20 October 2009
21:21 -
Яна бир ўзбек қотиллик айбномаси билан чет элда қамалди, ўзбек диаспорасининг бундай воқеалар билан қизиқишга ҳам имкони йўқ

Маълум бўлишича, Шаҳзод Мақсудов ўтган йилнинг август ойида Праганинг Ҳостиварж туманидаги ётоқхоналардан бирида Беларус фуқаросини ўлдиришда, жиноят изини яшириш мақсадида жасадни парчалаб, Праганинг турли жойларидаги ахлат қутиларга ташлаб кетишда айбланган. Суд ҳаками ¸ адлия доктори Вероника Чапова Озодлик мухбири билан суҳбатда Мақсудовнинг айби тасдиғини топганини айтибди.
Шаҳзод Мақсудов ҳукм ўқилгандан кейин ҳам айбсиз эканлигини урғуламоқда экан. Унинг адвокати ҳукм устидан шикоят аризаси ëзган, энди унинг ишини энди юқори инстанция кўриб чиқади.
Сўнгги йилларда миллионлаб ўзбеклар турли сабаблар билан мамлакатни тарк этиб, бошқа мамлакатларда яшашмоқда. Уларнинг бир қисми сиёсий муҳожирлар, бир қисми меҳнат муҳожирлари, бир қисми Ўзбекистондаги оғио иқтисодий аҳвол туфайли яшаш жойини ўзгартиришга қарор қилганлар.
Ўзбек диаспораси ичида ҳамма жамиятларга хос бўлган жараёнлар довом этиши табиий. Ўзбеклар чет элларда оламдан ўтмоқда, янги ўзбеклар туғилмоқда, ўзбеклар жиноят қурбони бўлмоқда, жиноят қилмоқда. Бу мураккаб жараёнларни тўхтатиб бўлмайди ва улар узоқ вақт давом этиши муқаррар.
Шундай экан, ўзбек диаспорасининг ҳозирги босқичдаги асосий масаласи – уюшиш, ташкилотланишдир. Диаспора уюшса, ташкилотлашсагина, қувончли воқеаларни ҳам нохушларини ҳам биргаликда яшайди, нохушларининг зарбаларини имкон доирасида юмшатишга эришади.