гарчи қанча алам тортдик, қанча ғам...
Дўстим, биз тирикмиз – демак ғолибмиз

Ниятимиз ҳолис, ҳаёл – кенг майдон,
Майдонга чорлади орзу ва иймон,
Сирқираб оғриса ҳамки ширин жон –
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Бухоро, Наманган, Тошкент ёқларда
Ёв бошлардан ажал сочган чоғларда
Ўлимларни қолдирганча доғларда –
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Замон қандай замон бўлди... бузилди,
Элим деган қамоқларда эзилди,
Дор сиртмоғи бўйнимизда узилди...
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Жаллодлар кўзига тикка қарадик,
Кўп олишдик, юрт ишига ярадик,
Мазлумларга мардлик руҳин тарадик...
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Биз кўтарган ғоя – буюк ғоядир,
Орзуларга, келажакка доядир,
Қолган бари ўткинчидир, соядир..
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Гирдингда юлдуздек фарзандлар ўйнар,
Ҳарбири мардликдан, бирликдан сўйлар,
Шулар бор – бўлажак ҳали кўп тўйлар...
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Қирқ ёш - ҳали умид тўла ёш эрур,
Неки қилсанг - тоза виждон бош эрур,
Ҳар ўтган кун ёв бошига тош эрур...
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Иншоолло, қайтмай ҳақнинг йўлидан,
Ёвга зарба бериб ўнгу-сўлидан...
Сўнг ош ермиз Насибахон қўлидан,
Дўстим, биз тирикмиз, демак ғолибмиз.

Таҳририятдан: Ёдгор Обиднинг шеърида тилга олинган Насибахон Пўлат Охуннинг турмуш ўртоғидир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону