28 October 2022
16:44 - Транспорт Вазири трамвай ҳақидаги саволга жавоб бергани ва унинг жавоби ҳақида

Пойтахт бош режаси муаллифлари шаҳарга трамвайни қайтармоқчи эмас экан. Илҳом Маҳкамов эса Тошкентда трамвай бўлмаслиги ҳақида ҳали қарор қабул қилинмаганини айтиш билан чекланибди.

Транспорт Вазири Илҳом Маҳкамов мухбирининг Тошкентдаги тирбандликлар ва шаҳарга трамвайни қайтариш ҳақидаги саволларига жавоб берди.

“Бугунги кундаги тирбандликларга аҳамият берсак, Тошкент шаҳрининг ўзида тирбандликлар 9-10 баллгача чиқиб кетмоқда. Лекин Навоий, Фарғона йўли кўчаларининг реконструкциясидан келиб чиқсак, Себзор чорраҳаларини инобатга олсак, у ерда тирбандлик бўлгани билан, автомобиллар бир жойда туриб қолгани йўқ. Улар тўхтовсиз юриш режимида.

Мана шу кўчалар реконструкцияси Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқаётган лойиҳа офиси ҳамда хорижий мутахассислар билан биргаликда лойиҳалаштирилган эди.
Эндиги мақсадимиз – шаҳар ҳокими билан бирга Тошкент шаҳрининг барча чорраҳа ва кўчаларини айнан шу лойиҳа асосида ташкил қилишдир”, – дебди Транспорт Вазири Илҳом Маҳкамов.

Хўш, бу режалар орасида Тошкентга трамвайни қайтариш ҳам кўзда тутилмоқдами?

“Президентимизга Тошкент шаҳри бош режасининг дастлабки кўриниши тақдим этилди. Айни вақт унинг устида ишлаш, сўнгги босқич ва тасдиқлаш жараёнларигача олиб бориш кетмоқда.

Транспорт Вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти қошида лойиҳа офиси ташкил топган эди. Пойтахтнинг бош режаси мана шу офис билан бирга мукаммал равишда ишлаб чиқилган. Тошкентда трамвай бўлмайди деган қарор ҳали қабул қилинган эмас. 2030-2040 йилгача метрополитенни ривожлантириш, трамвай йўналишларимиз қаерда бўлиши – умуман бу каби масалалар халқаро консултантлар, лойиҳа офиси билан бирга мазкур бош режа охирига етказилиб, тасдиқлангунгача бўлган вақтгача биргаликда ишланади.

Битта нарсани айтишим лозим, бош режа, трамвай қўйиш, метрополитенни ривожлантириш масалалари алоҳида кетаётгани йўқ. Буларнинг барчаси уйғун ҳолда битта жамоа билан бирга ишлаб чиқилмоқда”, – дебди Илҳом Маҳкамов Туркий Давлатлар Ташкилоти Транспорт Вазирлари Мажлиси доирасида мухбиримизга берган интервьюсида.

Июл ойида Тбилиси шаҳри мэрининг Тошкентга ташрифи вақтида грузин шоири Шота Руставели номига атаб қўйилган кўчада трамвай ҳаракатини тиклаш режаси борлиги айтилганди.

Ўша ойда шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев шаҳар кенгашидаги чиқишида ҳам трамвай ҳақида гапириб, Тошкент шаҳрида замонавий овозсиз трамвайни ишга тушириш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини август ойида ишлаб чиқиш режа қилинганини айтган экан.

Жўраевга кўра, трамвайлар Чилонзор буюм бозоридан Шимолий вокзал орқали ТТЗ мавзесигача боришига оид эҳтимолий маршрут муҳокамада эканини билдириб, шаҳар учун ортиқча шовқинсиз ҳаракатланадиган трамвайлар сотиб олинишини таъкидлаганди.

18 октябр куни Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси президентга тақдим этилди. Лойиҳадан трамвайни қайтаришга оид режалар ўрин олмаган.

Лойиҳа муаллифлари “нархи қимматлиги боис” трамвай тармоғини эмас, балки юқори тезликда ҳаракатланувчи автобус учун ажратилган йўлаклар қуришни таклиф қилишган.

Бу борада иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам муносабат билдирган эди. Унинг қайд этишича, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси муаллифлари нархи қимматлиги боис трамвай тармоғини эмас, балки юқори тезликда ҳаракатланувчи автобус учун ажратилган йўлаклар қуришни ҳам таклиф қилишган.

Ҳисоб-китобларда 1 дона трамвайнинг нархи 2,5 млн евро, 1 км трамвай йўлининг нархи эса 12 млн евро деб олинган. Лекин, иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, охирги марта Чехиядан сотиб олинган Vario LF трамвайларининг ҳар бири кафолатли муддати билан 1 миллион доллардан тушган эди.

“Агар ҳар бир км трамвай йўли 12 млн евродан тушса, демак, 2008-2016 йилларда бир неча миллиард доллар ҳавога совурилган экан-да.

Расмийларнинг ўзаро узвий бўлмаган муносабатларидан шундай хулосага келса бўладики, Тошкентга трамвайни қайтариш бўйича хоҳишлар самимий эмас”, – деб хулоса қилибди иқтисодчи.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону