27 February 2010
13:05 - Қозоғистоннинг ЕХҲТда ва Ўзбекистоннинг ШҲТда раислигини солиштирсак, ўзбек дипломатларининг масхарабозлигини кўрамиз
Қозоғистон ЕХҲТга раис бўлгандан кейин, бу мамлакатнинг халқаро обрўси кескин ортди. Ҳеч ким билмаган ва эшитмаган Қозоғистон ташқи ишлар вазири – Давлат Котиби Канат Саудабаев ҳамманинг тилида. Уни Европа Иттифоқининг президенти Херман Ван Ромпёй, АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон, Хитой бош вазири Вэнь Цзябао каби дунё танийдиган сиёсатчилар қабул қилмоқда. Қозоғистоннинг янги сифатдаги роли ва ЕХҲТ саммитини Остонада ўтказиш таклифи муҳим учрашувларда муҳокама қилинмоқда.

Табиий, ўтган йилдан бери Ўзбекистон раислик қилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг ЕХҲТ каби вазни ва обрўси йўқ. Аммо, уддаброн сиёсатчилар бу мавқеадан ҳам Ўзбекистоннинг фойдасига бир нарсалар чиқариши мумкин эди. Минг афсуски, Ўзбекистоннинг мавжуд ҳукуматида бундай уддаброн сиёсатчиларнинг ўзи йўқ. Шу сабабли масхарабозликни эслатувчи ғалабалар билан хурсанд бўлиб юришдан бошқа йўл йўқ. Мана, иккита мисол - Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига оид “Жаҳон” агентлиги рус тилида тарқатган иккита хабар.

25 февралдаги хабардан маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси Ўзбекистоннинг ШҲТдаги расилиги ҳақида брифинг ўтказибди, Ислом Каримнинг Екатеринбургдаги ШҲТ саммитида қилган нутқи ва ШҲТнинг самарадорлигини ошириш учун Ўзбекистон таклиф қилган ташаббуслар ҳақида маълумот берибди.

Ўзбекистоннинг ролини кўрсатиш учун ўтказилган тадбирга топилган жойга қаранг. Кунимиз Ашхободга қолибди-да!

“Жаҳон” агентлигининг кеча, 26 февраль куни тарқатган хабари ҳам аввалгисидан қолишмайди. Нимамиш, Қувейт матбуоти Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигига катта эътибор бераётган эмиш. Хабарга қараганда, «Аль-Васат» ва «Аль-Нахар» газеталари Ўзбекистоннинг ШҲТ раиси сифатида қилаётган оламшумул ишларига чапак чалувчи мақоллар эълон қилибди.

Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистоннинг яқин орадаги элчихоналари газета саҳифаларидан реклама учун жой сотиб олиб, ушбу мақолаларни чиқаришган. Чунки, Қувейтдек давлатда ШҲТ ва у ерда Ўзбекистоннинг раислиги билан қизиқадиган газета ўқувчилари борлигига фақат аҳмоқ одам ишониши мумкин.

Хуллас, дипломатларимиз Туркманистон ва Қувейт каби жойларда масхарабозлик даражасидаги тадбирлар ўтказишдан бошқа нарсага қодир эмаслар.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону