25 May 2022
23:00 - Жаҳон Банки гуруҳи Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик дастурини қабул қилгани ҳақида хабар
Янги ҳамкорлик дастури хусусий секторда инклюзив бандликни ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва “яшил” иқтисодий ўсиш ҳисобига фаровонликни ошириш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилган.

Кеча 24 май куни Жаҳон Банки Гуруҳи (ЖБГ) Ижрочи Директорлар Кенгаши 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан ҳамкорлик дастурини кўриб чиқди ва тасдиқлабди. Бу ҳақда Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“ЖБГ муҳим роль ўйнаган энг муваффақиятли ислоҳотлардан бири бу қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари натижасида пахта етиштириш секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам берилганлиги бўлди. Яна бир ёрқин натижа Навоий Вилоятида саноат миқёсидаги биринчи қуёш электростанцияси ишга туширилгани бўлди, электростанция хусусий оператор томонидан қурилиб, у томонидан бошқарилмоқда” дейилади ЖБГ хабарида.

Қайд этилишича, янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтишини тезлаштирадиган учта стратегик мақсадларга ўз эътиборини қаратади:

1) хусусий секторда инклюзив бандликни ошириш;
2) инсон капиталини ривожлантириш;
3) “яшил” иқтисодий ўсиш ҳисобига фаровонликни ошириш ва барқарор ривожланиш;

Айни замонда, Ўзбекистонга 2030 йилгача қатор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам берадиган секторлараро вазифаларни амалга оширишга ҳам кўмаклашилади. Уларга қуйидагилар киради:

1) гендер тенгсизликка барҳам бериш;
2) сиёсий қарорларни қабул қилишда фуқаролар иштирокини кучайтириш ва давлат органларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини мустаҳкамлаш.

Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон ривожланиши йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятларнинг ҳар томонлама таҳлили асосида ишлаб чиқилганмиш. Таҳлил мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг комплекс диагностикаси доирасида ўтказилган. Шунингдек, унда ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият, фуқаролик жамияти, хусусий сектор, илмий доиралар ва ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлар вакиллари билан ўтказилган фаол консултациялар натижалари ҳам инобатга олинган.

“Ўзбекистон билан сўнгги беш йиллик муваффақиятли ҳамкорлигимизга таяниб ва бошқа ўтиш даври иқтисодиётларидаги трансформация жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича тажрибамизни инобатга олган ҳолда, ҳамкорлик дастури мамлакат ҳукуматига бозор ислоҳотларининг янги авлодини амалга оширишда ёрдам беради” - дея таъкидлабди Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова.

Бугунги кунда Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги портфелига иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи 28 та лойиҳа киради. Ушбу лойиҳалар 5,26 млрд доллар ҳажмидаги молиявий мажбуриятларни ўз ичига олади. Бунга Халқаро Ривожланиш Ассоциациясининг 3,23 млрд долларлик имтиёзли кредитлари (нол ёки жуда паст фоиз ставкасида 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йилга берилади) ва Халқаро Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг 2,03 млрд долларлик кредитлари киради. Ушбу маблағлардан 2,66 млрд доллари янги ҳамкорлик доирасида тақсимланади.

Хуллас, шунқа ҳужжатлар имзоланибди. Кўрамиз, буёғи нима бўлади?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону