25 September 2022
14:12 - Оддий талабанинг бир ойлик харажати қанчага тушади? Шунга ишонадиганлар борми!
Олий маълумот жиддий зарурат, аксарият ота-оналар ўз фарзандларини ўқитишни исташади. Аммо ҳаётий кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, бир талабанинг ойлик ёки йиллик харажатлари оилаларни ўйлантириб қўйиши тайин.

Энг арзон ва стипендиясиз контракт миқдори 6,4 млн сўм. Ўзбекистонда ҳам қатор хорижий ва хусусий олий ўқув юртлари очиляпти ҳамда улардаги контракт тўлови 40-50 млн сўмгача етиши мумкин. Биз давлат тасарруфида бўлган юқори чегара – 11-12 млн сўмга тўхталамиз. Шу тарзда ўрта статистик контрактни йилига 8 млн сўм деб белгиласак бўлади. Бу эса ойига ўртача 670 минг сўм дегани.

Бу харажат ҳам кескин фарқланувчан. Яъни талаба ўртача 200 минг тўлаб ётоқхонада яшаши ёки ўзига алоҳида квартира олиб, 300 долларни шақиллатиб санаб бериши ҳам мумкин. Шунингдек, вилоятлар, Тошкент ва турли шаҳарлардаги нархлар ҳам анча фарқланади.

Ётоқхоналар билан боғлиқ вазиятни кўрган ҳолда, биз ҳисоб учун талабалар одатда энг кўп қўллайдиган усул ва оммабоп нархни оламиз. Аксарият талабалар 4 киши бўлиб ўртача нархи 200 доллар бўлган квартираларни ижарага олишади. Бу бир кишига 50 доллар, ёки ойига 550 минг сўм дегани. Таъкидлаш шарт: бу ўрта статистик рақам!

Талабанинг буханка нондан ўзга нарса емаслигига оид латифаларни кўп эшитганмиз. Лекин у ҳам тирик жон, инсон. Қолаверса, ҳозирги замонда йирик шаҳарлардаги аксарият умумий овқатланиш нуқталарининг мижозлари айнан талабалардир. Биз умумий шерикчилик тамойилидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қиламиз. Яъни 4 кишилик, яна ҳаммаси ёш, яхши ейдиган рўзғорга бир ҳафталик бозорлик камида 400-500 минг сўм бўлиши лозим. Рақамнинг катталиги сабаби, ҳозирги кунда талабалар орасида уйидан озиқ-овқат олиб келиш анъанаси камайиб кетди. Чунки уйидагилар ҳам деярли ҳамма озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб ейишади.

Бундан ташқари ойига ўртача 25 кун кўчада қилинадиган тушлик бор. Ҳозир талабалар учун ишлайдиган ижтимоий ошхоналар деярли қолмади ва ҳамма бозор иқтисодиётига юзланмоқда. Битта тушлик эса камида 15-20 минг.

Шу тарзда бир талаба егулик учун камида (!) 700 минг-1 млн сўм сарфлаб қўяди.

Талабалар ҳам кучайиб кетишган. Олдин ҳамма жамоат транспортида юрган бўлса, ҳозир такси улуши ҳам муттасил ошиб бормоқда. Ойига 25-26 кун қатновнинг 20 кунини жамоат транспортига, қолганини таксига ажратамиз. 20 кун ўртача 3 минг, бу 60 минг. 5 кун ўртача 12 минг – буям 60 минг сўм. Ҳар иккисига 120 минг сўм. Албатта, талабалар учун чиқарилган “проездной”лар олиш мумкин. Лекин улар ҳамма жойда амал қилмайди. Қолаверса, талаба фақат ўқишга бориб келиш билан чекланиб қолмайди. Демак 120 минг сўм ҳақиқатга яқин.

Мана бу анча нозик масала. Йигитларда ва қизларда, мода ортидан қувувчиларда ва бунга қизиқмайдиганларда, бойнинг боласида ва имконияти чекланганларда кескин фарқланади. Лекин биз ўртасини олишга келишганмиз. Буни йиллик 1,8 млн деб олайлик, ойликка бўлганда эса 150 минг деб яхлитлаймиз. Баҳсли албатта, лекин мунтазам ва қолдириб бўлмайдиган харажатлар қаторида бўлмагани учун аниқ мезон йўқ.

Талабани оч қолдирсанг қолдир, лекин интернетини узиб қўйма! Гаджетлар харидини ойларга бўлиш, ойлик алоқа ва интернет учун бемалол 150 минг ажратавериш мумкин, ишонаверинг.

Талабалик олтин давр. Кўнгилочар дастурлар эса харажатсиз битмайди. Албатта, бу ҳам баҳсли, мунтазам бўлмаган ва ҳар ким учун ҳар хил харажат. Лекин ойига 100 мингсиз битмайди.

Хўш, унда қандай манзарага дуч келамиз деган савол туғилиши аниқ.

670.000+550.000+850.000+120.000+150.000+150.00+100.000=2.590.000, яъни тақрибан 2,5 млн сўм!

Албатта, грант асосида ўқиш, стипендия олиш, ётоқхонада яшаш, ейиш ва ичишни қисқартириш, кўнгилочар тадбирлардан воз кечиш орқали бу харажатни анча камайтириш мумкин. Лекин шунда ҳам 1,5 млн сўмдан камига бир талабани бир ой давомида таъминлашнинг амалда иложи йўқ.

Кўринадики, боласини ўқитмоқчи бўлган ота-оналар белни маҳкам боғлашлари, ёки талабаларнинг ўзи ҳаёт сабоғига тезроқ рўбарў келиб, ишлашни бошлашлари зарур бўлади.

Хуллас, нархлар статистик тадқиқотларга эмас, ҳаётий кузатувлар ва сўровларга асосан шакллантирилган. Умуман, бу борада бирор расмий тадқиқот олиб борилгани маълум эмас.

Демак, оддий кунда оддий ҳаёт оғир! Қани айтинг, бизда қанча оддий даромад бор!?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону