28 February 2023
04:24 - Бизга НОСИР ЗОКИР юборган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг мақоласи: Жаҳонгир Муҳаммад, Миразиз Аъзам, Дадахон Ҳасан ва Гулчеҳра Нурилла билан суҳбат қилолмаганим ҳақида

Монтаж пайти ярмидан кўпроғини қисқартириб юборишибди. Кўп қисмли бўлиб ўша йил декабир ойида “Бегона” номида ижтимоий тармоқларда эълон этилди. Албатта, Муҳаммад Солиҳ ўша алғов-далғовли йиллар ҳақида ўзининг нуқтаи назарини баён этди. Бошқалар у ишларни бошқача баҳолаши мумкин.

Яна бир мухолифатчи арбоб, журналист ва ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммадга: “Эндиги гал сиз билан суҳбатлашамиз”, деб айтиб қўйганимга уч йил бўлди, ҳалигача ниятимга етолмадим.

Халқ ҳаракатларининг бошида турганлардан, шоир ва машҳур ашулачи акамиз Дадахон Ҳасан билан бир неча марта уриндик, ёши ўтиб кексайиб қолгани учунми, суҳбатимиз кўнгилдагидек чиқавермади. Охири тўхтатишга мажбур бўлдик.

Устоз шоир акамиз Миразиз Аъзам билан ҳам келишиб қўйганимизга ҳам уч йилдан ошди, гоҳ вақтларимиз бир-биримизга тўғри келмай, гоҳ Миразиз акамнинг саломатликлари кўтармай, ҳанузгача гаплаша олганимиз йўқ.

Гулчеҳра опам билан кўришишга икки-уч марта келишган жойимизда турли сабабларга кўра учрашолмай қолдик.

Абдулазиз Маҳмудовнинг розилигини олиб қўйган эдим, улгурмадик...

Ўтганларни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин. СССРнинг охирги дамларида халқимизнинг уйғонишига катта ҳисса қўшган, 80 – 90-йиллар республика ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутган бу инсонлар кўп нарса билишарди, афсус, ўзлари билан охират оламига олиб кетишди.

Йил ўтгани сайин бу ғоямни юзага чиқара олишимга кўзим етмай қоляпти. Қани эди, ёшроқ журналист укаларимиздан кимдир давом эттираман деса, жон-жон деб бу лойиҳамни унга топширар эдим. Чунки муҳими ким амалга ошириши эмас, тарихнинг қора нуқтасини оқартириш, эл кўзидан яширилган яқин ўтмишимизни халқимизга етказиб қўйишдир. Баҳосини келажак авлод ўзи бераверсин.

Эслатма: ушбуни ким ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига кўчириб тарқатмоқчи бўлса, олдиндан розиман.

2023 йил февралининг 25-куни.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону