24 March 2023
08:59 - Тожикистонлик ўзбек шоири, миллатчи эмас, ҳақиқий инсон Одил Икромнинг қуйидаги шеърида шундай сўзлар бор: “Чўчқалар ғингшийди, чордона қуриб, Улар билан суҳбат қурмаганимга”!
. Тожикистонлик ўзбек шоири, миллатчи эмас, ҳақиқий инсон Одил Икромнинг қуйидаги шеърида шундай сўзлар бор: “Чўчқалар ғингшийди, чордона қуриб, Улар билан суҳбат қурмаганимга”!

Чўчқалар ғингшийди, чордона қуриб,
Улар билан суҳбат қурмаганимга.
Дунё ташвишини бир четга суриб,
Дунёнинг кайфини сурмаганимга.

Эшаклар – норози, сўзимда туриб,
Келганда, ўрнимдан турмаганимга.
Ҳурмати учун гоҳ елиб- югуриб,
Хизматини қилиб юрмаганимга.

Маймунлар ҳайрондир, баъзан, қон қусиб,
Кулгим келмаганда кулмаганимга.
Арзимас дардларим қимматга тушиб,
Қувончимни текин пуллаганимга.

Итлардан балога қолдим, вафосиз
Жафодан юзимни бурмаганимга.
Улар шарафига қилмай маросим,
Уларга қўшилиб ҳурмаганимга.

Сичқонлар чийиллаб айлади безор,
Беозор мушукдай мудраганимга.
Бу дунё кўзимга кўринганда тор,
Ўзимни ковакка урмаганимга.

Душманлар ашадий дўст бўлди, ажаб,
Дўстларим айланди қаттол ғанимга.
Илонлар қонимда кезди ўрмалаб,
Суйкалган заҳарни суймаганимга.

Қўйлар хафа бўлди, қовоғин ўйиб,
Бошдан жудо бўлган жонсиз танимга.
Қилган гуноҳимни қон билан ювиб,
Қонимни қон билан ювмаганимга.

Қуёнлар кечирмас мени ҳеч қачон,
Юракдан қўрқувни қувлаганимга.
Бўрилар нафсимга бўлди подабон,
Қашқирдай қон қақшаб увлаганимга.

Чирқиллаб жонимдан тўйдирди кўнглим,
Ўлмаган жонимдан тўймаганимга.
Ажалдан ижозат сўрамай ўлдим…
Одамлар қўймади ўлмаганимга.

* * * * *
Одил Икром 1960 йил, 26 январда Тожикистоннинг саноати ривожланган Исфара шаҳри яқинидаги Кўлкент қишлоғида туғилган

Айтиш керакки, миллатчилик авжига чиққан, Тожикистон диктатори Имамоли Раҳмон қандайдир бир халқаро йиғилишда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги диктатори Ислом Каримга “Бухоро ва Самарқад тожикларни, биз уларни қайтариб оламиз” деб бақирган бўлса ҳам, у мамлакатда яшаётган ўзбеклар миллатчилик қилмадилар ва қилмайдилар.

Миллатчилик – миллатпарварлик эмас, миллатчилик қораланиши, аммо миллатпарварлик олқишланиши керак.

Одил Икромнинг бу шеърида миллатчиликнинг уруғи ҳам йўқ. Демак, у ҳақиқий инсондир. Унинг асарлари билан ўзбеклар ҳам, тожиклар ҳам фахрланишлари керак. Нима ҳам дердик, “Офарин Одил Икром”деймиз!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону