17 October 2022
13:07 - Ўзбекистон ичидаги “ўлим фронти” – йўллардаги автоҳалокатларни камайтириш учун нима қилиш керак?
Бу Ўзбекистонда сўнгги бир неча кунда юз берган автоҳалокатлар. Бу рақамларни йил ҳисобига умумлаштирганда Ўзбекистонда масалан, 2021 йилда жами 10 минг 1 та йўл транспорт-ҳодисаси содир бўлган ва уларда 2436 киши ҳалок бўлган.

Аммо, аниқки, ҳозир ҳам кўпчилик бу маълумотларни шунчаки рақам, навбатдаги статистика сифатида, киприк қоқмай ўқимоқда.

Бу худдики турмушимизда оддий ҳолат, бўлиб туриши керак бўлган ишдек қабул қилинмоқда. Хўш, нега шундай? Нега бу каби ҳодисалар жамиятда оддий ҳолдек қабул қилинмоқда, нега бугунги маданиятимиз шу даражага келиб қолди?

Ўзбекистонда рўй бераётган автоҳалокатлар, ҳайдовчилар маданияти ва автоҳалокатларга сабаб бўлаётган бошқа сабаблар таҳлилига оид саволлар билан адвокатимиз Камол Баҳовуддиновга юзланди.

- Камолиддин ака, автоҳалокатларнинг сабаблари, бу борадаги рақамлар соҳага масъул органлар томонидан тез-тез эълон қилинади. Масалан, таҳлил қилинганда Ўзбекистондаги автоҳалокатларнинг 20 фоиздан ортиғи ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка риоя қилмаслиги – ҳайдовчилик маданияти етишмаслиги оқибатида содир бўлмоқда. Айтинг-чи, нега ўзбекистонликларда мана шу маданият ўсмаяпти, хато қаерда? Йўлларда тезлик нотўғри белгиланганми, жазо юмшоқми, қаттиқми, нимада?

- Биз қоидага амал қиладиган миллатмизми ёки уни бузишга мойил миллатми? Бизга хавфсиз ҳаракатланиш керакми ёки йўқ? Йўллардаги автоҳалокатларнинг қисқаришидан манфаатдормизми ёки йўқ? Ана шу саволларга жавоб топилган куни шаҳар кўчаларида тартиб ўрнатилганини кўришингиз мумкин.

Автоҳалокатларнинг асосий сабаби миллатимиз вакилларининг нечоғлик ана шу қоидаларга амал қилишни исташ ёки истамаслигида. Кунора автоҳалокатлар ҳақида эшитиб қоламиз. У ҳам кимнидир отаси, фарзанди ёки жигари. Ана шундай пайтларда менда битта савол туғилади? Бу фалокатнинг олдини олиш мумкинмиди ёки йўқ. Албатта, мумкин эди. Дейлик, яқинларимиз оиламиз бор. Бу ҳаёт бизники, яхши кунларни кўриш ва севиб, севилиб яшаш учун тирик бўлишимиз керак. Тирик юриш учун эса маълум қоидаларга амал қилишимиз зарур.

Нима учун қон билан ёзилган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилгин деб биров бизни мажбур қилиши керак? Ҳаётимиз ўзимиз учун ширин эмасми? Нима учун ЙПХ ходимлари бизни камар тақиб юришга мажбурлаши керак? Нима учун ўзимиз онгли равишда бунга амал қилмаймиз? Йўл ҳаракатига амал қилишни талаб қилган инсон қолиб, оқибат биз билан рўй беради-ку. Бунинг бадалини эса ўзимиз билан бирга бошқалар ҳам тўлашга мажбур бўлишади. Қоидани ким бузди-ю, бадалини ким тўлади? Бу жуда ҳам ачинарли аҳвол. Токи ҳар бир инсон, у хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ пиёда остона ҳатлаб кўчага чиқа туриб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни кўнглига тугмас экан, биз ҳар йили юқоридаги каби ҳисоботларни ўқишда давом этаверамиз.

- Нима учун одамлар белгиланган тезликка амал қилишни ўрганмаяпти? Нима қилиш керак?

- Жазо чораларини кескин ошириш муаммога ечим бўлмаслиги ўз исботини топди. Нима учун бошқа ўрнак бўладиган мамлакатлардаги амалиётни ўзимизда қўллай олмаймиз? Масалан, Финландия ёки Исландия. Исландияда ўтган бир неча йилда ўлим билан тугаган бирорта ЙТҲ қайд этилмаган. Ёки Стокҳолмни олайлик. У ерда антиқа ҳолат бор экан. Яъни умуман қоида бузмаган ҳайдовчилар автоматик тарзда камераларга муҳрланиб, ўзига хос лотерея иштирокчисига айланар экан. Ушбу махсус лотереянинг махсус фонди бўлиб, унинг маблағлари белгиланган тезликни бузувчи ҳайдовчилардан ундириладиган жарималардан йиғилар экан. Бу ҳам қоидани бузмаган ҳайдовчиларга қандайдир рағбат бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам рағбат йўли билан мақсадга эришиш осон бўлади. Фақат жазо усули билан мақсадга эришиш мумкин бўлганда, бизда ўлим билан тугаган ЙТҲлар сони кескин камайиши керак эди. Чунки жарималаримиз мукаммал, сумма ҳам оз эмас.

- Бу усул қоида бузмайдиганлар учун рағбат бўла олар, аммо бузадиганлар билан қандай ишлаш керак?

- Шундай қоидабузарликлар борки, қоидани бузган одам бу жаримани бемалол тўлай олади. Бу қоидабузарлик ёпилгандан сўнг, у кейингиси учун бемалол ўзига йўл оча олади. Балким биз мана шундай мунтазам қоида бузувчи ҳайдовчилар учун бошқа бир жазо турини татбиқ этишимиз керак. У моддий кўринишда бўлмасин, балки ҳайдовчилик гувоҳномасидан ёки машина ҳайдаш ҳуқуқидан вақтинчалик четлатиш кўринишида ҳам бўлиши мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону