11 March 2023
16:22 - Юсуф Жума: ШУНЧАКИ ҲИКМАТЛАР ВА ЧИНАКАМ СЕВГИ ТЎҒРИСИДА…
(“Менинг рекордлар китобим”дан тўғаётган
эркаклар ҳақида - “ҲАРАКАТ”ДА яқин кунларда
ўқишинггиз мумкин,”ҲАРАКАТ”ни ўқиб туринг,
барча ҳақиқат - ҲАРАКАТда.)

Донишманднинг шоир бўлиши шарт эмас, лекин шоирнинг донишманд бўлиши шарт.

УлуғТангрининг чексиз олқиши остида бўлгур Улуғ Муҳаммад элчи Шеърда ҳикмат бўлади” - деганлар. Ҳеч инсон зоти адабиётнинг нималигини бу улуғ зотчалик лўнда ва калта қилиб айта олган эмас.

СССР замонида Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасининг муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва ўринбосари Мурод Абдуллаев билан бир машҳур устозни кўришга машҳур касалхонага бордик. Газетада менинг “Отам айтиб берган ривоятлар” отли уч - тўрт ривоятларим эълон этилганди.
Бирини Мелибоев машҳур шоирга айтиб берди.

Шоир “эл роса донишмандда,нақадар теран, халқнинг ақлига қойил…” деб узоқ гапириб, ҳайратланиб, узоқ бош чайқади…
Аслида бу ривоятларни на отам айтиб берганлар, на донишманд элнинг алоқаси бор, менга Улуғ Тангрининг бергани эди.

Ҳикмат Тангридандир ва инсоният тарихида бармоқ билан санарли кишига берган…
Цензурадан ўтказиш учун шундай отлаган эдим.

Лекин ўша узтозим умрида бирон карра бир нарсам тўғрисида бир оғиз яхши гап айтмаган,чеҳраси очилмаган…

Ҳикмат бор жойда шеърият бўлади, Ҳикмат йўқ жойда ҳасад бўлади. Бут эс - ҳикмат, Очиқ кўз - ҳикмат.
Ҳикматга эргашган эл - Тангрига эргашган эл - ҳикмат - ўгит - Тангри йўли – Тангри йўлининг йўл йўриқлари… Эркка ва Ҳақиқатга ҳикмат олиб боради…

Эсизки, бугун эл ҳикматдан йироқ.

“Президенти” эсини еган десам - янглиш,чунки унда эс ҳеч қачон бўлмаган – 20 йилдан буён элнинг бошида,бир жумла эсда қоладиган гап айта олмади.

Томи кетган деган гап бор, Ш.М.да том ҳеч қачон бўлмаган.
Мен уни кўп огоҳлантирдим, ҳеч нарсани тушунмади.
АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга бориши - унга огоҳлантириш - сигнал…

Ҳеч нарсани тушунмади… На ёнидагиларда эс бор,на яқинларида…

Яна камида 20 йилдан ортиқ Путин ўтиртирган ўтирғичда ўтираман деяпти…
Эҳ шўрлик сени нима кутаётганини билсанг эди… Кўзингни очсангчи, сўқир?!

Ёнбошингдаги бўрдоқиларга қара, ҳар бири Бленкин билан борган барча америкаликлардан оғир. чўчқахонами, давлат идораси?! Ўйла, мендан бошқа дўстинг йўқ, шўрлик, ҳозир чуқур ўйладиган чоғ…

Сотқин ҳукумат ҳам тўғма сотқин ва тўғма эссиз..
Сотқин мухолифат ҳам шундай…
Сотқин диний идора ҳам шундай…

Лаънати қаламкашларнинг барча тури шундай…
Юрт Ўрис ва Хитойга хатлаб берилди…
Сотқин Мирзиёев имзоси билан, эл қарзга ботди…
Барча валдираяпти, аммо бу ҳақиқатлар айтилмайди…
Қуйидаги бир кичик нарсамда шу фожеаларнинг тубини уққанлар кўради:

Барчанинг қошида юрт ҳукмдори
Улуғ донишманднинг чориғин ювди.
Оломон анг ичра дод деб юборди,
Гўё бузилгандек тождорлик эви.

Йўқ, йўқ, бу иш эмас, - уқтирди хоқон -
Мен учун шараф бу - ўлмас шон турғун.
Пир чориғин ювиш тождорга осон,
Шунга муносиб бир пир топиш қийин.

Этигини подшо ювишга арзир
Доно йўқми юртда, юртни ёв олар.
Доно этигини ювишга қодир
Ҳукмдори йўқми, у улус ўлар.

2023 йил, 10 март.

* * * * *

Тангрим, Тангрим…- дер эр, сўрайди бир зот:
Тинчликми? - Ҳа,тинчлик. - Йўқса, нечун дод?
Тинч чоғингда ёдлаб турсанг, нотинч чоғ
Қутқаради, тун - кун тилимда Бир от…

2023 йил, 10 март.

* * * * *

Ҳар бир тузум эси бутдан қўрқади,
Туби мойдир, эсдан - ўтдан қўрқади.
Эрк деб элни қайноқ ёғда суздирар,
Мойин ёқар, чиндан - ростдан қўрқади…

2023 йил, 10 март.

* * * * *

Кулбамиз ёғочдан эди - чўпкари,
Бир кеч ёниб кетди қамиш сингари.

Қайта - қайта қурдик - тикладик, лекин
Барчасидан қолди бир уюм кукун.

Не боис ёнмоқда билмасдик - жумбоқ,
Содир бўлар эди бетиним чақмоқ.

Ўзимизга келиб олов ичида,
Олқиш айтар эдик Тангри кучига.

Оташнинг ичидан чиқардик омон,
Қаттиқ тошдан қурдик ёнмас деб қўрғон.

У ҳам ёниб битди, тоғ - тоғ тошлар кул,
Боисини билдик -Ўзи берди йўл:

Қовушган чоғимиз туну - кун узоқ,
Оташ - кеча - кундуз чақнаркан чақмоқ.

Ўзимиз ёқибмиз ўз кулбамизни,
Олқишлаб - олқишлаб Бир эгамизни!

Кўшкинггиз ёнмаса оташинггиздан,
Водариғ, бахт йироқ яшашинггиздан.

Ўт қилиб суйдирар чинакам севги,
Уйингни куйдирар чинакам севги!!!

2023 йил, 7 март.

* * * * *

Кеча битган шеъримни бугун унутарман, лек
Бирон ноўрин сўзим эсимдан чиқмас - аниқ.
Ҳатто эрта болалик чоғи сўйлаган ҳар бир
Ножўя гапим ҳамон ўртар - пушмони бечек…

2023 йил.

* * * * *

Ўзгаларнинг дардида қанча
Оғриб турсанг - ибодат шунча.
Ўзингни ҳам унутиб қўйма,
Шундан кўнглим ўкинчи анча…

2023 йил.

* * * * *

Очунни айланиб елдайин ғир - ғир,
Биронта яхшини тополмасанг, эр,
Ягона йўли бор, топганман беш - ўн,
Энг ёвуздан кўра яхшини қидир.

2023 йил.

* * * * *

Дўсти кўп бўлади яхши кишининг,
Ардоғи учунми тоза яхшининг?!
Йўқ, боис - яхшини алдаш қулайдир -
Алдаб ишлатарлар, текин яхшилик.

2023 йил.

* * * * *

Ҳар нарса ўрнида тургани яхши,
Ҳар жон ўз инига киргани яхши.
Ноўрин қанотли ерда судралса,
Беқанотнинг ерда юргани яхши.

2023 йил.

* * * * *

Ҳар ерда ҳамиша йўқлайман асру:
Тангрим, ёғдириб тур бошимдан ёғду.
Сенинг менга қолган кунинг йўқ - аён,
Менинг сенга қолган куним бор мангу…

2023 йил.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону