09 September 2009
22:37 - Амнистия комиссиясининг аъзолари Мамадали Маҳмуд, Мурод Жўра ва Юсуф Жума кабилар билан учрашишадими?
Ўзбекистоннинг мустақиллиги муносабати билан Олий Мажлис 28 август куни Амнистия эълон қилган эди. Маълумки, бу каби амнистияларни ижро этиш учун махсус комиссия тузилади, комиссияга сенаторлар, Олий Мажлис Омбудсеменининг минтақавий вакиллари ва маҳаллий кенгашларнинг депутатлари киритилади. Комиссия аъзолари маҳбуслар сақланадиган лагерларга бориб, амнистияга тушиши мумкин бўлган маҳбуслар билан сухбатлар ўтказишади, уларнинг тўғри йўлга ўтган-ўтмаганлигини текширишади, дейилади uzinform.org сайтининг хабарида.

Аслида, бу хабар ҳам эмас, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, Ўзбекистонда қабул қилинган нормалар доирасида амнистия билан боғлиқ воқеалар қандай давом этиши хусусида эслатма, холос. Комиссия тузилгандан кейин воқеалар қандай давом этишини ҳам тахмин қилиш қийин эмас.

Ҳукуматнинг ўзи учун фарқи бўлмаган “оддий маҳбуслар” (бу ибора унчалик чиройли бўлмаса ҳам, қисқароқ бўлиш учун уни ишлатмоқдамиз) иккига бўлинади. Уларнинг бир қисми сўзсиз амнистия орқали озоликка чиқади. Иккинчи қисми, амнистияга тушиш-тушмаслиги қарор қабул қилувчиларнинг субъектив фикрига боғлиқ бўлган маҳбуслар. Бу ерда ҳамма нарса алмисоқдан қолган таниш-билишчилик ёки у маҳбусларнинг яқинлари қарор қабул қилувчиларга қанча пора беришлари ёки бериш имконини топа билишларига боғлиқ. Шу маънода, улар билан ҳам ҳеч қандай “муаммо” йўқ.

Сиёсий маҳбусларнинг тақдирини ҳал қилишга келгандагина ҳукумат олдига бош оғритадиган муаммолар чиқади. Табиий, ҳозирги режим у категориядаги маҳбусларнинг биронтасини ҳам озод этишни истамайди. Аммо, ҳокимиятдагиларнинг нуқати назаридан минг афсуски, воқеаларни кузатиб бориб, керак бўлса бонг урадиган маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда демократик мухолифат бор, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатнинг гапига қулоқ соладиган демократик дунё жамоатчилиги бор. Шу сабабли, ҳеч шубҳасиз, ҳукумат бу тоифа маҳбусларнинг ҳам бир қисмини озод қилади. Аммо, кимларни?

Буни тахмин қилиш қийин. Шу сабабли ҳар ким ўз ишини давом эттириши керак. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатдаги демократлар – бонг урушни, хабарчилар – воқеаларни кузатиб боришни. Масалан, муҳим бўлган кўрсатгичлардан бири – амнистия бўйича комиссияси аъзолари Мамадали Маҳмуд, Мурод Жўра ва Юсуф Жума каби машҳур маҳбуслар билан кўришадиларми?

Тушуниш керакки, айнан машҳур маҳбусларнинг озод қилиниши Ўзбекистонда сиёсий воқеаларнинг ривожланиши учун белгиловчи роль ўйнайди. Демак, хабарчилар сифатида воқеаларни кузатиб борамиз, демократ ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг тарафдори сифатида бу маҳбусларнинг тақдири ҳақида имкон борича дунёга бонг урамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону