25 October 2023
15:56 - “Бирлик”ка қарши янги фитна
“Бирлик” партиясининг раиси Абдураҳим Пўлатов оғир касаллиги ҳамда бунинг ортидан юзага келган ташкилий инқироздан фойдаланган ҳолда “Бирлик”ка қарши янги фитна бошлангани тўғрисида менга хабарлар келган эди. Аввалига бу гап-cўзларга у қадар эътибор бермадим.

Лекин, ишончли манбалардан келган маълумотларга қараганда, “янги Бирлик” лойиҳасига Туркиядаги турли ташкилотлардан катта маблағ олиниб, “янги Бирлик”ка Муҳаммад Солихни раҳбар қилиш учун ҳаракат авжида экан. Режа бўйича аввал “Бирлик”нинг юбилейи баҳонасида ташкилий гуруҳ тузилгач, кейин эса ташкилий гуруҳ ўз ишини давом эттириб, “янги Бирлик” тузилгани ҳақидаги хабар эълон қилинади.

Муҳаммад Солиҳни доим қўллаб-қувватлаб келган “Озодлик” радиоси у билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келган, “Эрк” партияси аъзоси, Нурулло Отахонов билан интервьюни эълон қилди. Бу суҳбатда Нурулло Отахонов “Бирлик 35” деган гуруҳ тузгани ва ушбу партиянинг 35 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий гуруҳ тузганини билдирди.

Агар Н. Отахонов муқаддам “Бирлик” аъзоси бўлган бўлса, мен бу одамнинг “Бирлик”ка заррача алоқаси борлиги ҳақида умуман эшитмаганман. Дастлаб менда табиий савол туғилди: Сиз “Бирлик”нинг 5 йиллиги, 10 йиллиги, 15, 20, 25, 30 йиллик юбилейларида қаерда эдингиз? На “Бирлик”ни ва на бирликчиларни эсламаган одам нимага энди бирданига пайдо бўлиб, 35 йиллигини эслаб қолди? Бироқ асл мақсад 35 йиллик эмас, аксинча бу сана баҳонасида “янги Бирлик”ни тузиш эканлигини билганимдан кейин масала ойдинлашди.

Билмаганлар учун бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: “Бирлик” бу ҳаваскорлар тўгараги эмас! “Бирлик” - бу сиёсий ташкилот! “Бирлик”нинг тарихини қайта ёзишга ҳожат йўқ, унинг тарихи ёзилган! “Бирлик”нинг тарихи, фаолияти ва фаоллари тўғрисида тўлиқ маълумот 25 йилдан бери мавжуд бўлган www.harakat.net сайтида тўпланган. Бу сайт ўз вақтида ўзбек тилидаги дунёда биринчи вебсайт эди. Бу масалада ҳам “Бирлик” ҳаммадан олдинда бўлган.

Шу кунгача қадар “Бирлик”нинг номини ўз шахсий манфаати йўлида ишлатишга ҳаракат қилганлар кўплаб учради. Уларнинг барчаси шарманда ҳам бўлишди. Сиз, Нурулло Отахонов, “Бирлик” номидан фойдаланиб, сиёсий ташкилот бўлган “Бирлик”ка қарши фитна бошладингиз. Сизни орқангизда кимлар тургани бизга маълум. Турли усуллар ва фитналар билан “Бирлик”ни йўқ қилишга уринувчилар аввал ҳам бўлган, лекин биз уларнинг барчасини фош қилганмиз, сизнинг ҳам “Бирлик”ка қарши режаларингиз фош бўлади. “Бирлик” битта ва “Бирлик” бор! Сиз уни бўлиб, янгисини тузиш борасидаги ҳаракатингиз бефойда!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону