30 August 2009
20:15 - Кўкча воқеаси: ҳодиса ортида ким турибди? ( “Эзгулик” жамиятининг Баёноти, 30.08.2009)
Бир қанча оммавий ахборот воситалари байрам шукуҳи билан яшаётган Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги Кўкча даҳасида қуролли тўқнашувлар бўлгани ҳақида ёзмоқда. Ҳодиса шоҳидлари, ўша маҳаллаларда яшовчи гувоҳлар ҳақиқатан ҳам кеча оқшомда номаълум шахслар ва ҳукумат аскарлари ўртасида отишмалар бўлгани, кўчага жанговар транспортёрлар кириб келгани ва қисмда автомобиллар ҳаракати тўхтатилганини таъкидлашмоқда. Икки тарафлама қурбонлар берилгани ҳақида аниқ-тиниқ маълумотлар мавжуд. Дарвоқе, Кўкча ҳодисаси ортида ким турибди, ҳодиса ташкилотларлари кимлар? Айни пайтда бу саволларни ўртага қўйиш, кўнглидан ўтказишга ҳар бир юртдошимиз ҳақли. Бинобарин, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи, Ҳуқуқ ҳимоячилариннг Ташаббус гуруҳи тарқатган маълумотларда мазкур воқеалар жараёнида диний радикал оқимга аъзолик билан қамалганларнинг хонадонлари вакиллари маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назоратига олингани айтилмоқда.

Айни соатларда ҳам мазкур даҳадаги Оқлон, Маннон Уйғур, Шофайз, Оқтепа ва Кўкча маҳаллаларига кираверишда қуролланган соқчилар навбатчилик қиляпти. Жамиятимиз фаолларига бўлаётган телефон қўнғироқлари, СМС хабарлар, шаҳарликлар орасидаги узунқулоқ миш-мишлар болаламоқда. Айрим маълумотларда гўё бу ҳодиса қаҳрамонлари диний радикал оқимлар экани айтилса, айримларида ҳукумат томонидан уюштирилган акция, деган фаразлар ҳам мавжуд. Энг ажабланарлиси, ҳодиса содир бўлганига қарийб бир сутка бўлаётган айни пайтларда ҳам расмийлар жим. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг оғзига қулф урилган, телеканаллар концерт дастулари намойиш қилиш билан овора. Радиоканалларда кўнгилочар шоулар...

Кишиларда ваҳима уйғотиш, уларни информацион очликда сақлаш, ҳодиса тафсилотлари бўйича изоҳ бермаслик мамлакатимиз расмийларининг анъанавий сиёсий ўйинларими ёки бу ўринда бошқа сабаблар ҳам мавжудми? Айнан шу саволларга тез орада жавоб берилиши, дастлабки расмий тахмин ва шубҳалар айтилиши, аҳолининг хавфсизлиги ва осойишталиги борасида баёнотлар қилиниши лозим. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси, Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигини бу борада расман баёнот беришга чақиради. Ҳодиса туфайли ҳибсга олинган, оммавий тартибсизлик ёинки хуружда гумонланиб, ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга ундайди.

Манба: ezgulik.org

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону