21 October 2009
19:41 - Қирғизистонда давлат бошқарувида ислоҳотлар бошланди, яшин тезлигида Бош вазир алмаштирилди
Кеча Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев мамлакат парламенти ва ҳукумати аъзолари, Конституцион ва Олий судларнинг раислари, марказий ва маҳаллий ҳокимият ҳамда давлат корхоналари раҳбарлари иштирокида махсус йиғилиш чақириб, давлат бошқарув системасида ўтказиладиган ислоҳотлар масаласида доклад қилди.

Унинг нутқидан маълум бўлишича, ислоҳотлар уч асосий йўналишда бўлади:

- Мамлакатнинг бошқарув системасида: президент институти, ҳукуматнинг струтураси ва функциялари, ҳуқуқ-тартибот ва суд органларида ўзгаришлар бўлади, янги ҳарбий доктрина қабул қилинади.

- Иқтисод соҳасида: бюджетни тайёрлаш процедуралари ва бюджетнинг ўзи ўзгаради, ишбилармонлик ва бизнес учун шароит яратилади, ресурсларни ишлатиш самарадорлиги оширилади.

- маданият ва инсоний потенциални янгилашда: маданият, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳасида ислоҳотлар ўтказилади.

Қурмонбек Бақиев дарҳол ишни ҳукуматни реформа қилишдан бошлади ва кечанинг ўзиёқ Бош вазир Игорь Чудинов раҳбарлигидаги ҳукумат истеъфога чиқарилди. Бугун Бош вазир лавозимига шу пайтгача президент аппратининг раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Дониёр Усенов тайинланди.

Қирғизистон президенти ростдан ҳам кенг масштабли ислоҳотлар ўтказмоқчими ёки ислоҳотлар баҳонасида ҳамма даражадаги лавозимларга ўз одамлрини қўйиб, шахсий ҳокимиятини мутаҳкамламоқчими, деган саволга ҳали аниқ жавоб йўқ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону