24 October 2009
21:29 - Ислом Каримнинг янги китобини ўқиш керак, у Ўзбекистон остига секин портлайдиган қандай бомбалар қўйди экан?
“Ўзбекистон” нашриёти “Жаҳон молиявий-иқтисодий кризиси ва уни Ўзбекистон шароитида тузатиш йўллари ва усуллари” номли китобни 1056 нусҳада чоп этди, деб хабар беради Узинформ агентлиги Ўзбекистон матбуот ва информация агентлигига асосланиб. Унга Ислом Каримнинг яқинда шу ном остида чиқарилган китобининг материаллари ва ҳукуматнинг ўзи тарафидан уюштирилган халқаро илмий-амалий конференция қатнашчилари тарафидан Ислом Каримнинг оламшумул ижодига аъло баҳо берувчи нутқлари киритилибди.

Биринчи навбатда эътибор берилиши керак бўлган нарса – китобнинг жуда оз нусҳада босилиши. Демак, унинг ҳеч кимга керак эмаслигини режимнинг одамлари ҳам тушунишади.

Яна тахмин қилиш қийин эмаски, Ислом Каримнинг китобини унга баҳо берувчи халқаро мутахассислар ҳам ўқишмаган. Аслида, дейди мухбиримиз, унинг нафақат бу китобини, балки, ҳамма китобларини ўқиб бориш керак. Ана шундагина, Ўзбекистоннинг ҳозирги аёнчли аҳовли тасодифий эмас, Ислом Каримнинг систематик олиб бораётган хато сиёсатининг натижаси эканлигини кўрамиз.

Ислом Каримнинг биринчи “оламшумул” китоби - “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” - 1993 йилда чоп этилганди. У ўша китобида бозор иқтисодиётининг асосларини тушунмаслиги ва унга ўтишнинг ашаддий душмани эканлигини исботлаб бўлганди. Ўзбекистоннинг тагига секин портлайдиган бомба ўша китобда қўйилган. Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳали ҳам маъмурий бўйруқбозликка асосланган иқтисод ҳукумронлик қилмоқда.

Ислом Карим - бир маҳаллар Госпланда ишлаганидан фойдаланиб, Халқ хўжалиги институтининг ҳам дипломини қўлга киритиб олган одам. Шунинг учун ўзини иқтисодни тушунадиган мутахассис деб ҳисобласа керак. Аммо унинг охирги китоби молиявий-иқтисодий кризисга бағишланганидан тушунса бўладики, у ўзини молия соҳасида ҳам мутахассис деб ҳисоблайди.

У молиявий соҳани қандай тушунишини 1990 йилда бўлган бир воқеа орқали кўрсатиш мумкин. Ўша йилнинг бошида СССРда пул алмаштирилди. Табиий, бу ишни Совет пулининг (рублнинг) хўжайини СССР Марказий банки бажарди. Ҳаммага икки ҳафта ичида эски пулни сберкассаларга топшириш мажбурияти юкланди.

Бу жуда қисқа вақт эди. Аммо пулнинг хўжайини - Марказий банк, уни айтганини қилмасдан бошқа илож йўқ. Бироқ, шу оддий нарсани тушунмайдиган Ислом Карим телеэкранлар орқали “мен пул алмаштиришга 4 ҳафта бераман” деб эълон қилди. Яъни, у “икки ҳафтадан кейин Марказий банк эски пулларни олмай қўйса, биз пулларимизни нима қиламиз” деб ўйлашга ҳам қурби етмайдиган одам.

Ўшанда “Бирлик” бу ишга аралашмасайди ва Ислом Карим тезда ўз сўзларини қайтариб олмаса, оммавий митинглар қилишга бошлашини айтмасайди, миллионлаб ўзбекларнинг пули куярди.Шуни ҳам айтиш керакки, икки кундан кейин Михаил Горбачев ҳам Марказий телевидение орқали чиқиш қилиб ва Ислом Каримни назарда тутиб “Баъзилар пул алмаштирига ортиқча вақт беришибди, икки ҳафтадан кейин эски пулларни ўзлари нима қилса қилаверсинлар, Марказий банк уларни олмайди” дегани ҳам тарихий факт.

Шунинг учун Ислом Каримнинг янги китобини яхшилаб ўқиш керак. У Ўзбекистон тагига секин портлайдиган яна қандай бомбалар қўйди экан?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону