29 December 2009
11:45 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Тегирмон тўхтамайди”
Қурбон Эшмуродов билан Шаҳар Элмуродова Шўрчидаги таниқли хонадон соҳибларидан ҳисобланадилар. Қурбон Эшмуродов умрини таълим-тарбияга бағишлаган. Ҳозир ҳам катта коллежга раҳбарлик қилмоқда. Хотини Шаҳар Элмуродова эса кўп, жудаям кўп йиллар аввал район партия комитетида, сўнг Шўрчи туман ҳокимилигида хотин-қизлар қўмитасига раислик қилди. Абдулҳаким Хўшбоқович Эшмуродов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинлангандан сўнг Шаҳар Элмуродованинг мавқеи нафақат оилада, нафақат Шўрчи туманида, балки бутун вилоятда ошиб кетди.

Шаҳар Элмуродова Абдулҳаким Хўшбоқовичнинг янгаси бўлади, холос. Аммо кўпчиликка маълум бўлган гапларга қараганда, Абдулҳаким Хўшбоқовичнинг... шу даражага етишишига Шаҳар Элмуродова жуда катта хизмат қилган. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ҳам янгасининг чизиғидан чиқмаган ва шунинг учун ҳам вилоят ҳокими билан боғлиқ энг оғир масалалар бўйича ҳам ҳожатталаблар Шаҳар Элмуродова билан гаплашган ва шунинг учун ҳам кейинги тўрт йилда Шаҳар Элмуродованинг номи ишбилармонлар доирасида эҳтиром билан тилга олинар эди.

Ва, худди шунинг учун кейинги тўрт йил ичида Шаҳар Элмуродованинг якка-ю ягона ўғли, кўзининг оқу-қораси Абдураҳим Эшмуродов Сурхондарёдаги энг омадли тижоратчига айланди: халқ ичида «Абиш» лақаби билан машҳур бўлган бу йигитнинг тайини йўқ товари учун бирон ташкилотнинг ҳисоб рақамидан 50-100 миллион сўмни кўчириб кетиши бир пиёла сув ичишдай гап эди. Абдулҳаким Эшмуродовнинг ҳокимлик йиллари «Абиш»нинг жами товар обороти 4 миллиард сўмдан ошиб кетганди. Чунки унга туман ҳокимлари «брокер»лик қилишар, банк раҳбарлари ҳам унинг ишорасига мунтазир эди-да.

Ўзингиз ҳам билиб турганингиздек, Абдулҳаким Эшмуродовнинг вилоят ҳокими вазифасидан кетиши «Абиш»нинг фаолият кўламини бир кунда деярли йўққа чиқарди. Аммо унинг тўрт йилдаги тижоратчиликдан тўплаган тангаси қирқ йилга бемалол етишини ҳисобга олсак, фожеа ясашга асос йўқлиги маълум бўлади.

Умуман олганда Абдулҳаким Эшмуродов ҳам пул топишнинг замонавий усулларини кўп одамлардан яхши билар эди, дейишади. Масалан, у киши Сурхондарё вилоятига ҳоким бўлганларидан сўнг йўл ёқаларига бир неча миллион туп мевасиз, игна баргли кўчатлар экилди. Бозорда уларнинг ҳар қайсиси 250-300 сўм турар эди. Аммо 2004-2006 йилларда вилоятдаги йўлларнинг ёқаларига экилган ва сўнг ярмидан кўпи қуриб кетган арчасимон кўчатларнинг ҳар тупи 4-5 минг сўмдан харид қилинганлигини айтишади. Табиийки, бундай пайтда таъминотчилар саноқлигина фирмалар бўлади ва уларга зудлик билан миллиардлаб пуллар маҳаллий бюджетдан тўлаб берилган.

Абдулҳаким Эшмуродов замонида коллежлар қурилиши ҳам самарали йўлга қўйилди. Бир пудратчи бир йилда иккитадан коллеж қурар эди. Бу - 5 миллиард сўм пул деганидир. Вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Рамазонов 100 000 000 сўм пора билан қўлга олинди. Воқеадан яхши хабардор доиралар «У фақат ўзини ўйлагани учун шундай бўлди» дейишади. Тендерларда фақат саноқлигина қурувчиларнинг лойиҳани қўлга киритиши одамнинг хаёлини бошқа томонларга олиб кетади. Бир лойиҳа учун бўлажак ғолиб 200-250 миллион сўм пулни масалани ҳал қиладиган одамга олдиндан тўлаб қўйган. Масалан, Шўрчида Йўлдош совуқ деган бир қурувчининг бисотида битта ГАЗ-31 машинаси бор, аммо йил бўйи коллеж қуради. Баъзи ҳолларда бирваракайига икки жойда қурилиш олиб боради. Айтишларича, Абдулҳаким Эшмуродов Деновда ҳоким бўлиб юрган йиллари Йўлдош совуқ билан тил топишиб қолган экан. Ҳозир ҳам Абдулҳаким Эшмуродов вилоят ҳокимлигидан кетгани билан, у экиб, вояга етказган дарахтлар соя солиб, ҳосилга кириб қолди. Бундай ҳаракатларнинг самаралари бир неча миллиард сўм сиғадиган халтага ҳам жойлаштириб бўлмайди.

Абдулҳаким Эшмуродов эккан дарахтларнинг сояси қанчалик қалин бўлгани билан энди бу сояларнинг ҳузурини бошқалар кўради - ҳаётнинг темир қонуни билан муроса қилмасликнинг иложи йўқ. Абдулҳаким Эшмуродовнинг вилоят ҳокимлигидан кетганлиги унинг ўзидан кўра «Абиш» билан янгаси Шаҳар Элмуродовага билиняпти. Гап шундаки, Шаҳар Элмуродованинг Хуршида деган кенжа қизи термизлик алпдай бир йигитни пичоқлаб ўлдириб қўйди. Шунинг учун дарровгина қизни қамоққа олишди.

Аслида Хуршида алпдай бўз йигит у ёқда турсин, чумчуқни ҳам сўйишдан сесканади. Лекин негадир оилавий кенгашнинг қарори билан йигирманинг нари-берисидаги Хуршида қотилликни бўйнига олди. Ҳамма бало шунга урсин, дегандир-да. Энди айтинг, агар Абдулҳаким Эшмуродов ҳоким бўлиб турганда Хуршида қотилликни бўйнига олармиди, асло! Термизлик йигит Шўрчига келиб, Ойдин опасининг уйида Хуршиданинг қучоғида ўзини ўн беш жойидан пичоқлаган, кўп қон йўқотиш натижасида ўлган. Хуршида ҳам бундан аввал пичоқланган одамни кўрмагани учун ҳушидан кетиб қолган, шунинг учун вақтида доктор чақириш эсига келмаган деганга ўхшаш хулоса чиқариларди-да, қотиллик ўз жонига қасд қилиш ҳаракати билан ёпиб юборилар эди. Бунинг учун шундай-шундай қилинглар, деб вилоят ҳокими прокурорларга айтиб ўтиришига ҳам хожат йўқ. Терговчиларнинг ўзи шундай-шундай қилдик, деб ундан суюнчи олишар эди.

Чунки бундай воқеа Абдулҳаким Эшмуродовнинг ҳаётида илгари ҳам бўлган. Денов туманига ҳоким бўлиб келганининг иккинчи йили ғалла ўрими пайти «Савдогарбанк»нинг хизмат машинаси «Тико» билан ўн уч яшар қизни уриб кетди. Бутун ҳокимият, ҳокимнинг ёнидагиларнинг ҳаммаси оёққа туриб, қизни тирик қолдириш учун жуда қаттиқ курашишди. Бўлмади. Сўнг бу аварияни «Тико»нинг рулида ўтирган ҳокимнинг Хўшбоқ деган шофёри қилган, деб ҳужжатлаштиришди. Албатта, Абдулҳаким Эшмуродов шундай-шундай қилинглар, деб терговчиларга бир оғиз ҳам айтгани йўқ. 13 ёшли қизни босиб кетган «Тико»нинг рулида ҳокимнинг шофёри бўлган деган иборани ДАН ходимларининг ўзлари ўйлаб топишди. Бунга жавобан Абдулҳаким Эшмуродов бу гап нотўғри ўша куни «Савдогарбанк»нинг «Тико»сини мен ҳайдаб юрган эдим, ўлган қизни мен босиб кетган эдим...” демади, холос. Ҳокимнинг «Тико» билан бир қизни босиб ўлдирган бутун Деновга, ҳатто қўшни туманларга ҳам овоза бўлди. Ҳамма энди нима бўлар экан деб турган эди, ҳеч нарса бўлмади.

Шу тариқа Абдулҳаким Хўшбоқович тутқунга айланди - гапга етар раҳбарларнинг бировига ҳам қаттиқ гапиролмайдиган бўлиб қолди. Менинг соғ онамни сўкканингда, сенинг ғар онангни аяб ўтираманми, деган мақолга Деновда жуда қаттиқ амал қилишади. Ўз қўли билан ҳеч кимга озор бермагани учун деновликлар ҳам унинг авариясини дастурхон қилиб ўтирмадилар.

Тўғри, орадан бироз вақт ўтиб ҳокимнинг аварияси бости-бости қилиб юборган туман ДАН бошлиғини хизмат текшируви чоғида ишдан олиб ташлашди. А.Эшмуродов вилоятга ҳоким бўлгач, ҳалиги ДАН бошлиғига Шерободдан яхши иш берди.

А.Эшмуродов қорани оқ деб, унинг кунига яраганларни кейин ҳам эсидан чиқармади. Масалан, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилган аттестация натижалари билан Деновдаги ҳамма банкларнинг раҳбарлари эгаллаб турган вазифаларига нолойиқ деб топилди. Аммо ўша «Тико»нинг соҳиби Абдимўмин Эшмуродовга гард қўнмади.

А.Эшмуродов вилоятга ҳоким бўлиб ўтгандан сўнг қичийдиган жойини бир неча кун илгари қашиб қўядиган деновликлар туман ДАН архивидан ўша «Тико» босиб кетган аварияга доир бирламчи ҳужжатларни излаб кўришди, аммо унинг изини ҳам топишолмади. Умуман олганда А.Эшмуродов жуда тўғри қилган, чунки ҳар қандай жиноятнинг эскирмаслигини бошқаларга қараганда бу одам яхши билади. Турган гапки, А.Эшмуродов ҳозир Сурхондарё ҳокими бўлиб турганида Хуршида ўзи қилмаган қотилликни бўйнига олиб, қамоқда ётмаган бўлар эди.

Қотиллик содир этилган куниёқ парданинг орқасида турган ва ўзини кўплардан ақлли деб ҳисоблайдиган айрим кўзга кўринмас одамлар Хуршидани наркоманга, ҳатто жиннига чиқармоқчи бўлишди. Аммо ҳозирча бу тадбирлар яхши самаралар бермайди. Яқинда бу тафсилотлардан яхши хабардор бир одам билан салгина баҳслашишга тўғри келди.

- Хуршида қотилликни бўйнига олаётганда ота-онаси ҳамма ишни тўғирлаймиз, деб ишонтирган экан. У бир ойдан бери қамоқда. Ҳамма шароит яратиб берилганда ҳам меҳмонхона билан камера ўртасидаги фарқ сақланиб қолади. Шундай бўлгандан сўнг Хуршида терговчига ҳамма гапнинг тўғрисини айтса нима бўлади?

- Айтган билан терговчи... эшитмайди.

- Шундай бўлиши мумкинми?

- Пул дарёда сузиб юрган балиқни қизиб ётган қозонга солади.

- Ҳозир «Абиш», ота-онаси Хуршидани узоқ муддатли қамоқ жазосидан қутқариб қолиши учун имкон борми?

- Бор.

- Қандай қилиб?

- Бунинг учун Чуқурсойга бориб гаплашиш, олдиндан духтирларга пул бериш керак. Агар улар Ҳуршида касал деган қоғоз берса, у икки йил жиннихонада ётади. Кейин индамай уйига келади.

- Бунинг учун қанча пул керак бўлади?

- Ўн минг... доллар.

- «Абиш» бунинг учун юз минг ҳам беришга тайёр.

- Пули шунчалик кўпми?

- Ахир у тўрт йил Сурхондарёданинг тегирмонини айлантириб турди. Бундан ташқари агар синглиси айбни бўйнига олмаса, «Абиш»га қийин бўлади.

- Нега?

- Чунки ишни Абиш қилган-да!

- Тўғри,ҳамма шундай деяпти.

- Индаманг, ҳаражат қилсин. Абиш қамалиб кетгани билан Шўрчи кенгайиб қолармиди!

- Бу гапингиз ҳам тўғри.

Алқисса, Хуршида «Дод!» деганича узоқ муддатга қамалди. Унинг акаси Абдурайим Эшмуродов эса тадбиркорликни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига кўчирди, чунки Абдулҳаким Эшмуродов Ўрта Чирчиққа прокурор бўлиб кетди. «Абиш»нинг... тегирмони яна гумбирлалаб ишга тушди - ош бўлсин!

Айтмоқчи: яқинда Хуршида ойдай бўлиб уйига қайтади, бу ҳақда ҳам одамлар гапиряпти!

Шариф Алиев

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону