19 January 2023
20:29 - Володимир Зеленский: Путин тирикми ва ким қарор қабул қиляпти, тушунмаяпман

Украина президенти Володимир Зеленский Россияда ким билан музокара олиб боришни тушунмаслигини ва Россия президенти Владимир Путиннинг тирик эканлигига ишончи комил эмаслигини айтди.

Володимир Зеленский бу ҳақда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида ўтказилган «Украина нонуштаси»да видеоалоқа орқали сўзлади. Тадбир Виктор Пинчук фонди томонидан трансляция қилинди.

«Бугун мен ким билан ва нима ҳақида гаплашишни тушунмаяпман. Баъзида хромакейда пайдо бўладиган Россия президенти ҳақиқатдан ҳам ўзи эканига ишончим комил эмас. Мен унинг тириклигини, у қарор қабул қиладими ёки у ерда ким қарор қабул қилади, тушунмаяпман. Бундай одамлар доирасига кимлар киради? Менда бундай маълумот йўқ», деди Зеленский.

«Қандай қилиб европалик етакчиларга бир нарсани ваъда қилиб, эртаси куни давлатга кенг кўламли босқинни бошлаш мумкинлигини тушунмаяпман. Мен ким билан ишлаётганимизни тушунмаяпман. «Тинчлик музокаралари» дейилганда ким билан музокара юритилишини билмаяпман... Назаримда, Россия аввалига «кимнидир» топиб, кейин «ниманидир» таклиф қилиши керак», деб қўшимча қилди у.

Россия билан музокаралар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Зеленский, шунингдек, ўз президентлиги даврида Украина томони ўз ерларини дипломатия ёрдамида озод қилиш учун ҳамма нарсани қилганини ва доимий равишда музокаралар олиб боришни таклиф этганини таъкидлади. «Аммо кимдир истамади, кейин кимнидир вақти йўқ эди, кимдир ишонмади ва кимдир шарт қўйди», деди Украина раҳбари.

Кремл Зеленский сўзларини изоҳлар экан, Россия ва Путин Украина ва унинг раҳбари учун катта муаммо эканини айтди.

«Психологик жиҳатдан Зеленский на Россия, на Путин мавжуд бўлишини афзал кўради. Аммо у Россия ҳам, Путин ҳам борлигини ва ҳар доим бўлишини, эртами-кечми улар аксилроссия ҳаракатларидан воз кечиши кераклигини қанчалик тез англаса, Украинадек давлат учун шунчалик яхши», деди Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Унинг сўзларига кўра, Украина «Россия талабларини инобатга олишга тайёрлигини қанчалик тез кўрсатса», «Киев режими уюштирган фожиадан кейин украин халқи шунчалик тезроқ тузалиб кетади».

Россия ҳукумати вакиллари Украина билан тинчлик музокараларига тайёр эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Уларга кўра, айнан Киев позицияси туфайли мулоқот бўлмаяпти. Шу билан бирга, музокаралар фақат Россия Федерацияси шартлари асосида олиб борилиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Бошқа нарсалар қаторида, Москва фикрига кўра, музокараларда аннексия қилинган Украина ҳудудларини қайтариш масаласи муҳокама қилинмаслиги керак. Украина, ўз навбатида, Россиянинг амалдаги президенти ультиматумига ва у билан музокараларга тайёр эмаслигини маълум қиляпти.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону