02 August 2009
17:29 - Холиқназар Ғани: Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ва “икс-вариант”
Аввал айтганимдек, мен кўп йиллардан бери (математика фанидан) репетиторлик қиламан. 2008/2009 ўқув йили мавсумида репетитор хизматидан фойдаланишни истовчи абитуриентлар сони кескин камайиб кетганлиги, бунинг сабаби - бултурги кириш имтиҳонларининг ўта адолатсиз, ғирром бўлганлиги туфайли - кириш имтиҳонларига репетиторга қатнаб тайёрланишнинг фойдаси йўқлиги ҳақида ёзган эдим.

Чунки репетиторга борувчилар абитуриент аҳлининг кўпчилигини ташкил этувчи ўртамиёна иқтидорли, мактабда ўқиш ўрнига ойлаб пахтада юрганлиги туфайли билими ҳам нол атрофидаги ўсмир ёшлар бўлиб, улар қанчалик тайёрланишмасин барибир имтиҳонга киритилган учта фаннинг учаласидан ҳам 100% баллни ола олмайди. Мутлақо китоб ўқимасдан керакли “тайёргарлик”ни кўрганлар эса учала фандан ҳам 100% баллни олишади ва қабул режасидаги ҳамма ўринларни эгаллаб, ўз билимига ишонганларга ўқишга кириш имкониятини (шанс) қолдиришмайди. Кириш имтиҳонлари ҳалол-ҳаққоний бўлса, сўзсиз, унга оз бўлсада тайёргарлик кўрган, ҳақиқий билимли абитуриентларнинг имкониятлари саводсиз нодон абитуриентларникига нисбатан зиёд бўлади.

Куни кеча бутун мамлакат бўйича бўлиб ўтган кириш имтиҳонлари ҳам ўтган йилгисидан баттар бўлса бўлганки, дуруст бўлмаган.

Имтиҳон топширган абитуриентларимнинг айтишларича, бу йил “икс-вариант”лардан фойдаланиш анча такомиллашганлиги кузатилган. “Икс-вариант” деганлари - имтиҳонда тушадиган савол ва унга мос тўғри жавобларнинг асосий 2-3 сўзларидан, формулаларидан ёки уларнинг бўлакларидан иборат қисқартма шакллари мажмуи бўлиб, улар қандайдир йўллар билан ДТМдан чиқиб келади, ксеронусхалагичда кўпайтирилиб, абитуриентларга тахминин 1000 АҚШ доллари нархда сотилади.

“Икс вариант”дан унумли фойдаланиш абитуриентда етарли даражада ўзига хос қўникма ва малака бўлишини тақоза қилади. Шунинг учун абитуриентга фан бўйича билим бериш эмас, имтиҳонда “икс-вариант”дан тўғри жавобни тез ва аниқ топишни машқ қилдиришга “ихтисослашган” репетиторлар пайдо бўлмоқда.

Бу кетишда ёшларда ҳақиқий билимни эгаллашга қизиқиш тезлик билан сўниб боради. Ва шундай бўлаётганини мен ўз ўқитувчилик-репетиторлик тажрибамда яққол кўриб турибман.

Ҳайронман, давлат аҳамиятига эга бўлган, бир йилда бир марта бир кун бўладиган кириш имтиҳонларини, наҳотки, рисоладагидек, ҳалол-покиза қилиб ўтказишнинг иложи бўлмаса? Уни президент шахсан ўзи назорат қилса ҳам бўлади-ку?

Сайт маъмуриятидан: Холиқназар Ғани “Бирлик” Партияси Самарқанд вилоят ташкилотининг раисидир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону