Ўзбекистонда хусусийлаштиришнинг янги тўлқини кетяпти. 2025 йил охиригача давлат иштирокидаги корхоналар 75 фоизга камайиши керак. Бу жараёнда қатор йирик корхоналар ҳеч бир танловсиз хусусий қўлларга топшириляпти. Юздан ортиқ нефт-газ конлари ва бозорнинг ярмини назорат қилувчи цемент заводларига офшордаги компаниялар эгалик қилмоқда.
Охирги йилларда давлат корхоналарини хусусийлаштириш зарурлиги кўп бора таъкидланди. Чунки улар самарасиз, жамият учун жуда қимматга тушади ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади. Ўзбекистонда 2021–2025 йиллар оралиғида давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Аммо сўнгги пайтларда бу мавзу марказидаги мунозарали жиҳат сотувлар шаффофлигига ишонч пастлиги билан боғлиқ ҳолда кечмоқда.
Хусусийлаштириш нега керак?
Хусусийлаштиришдан мақсад давлат активларини энг юқори нархларда мулкдорларга топширишдан иборат. Мулкдор мулкни қанча қимматга олса, табиийки, тиккан пулини қайтариб олиш учун ундан шунча самарали фойдаланади.
Давлатнинг иқтисодиётда юқори даражада иштирок этиши ўзаро рақобатга халақит беради, монополия ва коррупцияни урчитади.
Бошқарув самарадорлиги юқори бўлмаган, фақат зарарга ишлайдиган давлат корхоналарини хусусийлаштириш биринчи галда бюджет учун муҳим. Харажатларни камайтиради, бу эса бюджет пулини бошқа муҳимроқ нарсаларга сарфлашга имкон беради.
Шунингдек, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бозор иқтисодиётининг ажралмас қисми, давлат мулкидан янада самарали фойдаланиш, иқтисодиётга давлат аралашувини чеклаш ва хусусий сектор улушини кенгайтириш воситаси ҳисобланади.
Масалан, UzAuto Motors ички бозордаги мавжуд талабни тўлиқ қондира олмаяпти, ишлаб чиқараётган автомашиналарининг нархи ва сифати бўйича ҳам харидорларда турли хил саволлар бор. Шу билан бирга, компанияга берилган имтиёзларнинг сони, муддати ва турфа хиллигининг чегараси йўқдек. Унинг ўрнига мамлакатда хусусий компаниялар кўпайса, ҳам рақобат ортади ва сифат яхшиланади, ҳам давлат бюджетига солиқ тушумлари ошади.
Шифохоналарни сотиб юбориш – бу қанақа хусусийлаштириш?
Хусусийлаштиришнинг яна бир асосий мақсадларидан бири – самарадорликни ошириш. Бу жараённинг адолатли ва шаффоф бўлишида ундаги элементлар жудаям муҳим. Аммо бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган субъектив “ўзбекча” хусусийлаштириш бир қанча саволларни юзага келтирмоқда. Яъни бюрократларнинг субъектив фикри ва ақлига таянилиб, корхоналар танланмоқда ва сотиляпти.
Бунга энг аянчли охирги мисоллардан бири – Республика онкология маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари биноларининг сотувга қўйилиши. Тошкентнинг харидоргир нуқталарида жойлашган бу учта шифохонанинг умумий майдони 17 гектар. Учала объект бўйича ҳам аукцион бир кунда – 12 декабрда ўтказилади. Онкология шифохоналари шаҳар чеккароғида қурилаётган ягона комплексга кўчирилади. Олмазор туманида қурилаётган комплекс кейинги йил май ойида ишга туширилиши айтиляпти. Унинг қурилиши учун 600 млрд сўм ажратилган. Бу 53 млн доллардан кўпроқ маблағ дегани. Бунақа катта қийматдаги давлат буюртмасини олган қурувчи компания ҳам албатта бегона эмас: охирги йилларда Тошкентдаги қурилишлар бўйича миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини тендерсиз олаётган Mimar Group.
Шифохоналарни кўчирилиши ҳам, онкология комплекси қурилиши Mimar Group'га берилиши ҳам ҳукуматнинг ёпиқ қарорлари билан бўляпти.
“Қизилқумцемент” кейси. Шубҳали хусусийлаштириш охир-оқибат барбод бўлган бўлиши мумкин
Ўзбекистонда давлат мулкларининг хусусийлаштирилиши субъектив тарзда амалга оширилган бошқа бир қанча кейсларни ҳам кўриб чиқишимиз мумкин. Давлат хизматчилари қайсидир мулк айнан қайсидир корхонага берилишини белгилашган ва жамоатчилик бошқа потенциал харидорлар ҳақида маълумотга ҳам эга бўлмаган.
Жумладан, энг йирик цемент заводларининг хусусийлаштирилиши. Бундан бир йил олдин “Қизилқумцемент” устав капиталидаги 86,92 фоиз давлат улуши 1,89 триллион сўмга United Cement Group'га (Кипрда рўйхатдан ўтган офшор компания) сотилган эди. Шундан кейин Fusion Wealth Management Ltd компанияси менежери Майкл МакГофи Linkiden'даги саҳифасида “Қизилқумцемент”нинг хусусийлаштирилиши бўйича фикрларини билдириб, ушбу жараён шаффоф тарзда амалга ошмаганини танқид қилганди.
“2021 йилнинг охирида заводнинг ҳар бир акцияси учун 6500 сўм таклиф этилаётганди, бироқ нарх 4859 сўм этиб белгиланган. Бу бозор нархига нисбатан 20 фоиз арзонроқ ва мантиққа тўғри келмайди.
Фирмани бошқариш имконияти жуда қимматга тушиши сабабли бу каби олди-сотдилар жорий нархлардан анча юқори қийматларда содир бўлади. Аммо “Қизилқумцемент” билан бунинг тескариси бўлди. Харид қилаётган фирма заводни бозор нархига нисбатан ҳам анча чегирма билан олган”, – дея ёзганди инвесторнинг вакили, савдо у суҳбатлашган бошқа инвесторлар учун ҳам жуда ажабланарли бўлганини қўшимча қилган ҳолда.
Ўтган давр мобайнида “Қизилқумцемент”га эгалик қилиш бўйича яна баъзи ўзгаришлар бўлган бўлиши мумкин. 29 ноябр ҳолатига, заводнинг 64,1 фоиз улуши акциядорларга, 35,9 фоиз улуши давлатга тегишли экани келтирилган (ўтган йили 86,92 фоиз давлат улиши хусусийлаштирилгани эълон қилинганди). Kun.uz Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати билан боғланиб, “United Cement Group билан тузилган шартнома бекор қилиниб, қайта тузилганми?” деган савол билан мурожаат қилди.
Давактив ахборот хизматининг маълум қилишича, шартнома шартларида сотиб олувчи томонидан шартнома қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширилишига келишилган.
Бунда, “United Cement Group” компаниясига шартнома доирасида белгиланган графикка асосан амалга оширган тўловига мутаносиб равишда улуш қисми ўтказиб борилмоқда.
Шунингдек, бошқа йирик 2та цемент заводлари “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент”нинг катта улушига ҳам Кипрда United Cement Group билан бир хил манзилда рўйхатдан ўтган “Raybirid limited”, “Rayblock limited” ҳамда “Rayeross limited” компаниялари эгалик қилмоқда.
“Бозорнинг ярмини назорат қиладиган учта цемент заводининг битта компанияга ўтиши мамлакатдаги рақобат муҳитига зиён келтирувчи омил ҳисобланади. Бундан ташқари, цемент заводларининг эгалиги бўйича кейинги битимларнинг Ўзбекистондан ташқарида туриб амалга оширилишига замин яратади”, – дея ёзганди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Юздан ортиқ конлар қандай қилиб хусусий компанияга ўтиб кетган?
Яна бир тоифа “хусусийлаштириш” борки, улардаги иккинчи томон расман “хорижий инвестор” деб аталади, аслида эса офшорда компания очган ўзбекистонликларга бориб тақалади.
Одатда хусусийлаштирилаётган активларга талабгорлар очиқ-ойдин айтилади. Конкурс бўлса конкурс тўғрисида, аукцион бўлса, аукцион тўғрисида жараён бошланмасидан аввал жамоатчиликка маълум қилинади. Шартлари ойдинлаштирилади. Аммо юздан ортиқ нефт-газ конлари охирги икки йилда қандай қилиб хусусий компания бўлмиш “Саноат энергетика гуруҳи”нинг қўлига ўтиб қолгани ҳалигача номаълум.
2022 йил май ойидаги расмий маълумотга кўра, компания Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга 103 та конга эгалик қилади. Мамлакатдаги нефт қазиб олишнинг тахминан 80 фоизи, тасдиқланган газ захираларининг эса тахминан 22 фоизи Saneg (компаниянинг ребрендингдан кейинги янги номи) ҳиссасига тўғри келади.
Аввал давлатнинг “Ўзбекнефтгаз” ширкатига қарашли бўлган бундай йирик активлар қандай қилиб хусусий компания қўлига ўтиб қолганини Ўзбекистон расмийлари очиқламаган. Бу конлар текинга бериб юборилгани эҳтимоли ҳам инкор этилмаган.
Бу жараён 2017 йили ташкил этилган Jizzakh Petroleum'га бориб тақалади. Ўшанда янги қўшма корхонанинг 60 фоиз улуши “Ўзбекнефтгаз”га, 40 фоизи эса билвосита “Газпром”га тегишли бўлган. Бу икки таъсисчи Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи қурмоқчи эди. Бу лойиҳа амалга ошмай қолгач, корхонанинг 98 фоиз улуши 2020-2021 йилларда босқичма-босқич Belvor ҳолдингига ўтди. Бунинг баробарида Jizzakh Petroleum номи “Саноат энергетика гуруҳи” дея ўзгартирилди.
Belvor ҳолдинги ҳам Кипрда рўйхатдан ўтган бўлиб, ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозиловга тегишли. Фозилов, шунингдек, Ўзбекистонда бурғилаш бўйича асосий пудратчи бўлмиш Eriell нефт конларига хизмат кўрсатиш компаниясига ҳам эгалик қилади.
Saneg эса нефт ва газ қазиб олишдан ташқари, бензин, дизел, нефт, авиация керосини каби маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Шу йил баҳорда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳам шу компанияга сотилган эди.
“Талимаржон” ИЭС сотилдими ё сотилмадими?
Иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштириш ёки ишончли бошқарувга бериш борасида ҳам кўпгина саволлар бор. Жорий йилнинг 9 сентябр куни Инвестициялар вазирлиги Бирлашган Араб Амирликларининг Mubadala вa TAQA компаниялари билан “Талимаржон” ИЭСни бошқарувчи қўшма корхона тузиб, станциянинг 80 фоиз улуши шу компанияларга берилишини кўзда тутувчи битим имзолаган. Ўтган йили 1,1 трлн сўм соф фойда кўрган давлатнинг бу катта активи хусусийлаштирилиши ёки ишончли бошқарувга берилганига ҳалигача аниқлик киритилмай келинмоқда.
Аввалроқ, йирик иссиқлик станцияларидан яна иккитаси – “Янги Ангрен” ИЭС ва “Ангрен” ИЭС “Central Asia Energy” МЧЖга ишончли бошқарувга топшириб юборилганди. Бу компанияга Қозоғистонда рўйхатдан ўтган “Горние работи” эгалик қилади. Икки ўртада қанақа расмий ва норасмий мажбуриятлар ва келишувлар бўлгани ҳалигача номаълум. Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилни “Ангрен ИЭС” 87,6 млрд сўм, “Ангрен иссиқлик энергияси корхонаси” ДУК 68,3 млрд сўм молиявий зарар билан якунлаган.
Хусусийлаштириш шаффоф бўлмаса, борган сари кўпроқ активлар арзонроққа сотилаверади
Uzcard'даги 75 фоизлик давлат улуши 210 млрд сўмга сотилгани ҳам айрим эътирозларни келтириб чиқарди. Давлат бу компанияни хусусийлаштирмоқчи экан, уни қимматроққа сотиш учун МЧЖдан АЖга айлантириши, шу тариқа 25 фоиз улушга эга хусусий улушдорларнинг эксклюзив ҳуқуқини айланиб ўтиши керак эмасмиди?
Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг 100 фоизлик давлат улуши Abu Dhabi Uzbek Investment инвестициявий фонди томонидан 87 миллион доллар эвазига сотиб олингани ижтимоий тармоқларда турлича қабул қилинди. Меҳмонхона 2013-2016 йиллар оралиғида қурилган ва лойиҳа қиймати тахминан 205 миллион долларни ташкил этган.
Шаффоф ва очиқ бозорда рўй бермаган хусусийлаштириш ҳолатлари самарали сармояларнинг камайиб боришига олиб келади. Хусусийлаштириш натижаларига жамият тарафидан шубҳа уйғонади, натижада давлат объектларини олган сармоядорлар етарлича сармоя киритишмайди, чунки мулк устидаги ҳақлари шубҳали эканини ўзлари яхши тушунишади.
Ёмон репутация потенциал инвесторларнинг савдоларда иштирок этиши ва Ўзбекистонга пул киритишига тўсқинлик қилади. Бу эса соғлом рақобатни чеклайди. Натижа давлат активларининг паст нархларда ўзимизнинг қоракўзларга турли хил имтиёзлар билан қўшиб сотилишига олиб келиши мумкин.
“Ўзбекистонда олигархия вужудга келиши хавфи юқори”
Жаҳон банки ҳисоботида ёзилишича, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда жамият манфаати эмас, якка ўз манфаатини кўзловчи шахсларнинг ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи юқори чўққига чиқиши мумкин.
Халқаро экспертларнинг постсовет давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб хулоса қилишича, олигархлар таъсирининг ошишида ерни ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари асосий ўрин тутади.
Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қилган охирги хулосаларига кўра, хусусийлаштириш тўғрисидаги янги қонун хусусийлаштириш жараёнининг шаффоф ва рақобатли ўтишига ёрдам бериши керак. Хусусан, йирик қурилиш ва инфратузилмавий лойиҳаларда манфаатлар тўқнашувини камайтиришни кўзда тутувчи бенефициарликка оид талабларни кучайтириш орқали бошқарув тизимини яхшилаш лозим.
Умуман олганда, Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларидаги асосий мақсад давлат тасарруфидаги мулкни иложи борича кўпроқ самара берадиган ташкилот ва инсонларга имкон қадар қиммат нархларда беришдир. Бу шаффоф ва рақобат тамойиллари асосида кечиши лозим. Бунда албатта жамоатчилик иштироки керак. Лекин бу бўйича айтарли ижобий жиҳатлар мавжуд эмас.
Достон Аҳроров
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Ислом Каримов
Ўзбекистон Коммунистик партиясининг собиқ раҳбари, Ўзбекистоннинг жорийдаги Президенти
Добавить сведения