15 December 2009
01:32 -
Бугун Андрей Сахаров вафот этганига 20 йил бўлди

1921 йил 21 майда туғилган Андрей Сахаров 1942 йилда уруш туфайли Ашхабодга кўчган Москва Давлат Университетини битирди. 1945 йилда СССР Фанлар Академиясининг аспирантурасига кирди, шу ерда аввал кандидатлик, кейин докторлик диссертацияси (1953 йил) ёқлади. Доктор бўлган йили Фанлар Академиясининг академиги бўлди. 1948 йилда термоядровий қуроли устида ишлайдиган гуруҳга қўшилди. Шу соҳада ишлаб шон-шуҳратга эришган Андрей Сахаров, 50-чи йилларнинг охиридан термоядровий қуролларини синашни ва ишлаб чиқаришни таъқиқлаш лозимлигини гапирабошлади. Чунки у, қуролланиш пойгаси одамзоднинг зарарига ишлашини тушунди ва бутун умри бўйича шу тушунчани ўзи билан ташиди.
Айнан шу тушуниш ва тушунчалар таъсирида Андрей Сахаров ҳуқуқ ҳимоячисига айланди, демократик жарёнларни ривожлантириш учун кураш бошлади. Коммунистик режимнинг бутун босимларига қарамадан йўлидан қайтмади. Михаил Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати - Андрей Сахаров ва у каби инсонларнинг талабига жавоб ҳамда уларнинг иродаси олдида чекиниш эди. Сахаров ва у каби буюкларнинг буюклиги шунда.
Андрей Сахаров 1988 йилда Горбачев атрофида ҳали таъсирли бўлган реакционарларнинг бутун қаршиликларига қарамасдан ва халқнинг кучи билан СССР Халқ депутатлари қурултойига аъзо этиб сайланди, Совет парламенти ичида биринчи марта мухолиф гуруҳ – Регионлараро Депутатлар Гуруҳини тузувчилар ичида бўлди, бу гуруҳнинг раисдоши бўлди. Бу гуруҳга фақат бир ўзбек депутати – ҳозир “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари бўлган Пўлат Охун кирди.
Андрей Сахаров СССРда демократиянининг ғалабаси учун кураш йўлида парламент минбаридан эҳтирос билан фойдаланди. У ўлимидан бир неча кун аввал КПССни тақиқлаш чақириғи билан чиқиб, мардлигини яна бир марта намойиш қилди.
Аммо, бу оғир курашга ҳатто афсонавий инсоннинг юраги ҳам дош беролмади. Бундан роппа-роса йигирма йил аввал шу соатларда Андрей Сахаровнинг юраги тўхтади.
Сахаров кабиларнинг кураши қанчалик мардлик бўлгани Россиянинг бугунги аҳволидан ҳам кўриниб турибди. Путиннинг режими Сахаровлар бошлаган жарёнларни тўхтатиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.
Ишонамизки, Сахаровнинг издошлари охир-оқибатда ғалаба қозонишади, айнан шу ғалаба - Андрей Сахаровга қўйилган ҳақиқий ҳайкал бўлади.