14 October 2009
21:55 - АҚШ Давлат департаменти мулозими Роберт Блэйкнинг брифинги кутилганидек ўтди
Аввалги хабаримизда АҚШ Давлат департаменти мулозими журналистлар учун брифинг ўтказишини маълум қилганини айтгандик. Пойтахтимиздаги Интерконтиненталь отелида брифинг ўтди ҳам. Брифингда ҳамма оёқда турди, америкалик меҳмон ҳам ва у етарлича сумбур ўтди десак ҳам бўлади. Ўзбекистон журналистларининг кўплигидан дарҳол тушунса бўлардики, АҚШ Давлат департаменти вакили Роберт Блэйк Ўзбекистон раҳабарларининг қулоғига ёқадиган гаплар гапириши Ўзбекистон тарафи билан аввалдан келишилган эди.

Ҳақиқатдан ҳам, Роберт Блэйк сафари чоғида Ислом Каримни зиёрат қилганидан кўнгли тўлгани-ю, Афғонистон борасида унинг қимматли маслаҳатларини эшитганини маълум қилди. Сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалаларида муҳим келишувларга келинганини айтди.

Лекин у маҳаллий ва чет эллик журналистларнинг саволларига, айниқса, бемократи ва инсон ҳуқуқларига оид саволларга умумий шаклда ва ҳафсаласизлик билан жавоб қайтарди.

Хусусан, Блэйк “Америка овози” радиоси мухбирининг фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашуви хусусида берган саволига жавоб қайтармагач, “Ҳаракат” мухбири мазкур саволни қайта берди. Дипломат фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашганини, фақатгина бу учрашувларнинг конфеденциал аҳамияти боис унга тўхталмаслигини таъкидлади.

Брифингдан аввал бу “конфеденциал учрашув”ларнинг айримлари қандай ўтгани мухбирларимизга маълум эди: Масалан, Блэйк ГБР (Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи) таҳлилчиси Суҳроб Исмоилов билан брифингдан аввал бирров учрашган, Суҳробнинг айтишича, бир неча дақиқалик учрашувда умумий гаплардан нарига ўтилмаган. Демак, “Ҳаракат” таҳририятининг фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув бўлмаслиги хусусидаги башорати тўғри бўлиб чиқди.

“Ҳаракат” мухбирининг инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги: “ЕИ - Ўзбекистон мулоқотлари чоғида ўзбек ҳукумати мамлакатнинг ички ишлари борасида Иттифоқ олдига анъанавий талабларини қўймоқда, яъни инсон ҳуқуқлари ва бошқа ички сиёсат масалаларига аралашмаслик шартини. Модомики, АҚШ билан ҳам бу ҳол такрорланса, Қўшма Штатлар ўзининг демократик принципларига содиқ қолишга қодирми?..” деган саволига дипломат конкрет жавоб бермади. Аксинча, инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам Ўзбекистон ҳукумати келишилгани, яқин келажакда каттагина делегация Вашингтонда бўлиб, бу масалаларда ўзаро фикр алмашишини таъкидлади.

Афтидан, ҳукуматнинг кўзбўямачилари Акмал Саидов, Сайёра Рашидова сингари шахслардан иборат гуруҳ бу миссияни амалга оширади.

Мустақил журналист Сид Янишев Вашингтонда ўтаётган болалар меҳнатига қарши акцияга унинг муносабати ҳақида сўради: дипломат болалар меҳнатининг инсон ҳуқуқлари вазиятнинг бир бўлаги экани, бу икки томонлама музокараларда ҳал қилинишини таъкидлади. “Эхо Россия” радиоси мухбири Раҳим Султонов Афғонистон борасида бошқа қўшниларнинг, хусусан, Россиянинг позицияси борасидаги саволига ўзи учун бирмунча қониқарли жавоб олди: Блэйк Кремлнинг Афғонистон борасидаги сиёсатидан сиёсатидан мамнунлигини айтди.

Сергей Ежковнинг Бухарестда Ислом Карим томонидан ўртага ташланган НАТО доирасидаги “6 плюс 3” лойиҳаси хусусидаги саволи дипломатнинг кўнглидаги савол бўлиб чиқди чоғи, бу ташаббусни ривожлантириш лозимлигига тўхталди.

Роберт Блейкнинг ўзини тутиши-ю берган умумий жавобларидан сўнг одатий мунозарага айланиб кетадиган савол-жавоблар серияси тўхтаб қолди. Ҳатто сўнгги саволни берадиган журналист ҳам топилмади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону