Аввалроқ Украина Стратегик Коммуникациялар Маркази Amnesty International ҳисобот тайёрлаш учун Россия назорати остидаги ҳудудлардаги қамоқхоналар ёки “фильтрацион лагерлар”даги одамларнинг кўрсатмаларидан фойдаланганини билдирганди.
Amnesty International ташкилоти Украина қуролли кучлари аҳоли турар жойлари, мактаб ва шифохоналарда жойлашгани тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлашда Россия назорати остидаги ҳудудларда яшовчи аҳолининг кўрсатмаларидан фойдаланилганини инкор этганди.
Ташкилот Украина стратегик коммуникациялар марказининг тегишли баёнотига ана шундай жавоб қайтарди. Аввалроқ марказ ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ҳисобот тайёрлаш учун Россия назорати остидаги ҳудудлардаги қамоқхоналар ёки “фильтрацион лагерлар”даги одамларнинг кўрсатмаларидан фойдаланганини таъкидлаганди.
“Биз қўшимча далиллар тўплаш учун интервью олган одамларнинг ҳеч бири Россия қамоқхоналари ёки “фильтрацион лагерлари” ёхуд Amnesty International кира олмайдиган Россия назорати остидаги ҳудудлардан эмас”, дейилади ташкилот баёнотида.
4 август куни Amnesty International “Украина уруши тактикаси тинч аҳолига хавф туғдиряпти” номли ҳисоботини эълон қилди. Унда ҳуқуқ ҳимоячилари УҚК бўлинмалари бир неча бор турар жойлар, мактаблар ва касалхоналар ҳудудида ўз техникаларини жойлаштиргани ҳамда шу позициялардан ўқ узганини, бу эса тинч аҳоли учун хавф туғдираётганини таъкидлаганди.
Ташкилотнинг Украинадаги ваколатхонаси директори Оксана Покалчук ҳисобот эълон қилинган куннинг эртасига ишдан бўшагани ҳам эълон қилинганди.