02 December 2022
06:06 - Юсуф Жума: ТАНГРИНИНГ ЖЎШҚИНИДИРМАН, ТАНГРИНИНГ ТОШҚИНИДИРМАН…

(“Илоҳийдир, илоҳийдир, илоҳий” туркумининг давоми,
боши “ҲАРАКАТ”да яқинда эълон этилган)

БируБордан бошқаси мен учун торлик этар,
Барча кўку, барча ер - бор очун торлик этар.

Барча динни йиғнасам, бир тўртлигим сиғмайди,
Ўзидан эндиргандир, барча дин торлик этар.

Ўзидан ўзга ёлғон, сиғарми ёлғонга чин?!
Йўққа сиғармиди бор, йўқ - ойдин,торлик этар.

Тангрининг жўшқиниман, Тангрининг тошқиниман,
Инга сиғарми чақин, барча ин торлик этар.

Қилсанг Борлиқни идиш, бир сулув болига тор,
Севги Ўзига тенгдир, куну тун торлик этар.

Сулувнинг соясига етай деб ёнар қуёш,
Кун - соямдан бир учқун, бор учқун торлик этар.

Севгини нарвон этиб, Тангрига чиққин, Юсуф,
Севги - чин, Ўзи Чиндир, йўқми Чин, торлик этар.

2022 йил, 19 ноябрь.


Мен Тангрим қарамоғида,
Ўзига уюштиради.
Кўтарар энг ардоғига -
Севгига қовуштиради.

Тўққиз кўкдан оширади,
Ўзига эриштиради,
Туширганда бир сулувнинг
Оёғига туширади.

Кўтарган жойи ҳам баланд,
Туширган пойи ҳам баланд.
Бири - бирисидан баланд,
Жўши билан жўштиради.

Кўтарган жойида Ўзи,
Туширган пойида Ўзи -
Тангри юзли, қоракўзнинг
Оёғига туширади.

2022 йил,14 - 17 ноябрь.


Мени ёқди бош - оёғинг,
Оташга солиб яйрайди.
Ҳар нозингда барча боғнинг
Барча булбули сайрайди.

Жон томирим - узун бўйинг,
Оловдир жонимнинг жойи,
Оташ ҳам қайнаркан, уйи -
Оташда оташ қайнайди.

Қўш тоза ой - қўш қатор тиш,
Ёғдулари урарлар жўш,
Кун оғизга икки ой эш,
Тилинг болида чақнайди.

Қуёш - оғзинг, боли бордир,
Дудоғида мўли бордир,
Жон берувчи тили бордир,
Бериб, олади - ўйнайди.

Бўйинг бор - йўғи икки газ,
Икки дунёсидан кўп соз,
Ўзи юзингчалик холос,
Ўзи юзингда яшайди.

Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ - Худо,
Ўзидан этмасин айро,
Тангри юзингни сўрар, ё
Юзинг Тангрини сўрайди?!…

2022 йил, 25 ноябрь.


Сарғайиб ётган қоғозман, топтаб ўтдинг, юзимда из,
Нодонлардек бир ташландиқ қоғоз эмасман, эй ноқис,
Менга Тангри ҳикматлари, ёғилгандир, битилгандир,
Азиз Қуръони битилган битик наҳот бўлмас Азиз?!…

2022 йил,26 ноябрь.


Тангрини тушунган йўқдир, йўқку ҳеч кимда бутун эс?!
Наҳотки паст бўлиб қолса - шу боисдан чексиз Азиз?!
Мени ҳеч ким тушунмаса, мен паст бўлиб қолармидим,
Кўршапалаклар кўрмаса кундуз саналмасми кундуз?!

2022 йил,26 ноябрь.


Тангридан бошқадан ҳеч чоғ ҳеч нима
Сўрамайман деб шеър ёзгансан, нега
Васлимни тилайсан? - дейсан, юзингда
Тангри бор, Тангридан тилайман, инжа…

2022 йил, 20 ноябрь.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону