27 February 2010
00:33 - Тошкентда ядро хавфсизлигига бағишланган семинар бўлиб ўтди
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчилиги матбуот хизмати тарқатган хабардан маълум бўлишича,
шу йилнинг 25-29 январь кунлари Марказий Осиё давлатларида радиоактив материаллардан фойдаланишни тартибга солишга масъул бўлган ҳукумат идоралари вакиллари иштирокида ўша турдаги материалларнинг зарурий хавфсизлигини таъминлашни йўлга қўйишга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Уни АҚШнинг Ядро назорати комиссияси (ЯНК) ўтказди, ҳомийликни АҚШ ҳукумати қилди.

Семинарда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳри яқинидаги ядро реакторида тадқиқотлар олиб борадиган Ядро физикаси институти амалдорлари билан бирга уларнинг Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Украинадаги ҳамкасблари ҳам иштирок этди.

Семинарда радиоактив манбалар хавфсизлигини таъминлашни йўлга қўйиш масаласига кенг миқёсли ёндашувлар муҳокама қилинди, улар сирасига ўша моддаларни назорат қилувчи қонунлар, ташкилий структуралар, ходимларни ишга олиш ва ўқитиш, тартибга солувчи дастурлар ҳам киради.

Муҳокама этилган мавзуларнинг аксарияти радиоактив манбалар билан боғлиқ фаолиятни бошқариш ва тартибга солиб туриш борасида Халқаро атом энергияси агентлигининг (ХАЭА) ишлаб чиққан хавфсизлик принципларига дахлдор эди. ХАЭАнинг асосий вазифаси жамоат хавфсизлигини таъминлашдир, ушбу халқаро ташкилот ядро энергетикаси масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ҳисоб бериб туради.

Семинар Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ҳукуматлари ўртасидаги ядро ва радиоактив хавфсизликка кўмаклашиш борасида давом этаётган ҳамкорликнинг энг сўнгги тадбири бўлди. Декабрь ойида АҚШнинг Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти (МЯХМ) радиоактив манбаларни аниқлаш ва қўриқлаш бўйича тренинг ўтказган эди. МЯХМ 2006 йили 63 килограмм (139 фунт) юксак бойитилган уранни Ядро физикаси институтидан Россиядаги қўриқланадиган иншоотга олиб бориш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилган, АҚШ Энергетика вазирлиги эса радиоактив моддаларни сақлаш учун қўриқланадиган иншоот қуришда Ўзбекистонга ёрдам берган эди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар АҚШ ва Ўзбекистон аҳолисининг миллий хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат соғлигини сақлашда фойдалидир, дейилади хабарнинг якунида.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону