Ўзбекистонда дам олиш масканлари сони ва улардаги нархлар аҳоли ўсиш кўрсаткичлари ва даромадларига умуман мос эмас. Биргина Тошкент вилоятида катта туристик салоҳият бўлса-да, фақат бойлар учун янги лойиҳалар қилинаётгандек кўриняпти. Бўстонлиқ туманида эксклюзив ваколатларга эга бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов президент топшириқларини бажара олмаяптими?
Президент фармони билан 2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинганди. Унда бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси (ҳозирги туризм ва маданий мерос вазири) “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллаши, шунингдек, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб бориши кўзда тутилганди.
Содда қилиб айтганда, Азиз Абдуҳакимовга Бўстонлиқ туманида катта ваколатлар берилганди. Шундан кейин Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди. Унда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хусусан туризм инфратузилмасининг барча мавсумда ишлаш фаолиятини таъминлаш кўзда тутилганди. Аммо ўтган икки йил вақт давомида янги туристик йўналишлар очиш бўйича Азиз Абдуҳакимовга берилган топшириқлар кўнгилдагидек бажарилгани йўқ.
Вилоятда туризм имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганини давлат раҳбари ҳам танқид қилди.
“Дам олиш кунлари Тошкент вилояти йўлларида катта тирбандликлар бўлади. Чунки ҳамма Бўстонлиққа чиқади. Нега Паркентда ҳам шунақа тизим қилмаймиз? Паркент шашлиги ва сомсасини кўпчилик яхши кўради-ку. Кеча барча масъулларга топшириқ бердим, Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қиламиз. Асосий юк Бўстонлиққа тушяпти, лекин бу ерда ҳам лойиҳалар охирига етказилмаган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Шунча имкониятимиз бор, лекин фойдаланмаймиз. Одамларга шароит яратиб берилса, дам олишга чиқишни хоҳлайдиганлар жуда кўп. Худога шукр, халқимизда пул бор. Лекин уларга етарли шароит йўқ”, – деди президент куни кеча Тошкент вилоятига сафари давомида.
Ўтган ҳафта Шавкат Мирзиё раислигида ўтказилган, ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда туризм вазири Азиз Абдуҳакимов, молия вазири Тимур Ишметов, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ва Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновга қатъий огоҳлантириш берилганди.
Тошкент вилоятининг туристик салоҳияти нега ошмаяпти?
Тошкент вилоятининг туризм салоҳияти жуда юқори. Лекин узоқ йиллар давомида бундан етарлича фойдаланилмади. Баҳаво табиат, қулай иқлим ва йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти бўлса-да, ҳудудда сайёҳларни жалб этадиган йирик ва замонавий лойиҳалар амалга оширилмади.
Ҳозирда Бўстонлиқда 1 ҳафталик дам олиш харажати Анталия, Тбилиси ёки Таиланддаги 1 ҳафталик ҳордиқ харажатидан қимматга тушяпти. Ҳостеллар, меҳмонхоналар, дам олиш зоналари эгалари мамлакатда мулк ҳуқуқи кафолатланмагани учун қилган харажатларини тезда чиқариб олишга ҳаракат қилишади. Бу эса таклиф ниҳоятда чегараланган бўлгани сабабли ҳам нархларнинг ошиб кетишига олиб келяпти.
Бундан ташқари, ички туризм кўрсаткичларининг ўсиши аҳоли даромадлари ўсиши кўрсаткичларидан ошиб кета олмайди. Ўзбекистондаги аксар одамларнинг турмуш даражаси ва даромадлари юқори эмас. Уларнинг Амирсойдаги автомобиль тўхташ жойлари учун 150 минг сўм пул тўлашга имконияти етмайди.
Тошкент шаҳри аҳолиси йилдан йилга ўсиб бормоқда. Шаҳардаги мавжуд боғлар эса шиддатли тарзда кўнгилочар паркларга айлантириляпти. Бунинг оқибатида охирги йилларда аҳоли орасида шаҳардан ташқарига чиқишга бўлган интилиш кучайди. Ташриф буюрувчилар учун икки ва уч юлдузли меҳмонхоналар тизимини кенгайтириш керак. Ўзбекистонда ички туристларга нисбатан ҳам «бой қатлам» сифатида қаралиб, доимий равишда уларга қиммат хизматлар тақдим қилинади.
Тошкент вилоятидаги асосий туристик йўналишлар Чорвоқ, Чимён, Амирсой ҳудудлари ҳисобланади. Туристлар оқимининг кўпайиши табиий равишда инфратузилманинг такомиллашишига эҳтиёж яратмоқда. Дам олиш зоналарида автотураргоҳлар етарли эмас, объектга нисбатан тўғри ҳисоб-китоб қилинмаган. Машиналар йўл четига жойлаштирилиши ҳисобидан тирбандликлар юзага келмоқда.
Туристик маҳсулот тўлиқ жозибадорлигини сақлаб қолиши учун фақатгина дам олиш масканининг ўзини муҳташам қилиш етарли эмас. У жойларга олиб бориладиган йўллар ҳам кенгайтирилиши керак.
Алтернатив транспорт воситалари ҳам йўлга қўйилмаган. Комфортли, панорамик ойналарга эга поездлар чет элларда жуда оммабоп транспорт воситаларидан ҳисобланади.
Умуман олганда, Тошкент вилоятида туризм учун улкан потенциал бор. Аммо бу ёмон инфратузилма ва нархларнинг ўта юқорилиги, муқобил ҳудудлар, масалан, Паркент, Ангрен ва Оҳангароннинг тоғли қисмларидан самарали фойдаланилмаётгани ортидан ўсиб бораётган талабни қондира олмаяпти.
Чорвоқнинг суви қуриб бормоқда
Тошкент вилояти туризми жозибадорлигини оширувчи кам сонли ва энг асосий нуқталаридан бири – Чорвоқ сув омборидир. Унинг қуриб бораётгани, атрофидаги флора ва фаунага етказилаётган зарар – эътибор қаратилиши зарур бўлган муҳим жиҳатлардан бири.
Бу объект ёз мавсумида кўплаб фуқароларни қабул қилади. Бу ерда экологик ҳолатнинг ёмонлашиши эса ёз мавсумида дам олувчиларнинг оқимини бошқа кичикроқ объектларга йўналтиради ва ўша объектларда тиғизлик ва гавжумликни бир неча каррага ошириб юборади.
Айни вазиятда “Чорвоқ” сув омбори соҳилига чиқиндилар ташланиши ҳолатининг олдини олиш устида бош қотириш керак. Бу борада жамоатчилик назорати ва чиқиндиларни тозалаш хизматидан фаол фойдаланиш ёки кузатув камералари ўрнатиб чиқинди ташлайдиган дам олувчиларга жарима солиш билан мавжуд муаммони қисман юмшатиш мумкин.
Умуман, мавжуд вазият аҳоли сони ва дам олиш масканларига талаб ошиб бораётган бир вақтда Тошкент шаҳри ва вилоятида бундай объектларни кўпайтириш, мавжудларини такомиллаштиришга зарурат борлигини кўрсатмоқда. Бу борада берилаётган топшириқ ва ваколатларнинг ижроси эса айтарли сезилаётгани йўқ.