27 May 2022
18:47 - Юсуф Жума: (Азовсталдаги ярадорларнинг бирига ёзилган хат ва бошқалар)

Азовсталдаги ҳар бир ярадор
Яралари тилка кўксимда қатор...
!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!

Кўк дер: - Эр,берайми элингга қирғин
Ва ё урчитайми юртингда хоин?
Мард дер: - Қиронлардан қутулиш мумкин,
Тирик жон қолмайди кўпайса сотқин...

2022 йил, май.

* * * * *

Уринган бошимни уринтиргунча,
Эсингни йиғишга урингин, болам.
Отангга дунёни тушунтиргунча,
Ўкинган отангни тушунгин, болам.

Гарчи тушунардим очунни бир оз
Ва лекин отамга бўлмадим “устоз”.
Гарчи шоир отим бор эди, бироқ
Бир қатор шеър ўқиб бермадим “сабоқ.”

Вале кўп эслайман болалик чоғни:
Онамнинг қўлидан олдим ўроқни.
Отамнинг қўлидан олдим кетмонни,
Топишга уриндим рўзғорга нонни.

Тағин кечалари боқардим пода,
Куйлаб Гўрўғлибек султондан содда...
Кетмон мендан кўра оғир эди - зил,
Ўроқ ҳам эмасди гавдамдан енгил...

Ва лекин яшайман мен ўзимни еб -
Отамга етарли қарамадим деб...
Агар ўғли бўлса тушунган - етук,
Онагинам ҳамон бўларди тирик...

Пушмонда кўнглимни тиғлаб тураман:
Ҳар кун йиғлаб ётиб, йиғлаб тураман...
Космосда юрибди аҳмоқ одамзот,
Вале онасининг дардларига ёт.

Гарчи мақтанади ядроси билан,
Қизиқмас отаси савдоси билан...
Билим кўп оламда - билиш шарт, лекин
Энг оғир дарс - ота - онангни тушун!

Шулардан ўзга дўст бор деган кимса
Бошига ёғмаган қора кун - ғусса...
Бошимга тўққиз кўк тош бўлиб ёғди,
Бошимдагилар ҳам ёғийга оғди...

Инсондан истаза - гина ноўрин -
Тентакнинг бировни англаши қийин.
Ота - онам бўлса - Тангри ўрнида
Бор бало тушмасди чўпдек бўйнимга...

Қани бўлса эди қўлимда имкон,
Ер юзи бўларди дорлардан ўрмон...
Ёвуз тўдалардан қолмасди нишон,
Оталар, оналар яшарди шодон.

Ноэрларда куч бор, юрак йўқ - аттанг,
Кўнглим бор, кучим йўқ, этолмайман жанг.
Азовсталдаги ҳар бир ярадор
Яралари тилка кўксимда қатор...

Қоришган бошимни қориштиргунча,
Ёғийни қонига қориштир,болам.
Тиришган ярамни тириштиргунча,
Қоронғу кўнглимни ёриштир, болам!

2022 йил, 16 май.

* * * * *

Ҳеч бир тузук беролмас,
Юракларга ободлик.
Қонундаги озодлик -
Қолипдаги озодлик.

Қолиплардаги лойда
Пишиш эрки бўлади.
Одамзот сиқувлардан -
Ғамдан пишиб ўлади.

Қолип бўлса ҳам ер - кўк,
Қолипдамисан эрк йўқ!

Бирон юртни мақтама,
Бари бирдай қолипдир.
Менга басдир Бирубор,
Қолиплардан ғолибдир.

Мени енгиб бўлмайди -
Кучидан куч йиғаман.
Тангри - кураш - чексизлик-
Бир Ўзига сиғаман!!!

2022 йил, 14 май.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону