15 November 2022
19:23 - Жо Байденнинг АҚШ Президенти сифатида Хитой Компартияси Раиси Си Жинпинг билан учрашуви
Индонезиянинг Бали оролида “Катта Йигирматалик” саммити очилиши арафасида Жо Байденнинг АҚШ Президенти сифатида Хитой Компартияси Раиси Си Жинпинг билан илк бор учрашув ўтказиши асосий диққат марказида бўлди.

Жо Байден хитойликлар етакчиси билан мулоқот очиқ ва самимий ўтганини таъкидлади. Си Жинпингни у “доимгидек - чўрткесар ва дангал” деб атади, шу билан бирга айрим масалаларда муросага тайёрлигини эътироф этди.

Журналистларнинг Тайван масаласи туфайли АҚШ ва Хитой ўртасида совуқ уруш келиб чиқиши эҳтимоли тўғрисидаги саволига Жо Байден шундай жавоб қайтарди: “Мен мутлақо аминманки, янги совуқ уруши бўлмайди… Мен Хитой томонидан Тайванга қандайдир босқин бўлиши муқаррар деб ўйламайман”.

Жо Байден АҚШнинг Тайван бўйича сиёсати ўзгармаганига ишора қилди ва АҚШ муаммолар тинч йўл билан ҳал этилишини исташини айтди.

“Ишончим комилки, [Си Жинпинг] мен нимани назарда тутганимни аниқ тушунади”, дея қўшимча қилди Жо Байден.

Икки етакчи ҳам ядро қуроли қўлланишига йўл қўйилмаслиги, жумладан Украинада бу қуролдан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлашибди. Си Жинпинг урушнинг сўнгги ойларидаги вазиятдан қаттиқ хавотирда эканини айтди. Бунгача Хитой вазминликка чақирган, лекин ўзининг муҳим савдо ҳамкори бўлган Россия босқинини очиқчасига қораламаганди.

“Президент Жо Байден ва Раис Си Жинпинг ядро урушини бошлаш керак эмаслиги ва унда ғолиб томон бўлмаслиги, Украинадаги ядровий таҳдидларга тоқат қилмасликлари ҳақида ҳамфикр эканликларини таъкидладилар”, дейилади Оқ Уйнинг учрашувдан кейин берган хабарида.

Жо Байден ва Си Жинпинг эҳтиёткорона-ижобий учрашув ўтказдилар

Жо Байден Балига якшанба куни етиб келди ва душанба куни Си Жинпинг билан уч соатлик музокаралар ўтказди. Бу унинг АҚШ Президенти сифатида Хитой Раҳбари билан илк бор юзма-юз учрашув ўтказиши эди. Учрашув режалаштирилганидан бир соатга кўпроқ давом этди, саммитда ишлаётган журналистлар фикрича, бу яхши белги бўлиши мумкин - етакчилар барча масалаларни муҳокама қилиб олиш учун вақт ажратишга тайёр бўлишган.

Тайван атрофидаги кескинлик, айниқса август ойи бошида бу ерга АҚШ Вакиллар Палатаси спикери Нэнси Пелосининг ташрифидан кейин кўпчилик АҚШ, Хитой ёки Тайван томонидан қўйиладиган ҳар қанда нотўғри қадам ҳарбий можарога ёки ҳатто очиқ урушга олиб келиши мумкинлигидан хавотирлана бошлаганди. Журналистлар ва экспертлар фикрича, бу учрашув арафасида икки томон ҳам муросага келиш кайфиятида экани сезилиб турган.

Си Жинпинг Хитой-Америка муносабатлари хавотирга солаётганини ва бу айниқса дунё “иккиланиб қолган” маҳалда халқаро ҳамжамият улардан кутаётган нарса эмаслигини тан олган.

“Биз Хитой-Америка муносабатлари учун тўғри йўналишни белгилашимиз даркор”, деган у Жо Байденга.

Жо Байден эса музокаралар якунида АҚШ Хитой билан “кучли рақобатлашиш”ни давом эттириши, аммо бунда рақобат зиддиятлашувга айланиб кетмаслиги кераклигини айтган. У Хитойнинг Тайванга қарши мажбурлаш ва тобора кучайиб бораётган тажовузкорлик ҳаракатларига эътироз билдирган, Россиянинг Украинага босқини масаласини кўтарган ҳамда Шимолий Кореянинг “провокацион” хатти-ҳаракатлари юзасидан хавотир билдирган.

Хитой давлат нашрлари икки етакчи учрашуви қандай ўтганини ўз талқинида тақдим этган. Унга кўра, Си Жинпинг АҚШни Тайван билан боғлиқ вазиятда “қизил чизиқ”ни кесиб ўтмасликдан огоҳлантирган. Орол - ўзини ўзи бошқарувчи демократия, аммо Пекин уни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб билади ва эртами кечми Хитойнинг материк қисми билан бирлашиши керак деб ҳисоблайди.

Вашингон эса Хитой Шимолий Кореяда ядро синовларининг олдини олишга ҳаракат қилиши шарт деб ҳисоблайди, агар синовлар барибир амалга оширилса, АҚШ Хитойга қарши қаратилмаган, аммо КХДР учун сигнал вазифасини ўтовчи мудофаа характеридаги “маълум ҳаракатлар”ни амалга оширади. Ва бу масалада ҳар қандай англашилмовчиликдан қочиш керак бўлади.

“Мен барча етакчилар билан, айниқса Си Жинпинг билан жуда очиқ гаплашмоқчиман, тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун нима демоқчилигим ва нимани назарда тутганимни айтаман. Менда хавотир уйғотаётган энг катта муаммо - бу томонларнинг ниятлари ёки ҳаракатлари нотўғри тушунилишидир”, деган эди Жо Байден.

Жо Байден ва Си Жинпинг ўзлари кўриб чиққан мавзулар ўз жамоалари томонидан ҳам муҳокама этилиши давом эттирилиши борасида келишиб олишган, шу мақсадда Хитойга АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкеннинг ташрифи амалга оширилиши катта мувафақиат бўлиши тан олинибди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону