09 September 2009
12:41 - Дилмурод Саййиднинг апеллация суди ҳайъати амалда мустақил эмаслигини кўрсатди (“Эзгулик” жамиятининг матбуот хизмати)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист Дилмурод Саййид ҳамда уч маҳаллий фуқарога нисбатан жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди ҳукми апеллация босқичида кўрилмоқда. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апеллация судлов ҳайъати (раислик этувчи Илҳом Ҳамидов) куни кеча товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш эпизодлари акс этган мазкур жиноят ишини кўришни бошлади.

Суд залига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165- ҳамда 228-модддалари асосида ҳар бири 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган Дилмурод Саййид ва Анорқул Пўлатов ҳамда Марғуба Жўраевалар олиб келинди. Дастлабки инстанция суди томонидан жиноий гуруҳ азоси сифатида эътироф этилган Тўра Эргашев суд муҳокамасига келтирилмади.

Суд мажлиси очилгач, маҳкамада иштирок этиш учун келган АҚШ элчилиги иккинчи котиби Ҳолли Томас ва унинг ассистенти Оллий суд пленумининг 2005 йил 13 июндаги Фармойишига асосан (Фармойишда дипломатик корпус ваколатхоналари вакилларининг судда иштирок этиши Ташқи ишлар вазирлигининг махсус рухсатномаси билан амалга оширилиши таъкидланган – “Эзгулик”) чиқариб юборилди.

Мажлис аввалида Тўра Эргашевнинг адвокати Акром Жўраев ҳимояси оситадаги шахснинг суд залига келтирилиши, ишнинг усиз кўрилиши мантиқсиз эканини таъкидлади ва судга норозилигини ифода этди. Мазкур талабни барча судланувчилар ҳамда уларнинг ҳимоячилари, хусусан, “Эзгулик” жамиятининг жамоатчи ҳимоячиси сифатида иштирок этаётган икки фаоли Абдураҳмон Ташанов ва Руҳиддин Комиловлар ҳам қувватлашди. Суд ҳайъати ўзаро маслаҳатлашувдан сўнг бу боралаги талабни рад қилди ва маҳкамани давом эттирди.

Шундан сўнг судланувчи Дилмурод Саййид томонидан суд ҳайъатига отвод (раднома) берилди ва мазкур отводни жараённинг прокурордан бошқа барча иштирокчилари қўллаб-қувватлашди.
Апеллация судлов ҳайъати узоқ маслаҳатлашувдан сўнг отводни рад қилди ва суд мажлисини яна давом эттирди. Маърузачи судья иш мазмуни билан таништира бошлагач, судланувчи Дилмурод Саййид апеллациядан воз кечишини, зўрлик билан олиб борилаётган маҳкамада иштирок этишини истамаслигини маълум қилди. Процесснинг бошқа иштирокчилари ҳам протестни қўллаб, маҳкаманинг тўхтатилишини талаб қилди.

Суд залида шовқин-сурон кўтарилиб, Дилмурод Саййиднинг 85 ёшли онаси Ҳамида ая ҳушдан кетиб йиқилди. Суд мажлиси барбод бўлди. Апеллация судлов ҳайъати эса бундай кутилмаган вазият қаршисида довдираб қолди ва маслаҳатлашиш учун вилоят суди раиси қабулига кириб кетди. Ҳайъат аъзолари узоқ маслаҳатлашишди, аллакимлар билан телефон қўнғироқлари амалга оширилди. Суд котиби бундан можароли (скандал) вазиятни бартараф этиш учун чоралар бораётганини таъкидлади.

Суд 10 сентябрга қадар танаффус эълон қилди. Бироқ мазкур ҳаракат энди ўз мантиғини йўқотди, боиси судланувчилар апеллациядан воз кечишга ариза бериб бўлишди. Агар суд ҳайъати ўзининг процесс аввалидаги ажримларини бекор қилиб, судланувчилар талаб қилган йўналишга тушмаса, кейинги суд мажлиси давом этмайди. Судлов ҳайъати эса апеллация босқичини тезроқ ўтказиш ва дастлабки инстанция суди қарорини қувватлашга иштиёқманд эканини кўрсатиб бўлди.

Суд ҳайъатнинг жараёнда бевосита мустақил эмаслиги, ўзича қарорлар қабул қила олмаслиги пала-партиш ажримлардан ҳам кўриниб турибди. Бизнигча, судланувчи Дилмурод Саййид яна бир карра ҳақ: Самарқанд судларидан нажот йўқ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону