09 September 2009
15:06 - ЕХҲТ мулозими Янез Ленарчич фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистонга илк марта келган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси директори Янез Ленарчич кеча фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Пойтахтнинг муҳташам отелларидан бирида ўтган учрашувга “Бирлик” Партияси Бош котиби, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят, Ноҳукумат-нотижорат ташкилотлар Ассосиацияси раис Рифат Сарбаев, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳ (ГБР) таҳлилчиси Суҳроб Исмоил, “Истиқболи авлод” ташкилоти директори Нодира Каримова, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази директори Шамиль Асьянов, Тошкент шаҳар Адвокатлар ҳайъати собиқ раиси Гулнора Ишанхановалар таклиф этилди.

Учрашувда Васила Иноятова Ленарчич раҳбарлик қилаётган Бюро фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган масала, яъни сиёсий партияларнинг рўйхатга олиниши, хусусан, Адлия вазирлигида “Бирлик”нинг 25 мингдан ортиқ имзоси тургани ҳолда ҳукуматдан тайинли жавоб бўлмаётганини урғулади. Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларининг камситилиши, бундай шароитда Парламент ва президентлик сайловлари амалдаги ҳукумат мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий тадбир экани, умуман, муаммолар бевосита сиёсий вазият билан боғлиқлиги, токи сиёсий мухолифат тан олинмагунига қадар мамлакатда ўзгаришлар бўлиши амри маҳоллигини таъкидлади. Одатий нормага кирган қийноқлар, болалар меҳнати, сиёсий тутқунлар масаласи мамлакатдаги нодемократик вазият тақозоси ва маҳсули эканини қайд этди. Иштирокчиларнинг эътиборини Самарқандда судланаёган журналист ва ҳуқуқ ҳиоячиси Дилмурод Саййиднинг тақдирига қаратди.

Ўз навбатида ЕХҲТ мулозими Ўзбекистондаги вазият, хусусан, турли соҳаларда ўзига хос прогресс кузатилаётгани, айни пайтда вазиятнинг бирмунча қалтис қолаётганидан яхши хабардорлигини эътироф этди. Ўзаро фикр алмашув ва мунозара руҳида ўтган учрашувда фуқаролик жамиятининг бошқа вакиллари ҳам фаол иштирок этишди. Расмий хабарларда эса ЕХҲТ вакилининг Парламент раиси, Ташқи ишлари вазири, Марказий сайлов комиссияси вакиллари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказгани таъкидланади. Унинг Президент Ислом Карим қабулида бўлиш-бўлмаслиги ҳақида маълумотлар йўқ.

Маҳаллий матбуот эса шу йилнинг 21 июлида Тошкентга йўл олиб, сўнгра кела олмаган Янез Ленарчичнинг мамлакатдаги ижобий ўзгаришлардан кўнгли тўлгани, ҳатто Ўзбекистон шаънига олқишлар ёғдирганини ҳақида ёзмоқда. Мустақил кузатувчилар эса мазкур вазиятни демократик Ғарб ва Ўзбекистон ўртасида бораётган ўзига хос диалог пайтида ўзига хос ён бериш ҳолати сифатида баҳоламоқдалар.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону