25 September 2009
12:28 - Кутилмаганда Германия ва Япония Кёнигсберг ва Курилларни эслаб қолишди, Абдураҳим Пўлатга кўра, булар тасодифан бўлмади
Кутилмаганда Германия ва Япония Кёнигсберг ва Курилларни эслаб қолишди, Абдураҳим Пўлатга кўра, булар тасодифан бўлмади

Иккинчи жаҳон урушининг натижалари бўйича, Германия Кёнигсберг вилоятидан, Япония эса Курилл оролларига кирувчи тўрт оролдан маҳрум бўлди. Улар СССРнинг қўлига ўтди, ҳозир Россиянинг ҳудудларидир. Кёнигсбергнинг номи ҳам ўзгартирилган – энди у Калининград

Япония 60-чи йиллардан бери СССР билан музокараларида у оролларни қайтариб олиш масаласини кун тартибидан туширмай келади. Ельцин президент бўлган йиллари бу масалада Россия орқага чекинадигандек кўринди ҳам. Аммо, Путин замонида бу масала маълум маънода унитилди. Германия эса, урушдан кейин бу масалани ҳеч қаерда кўтармаган.

Аммо, яқинда Германия илк марта Кёнигсбергни эслаб қолди. Бу мамлакатнинг собиқ канцлери Герхард Шредернинг “агар маҳаллий аҳоли Калининградга эски номини қайтаришни истаса, бу уларнинг иши” деган сўзлари катта сенсация яратмаса ҳам, дунё оммавий ахборот воситаларининг эътиборидан четда қолмади. Шредер собиқ раҳбар бўлса ҳам, унинг бу сўзлари тасодифий эмаслигини ҳамма тушунарди. Немислар шу баҳона билан Кёнигсберг масаласи уларнинг эсида борлигини эслатиб қўйдилар холос. Қолаверса, Калининграднинг ўзида кимдир унинг номи масаласини кўтаргани ҳам маълум эмас.

Айнан шу кунларда японлар ҳам қимирлаб қолишди. “Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, бу ороллардаги бир вақтлар японларга тегишли бўлган ташинмас қийматлар (уй-жой ва бошқа бинолар) учун ворислик ҳужжатлари расмийлаштириш иши жадаллаштирилган. Демак, ҳозир расман русларнинг қўлида бўлган бир қатор уй-жой ва бошқа биноларнинг япониялик эгалари бор. Бундай “эга”ларнинг юридик адреслари ҳам бор ва улар Россия ҳудудларида.

Бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат шундай дейди: “Мен ўтган йилги Россия-Гуржистон урушидан кейин, русларнинг асл мақсади абахаз ва жанубий осетияликларни ҳимоя қилиш эмас, Россиянинг бутунлигини сақлаб қолиш, Кёнигсберг ва Куриллар ҳам ҳеч қачон эски эгаларига қайтариб берилмаслиги ҳақида сигнал беришдир, лекин ахир бир кун Кёнисберг ва Куриллар эски эгаларига қайтарилди, Германия ва Япония ўзларининг манфаатлари учун ҳам курашаётган Гуржистонга ёрдам беришлари лозим ” деб ёзган эдим. Шу фикрларга асосланган мақолам яқинда русчага таржима қилинди ва гуржиларнинг сайтида эълон қилинди.

Герхард Шредернинг Калиниградга оид сўзлари ва японларнинг “Коммерсантъ: газетасида айтилгандек, Курилл оролларидаги ташинмас бойликларга эгалик масаласида фаолликни орттиришлари ҳам шу мақоланинг русчаси чиқиб, унинг ўқувчилари доираси кенгайган кунларга тўғри келаётгани балки тасодифдир, балки тасодиф эмасдир.

Моҳияти билан шунга ўхшаш бўлган воқеалар авваллари ҳам юз берганди. Улардан иккитасини эслатиб ўтмоқчиман.

1990 йилнинг сўнги кунлари “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақола ёздим. Ўша пайтда тезда мустақил бўлишимизга ишонадиган одамлар кам бўлса ҳам бор эди, аммо диктатура қайтишига ҳеч ким ишонмасди. Аммо, амалда шундай бўлди. Ўзбекистонда мустақил диктатура ҳукмрон. Балки, бу ҳам тасодифдир.

Мен айтмоқчи бўлган иккинчи мисол яқин кунларга оид. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга санкциялар киритиб, Ўзбекистонни Ғарбдан изоляция қилишга бошлаган Европа Иттифоқи раҳбарларига 2006 йили партия бўйича ўринбосарим Пўлат Охун билан биргаликда мактуб йўлладик. Бу мактубда АҚШнинг бурни остидаги Кубанинг ҳам тарихини эслатиб, диктатураларни санкциялар ва изоляция йўли билан йиқитиб бўлмаслигини, аксинча, уларни дунёга интеграция қилиш йўли билан демократик жараёнларнинг тезлашишига эришиш мумкинлигини ёздик. Балки, яна тасодифдир, аммо, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши киритилган санкцияларни бекор қилиб, у билан алоқаларни ривожлантиришга бошлагач, бир қатор демократлар қамоқхоналардан озод қилинди, сиёсий муҳит юмшади.

Хуллас, дунёда бундай тасодифий боғликлар ҳам бўлиб туради. Балки, улар тасодифий эмас, баъзи сиёсатчиларнинг башорат қилиш қобилиятининг кўрсатгичи бўлиши мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону