05 April 2023
17:05 - Юсуф Жума: ЧИНАКАМ СЎЗ НИМАЛИГИНИ БАРЧА БИЛГАНДА ЭДИ, ИНСОНИЯТ БУ ОЧУНГА ИНДАМАЙ КЕЛИБ, ИНДАМАЙ КЕТАРДИ…

Энг камида қаламкашлар қалам ушламасди.
Кўз олдинггизга келтиринг, касалхонанинг юрак алмаштириш бўлимига эмчиликдан билими йўқ
кимса кириб, мен бугун бировнинг юрагини алмаштираман деб туриб олса, нима деган бўлардинггиз?!

Энг камида бу ер сенинг жойинг эмас демайсизми?!

Шундоқ сўз нималигини билмаган кимса мен шоир, мен ёзувчи, мен журналист деб туриб олади.

Бир “доҳий” ва “арбоб” тағин атоқли, атоқсиз эмас, шоир аёлини тупроққа топшириб келди
ва ёзди: “Мен ярмимни тупроққа қўйиб келдим.”

Мен эса бор эсимни йиғиб ўйладим:
Қайси ярмини, белидан баланддиними, ё белидан пастини?! Ёзиб, гапириб турибди,
демак белидан тепаси ўзида, белидан пасти ерда. Шундоқ эмасми?!

Ҳа энди даҳо шоирда, шоирона бир нарса битай деганда, лекин роса тентакона…

Лекин яқинда ўғлим Алишер Жалолиддин Румий ҳазратларидан қуйидагини юборган:

“Ё олиб кет қолган ярмимни,
Ёки кел тўлдиргин чала ярмимни!”

Демак, бечора “доҳий шоир” ҳазратдан ўғирлаган эканда. Ўзбек шоирларига ўғирлик уят эмас…
Ғафур Ғуломи ҳам ўғирликка ғулом, Абдулласи ҳам ўғирликка қул…

Бурун ёзганман булар тўғрисида, бошқалари ёзишга ҳам арзимайди…
Алқиссаким, Румий ҳазратларидай зотга ҳам сўз айтиш осон бўлмаган, ҳатто пайғамбарлар сўзлари беқусур эмас… Инсоннинг ярми қанчалик азиз бўлмасин, севгили эмас, менга ўхшаганлар эса ўзидан жирканади,инсон агар у чинакам инсон бўлса, ўзидан рози бўлмайди,
қанча тозаланса, ўзинг тозаланмаган томони кўплигини билиб, қийналади.

Ўзининг пастлигидан, сўзининг нодурустлигидан уялмагин инсон эмас,
сўзимни беш – ўнта ўқийдими, йўқми, билмайман, лекин бир нарсам эълон этилса,
мени пушаймон ўртайди, мунча паст кетдим деб ўртанаман…

Кимсалар баланд минбарларда вайсайдилар, миллионлар эшитади, уялмайдилар, чунки сўз нималигини билмайдилар, эл фикрлашдан қолди - бу Улуғ Тангрининг энг даҳшатли қарғиши…

Шубҳасиз,Румий ҳазратлари улуғ,сўзим юқоридаги байтга тегишли холос.

Сўзни бирам улуғ бобомиз ВАЛМАКИ, бирам ДОНИШМАНД ВЯС эплаганлар,
улардан сўнг Ҳомер - улардан кўп пастда…

Валмакининг бир қаҳрамони иккинчисига дейди:
- Ҳозир сени ўлдираман, бошинг худованднинг пойига тушади.
Бошим худованднинг оёғи остига эмас, она юртимнинг чанггига тушсин!…

Бизнинг “шоирлар”-чи?!

“Улуғимсан, ватаним, қудуғимсан, ватаним, қуйруғимсан,ватаним…”
“Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот…”
Ватанни чўл босди, ўрис билан чигирткадай қипиқкўзлар қамраган… қарғиш ёғган эл қул,
чўри… Тилло кони юртингга эгалик этсангчи, лаънати…

Юртнинг ободлиги қурилишлар билан эмас, ерининг, сувининг,
ҳавосининг тозалиги билан бўлади, бизда тоза нима қолди?!…

Барча шоир, барча ёзувчи, барча даҳо - жиннихона…

Бечораларга ҳайкаллар ҳам қўямиз, майли, лекин буларни мактабларда
ўқитмаслик шарт. Барчасидан даҳо Мақсуд Шайхзоданинг
“Дунё сенинг оёғингни ўпмоғи шартдир!” деган бир қатори ортиқ….

Ўқувчиларга Мақсуд Шайхзоданинг”МИРЗО УЛУҒБЕК” ва Буюк Қодирийнинг “ЎТКАН КУНЛАРИ” етарли. “Бизнинг халқни ер ютсин!” - дейди Қодирий ҳазратлари…

2023 йил, 5 апрель.

* * * * *

Кундуз кўкдан эмас - сендан,
Ёноғингдан тушиб қолган.
Кеча узун сочинг билан
Қароғингдан тушиб қолган.

Чиройингдан тошар чирой,
Осмон тортиш кучига бой,
Терар йўлингдан куну ой,
Порлоғингдан тушиб қолган.

Ҳар ғунчанг боли - тозаси
Учун тор денгиз косаси.
Боғларнинг болу шираси
Дудоғингдан тушиб қолган.

Ҳатто яралмаган чоғинг -
Ўзи бўлганда салмоғинг,
Тангрининг тўққиз учмоғи
Йўқ чоғингдан тушиб қолган.

Минг ўлдирар ҳар кун ҳижрон,
Қайдан йиғаман мунча жон?!
Изларингдан топиш осон,
Оёғингдан тушиб қолган.

Сулув, бошингдами Тангри,
Ё бош - оёғингда ёғду?!
Иккаламизга тегишли
Қаёғингдан тушиб қолган?!

2023 йил, 4 апрель.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону