07 June 2022
18:35 - Владимир Зеленский: Украинанинг Европа иттифоқига аъзолиги масаласи Европа келажагини ҳал қилади

Европа Иттифоқи яқин ҳафталарда Украина учун номзодлик мақоми бўйича қарор қабул қилади, деди Зеленский. Бу нафақат Украина тақдирини, балки “бутун Европа лойиҳаси”ни ҳал қилади, дебди у.

Украина Президенти Владимир Зеленский яқин ҳафталарда унинг мамлакати учун ЕИ аъзолигига номзод мақоми масаласи ҳал қилинишини кутмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари 6 июнь, душанба куни ўзининг кунлик видеомурожаатида маълум қилди.

“Мен ишонаманки, бу нафақат Украина, балки бутун Европа лойиҳаси – унинг ҳақиқатан ҳам кучли иттифоқ сифатида келажаги бор-йўқлиги ҳақидаги қарор бўлади”, - дебди Зеленский. Украина президентининг сўзларига кўра, у польшалик ҳамкасби Анжей Дуда билан Украина учун ЕИга номзодлик мақоми масаласини муҳокама қилган.

Еврокомиссия июнь ойида Россия томонидан ҳужумга учраган Украина учун ЕИга номзодлик мақоми ҳақидаги аризани кўриб чиқмоқчи. Германия федерал ҳукумати ҳали бу масалада маълум бир позицияни эгаллагани йўқ. Бироқ Германия Канцлери Олаф Шольц Европа иттифоқига аъзо бўлиш учун “қисқа йўл” йўқлигини ва Украинанинг Европа иттифоқига қўшилиши узоқ йилларга чўзилиб кетиши мумкинлигини айтди.

Аввалроқ Франция Президенти Эммануэл Макрон Европа иттифоқига киришга интилаётган, Брюссел билан яқинроқ алоқада бўлишдан манфаатдор ёки Европа иттифоқи қадриятларига содиқ бўлган мамлакатлардан иборат янги турдаги Европа сиёсий ҳамжамиятини яратишни таклиф қилган эди. Бундай давлатга мисол сифатида у, хусусан, Молдовани кўрсатди.

Ушбу ташаббусни Австрия канцлери Карл Нехаммер қўллаб-қувватлади. “Биз Европа иттифоқи билан ҳамкорликни босқичма-босқич мустаҳкамлаш ва Европа стандартларига яхшироқ мослашиш имконини берадиган Европа тайёргарлик маконини яратишимиз керак”,- дебди у. Карл Нехаммернинг фикрича, Украинанинг Европа иттифоқига аъзолиги ҳақидаги баҳслардан ҳис-туйғуларни олиб ташлаш керак ва Киевнинг ҳамжамиятга тезда кириши “реал нарса эмас”.

28 февраль куни Владимир Зеленский Украинага ЕИга аъзолик мақомини тақдим этишга қаратилган аризани имзолади. Франция президенти Макрон бу ҳаракатга қуйидагича муносабат билдирибди: “Менимча, ҳозирги вақтда Украина ва украиналикларга кучли сигнал беришимиз керак. Лекин эҳтиёт бўлиш лозим. Уруш ҳолатидаги давлат учун қўшилиш жараёнини очиш мумкинми? Мен бундай деб ўйламайман. Эшикларни ёпиб, “Ҳеч қачон” дейиш керакми? Бу адолатдан бўлмайди”.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону