24 March 2023
14:15 - Юсуф Жума: ЭС - ҲИКМАТДИР - ТАНГРИНИНГ ЭТАГИДИР…


Содда яхшиликлар

Ўйлайсан - яхшилик этмоғинг учун -
Шарт катта бойликлар тугулган тугун.

Омборда бўлса - соз, йўқ бўлса чақа,
Кўзгуга тикилгин - ўзингга қара:

Очиқ кўнглинг сочса - юзингга ёғду,
Кўрганлар яйрайди - эзгуликку бу?!

Кийиминг бўйингга турса ярашиб,
Кимлардир ўрганар, яйрар қарашиб.

Ташламасанг йўлга ташландиқ қоғоз,
Йўлчи ғижинишдан бўлади халос.

Боланг салом берса эзгин йўлкинга,
Мусофир яйрайди, кўчгандай кунга.

Юракка яқин бир сўзнинг ширини,
Оғули турмушдан сақлар очунни.

Ёлғизни йўқласанг, эшигин қоқсанг,
Ажабмас, учмоқдан Ўзига боқсанг!

Ҳеч ким айтолмаган ҳақ сўзни айтсанг -
Қандоқ қут - мангулик тотини тотсанг!…

Пулсиз яхшиликнинг саноғи чексиз,
Салмоғи чексиздир, ардоғи чексиз.

Пулсиз кентдан - кентга ўтиб бўлмайди,
Валекин Тангрига етиб бўлади!!!

2023 йил, 23 март.

* * * * *

Эсиз, эсиз, элим эсдан озгандир,
Эсиз, эсиз, икки кўздан озгандир.

Боболарим юрган Тангри изидан,
Эсиз, эсиз, қутлуқ издан озгандир.

Бой бериб очунни, очунга қулдир,
Эсиз, эсиз, қизил юздан озгандир.

Эс - ҳикматдир - Тангрининг этагидир,
Эсиз, эсиз, ор -номусдан озгандир.

Этагидан қаттиқ ушлаш - ёвдан ўч,
Эсиз, эсиз, эл қасосдан озгандир.

2023 йил, 23 март.

* * * * *

Тўплансалар икки очун эрлари,
Сўнг йиғилса бошдан - оёқ қўрлари.

Бир тукимнинг ўтичалик чиқмайди,
Ҳовричалик тўққиз кўкни ёқмайди.

Чунки ҳар бир тукимда ҳам севгиси,
Ҳоври ёққан кўкимда ҳам севгиси.

Тангригача етиб борар аланггам,
Ҳатто Тангри кўшкида ҳам севгиси.

Бир озгина камайсин деб севгиси,
Балки шунда озаяр деб қайғуси,

Қилларимдан юлган чоғим бўлади,
Юлинганида ҳам доғи бўлади.

Беллашмоқчи ёғий, ҳасад эндирар,
Барини бир юлган қилим синдирар!!!

2023 йил, 23 март.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону