24 March 2022
21:14 - Украина Макаров шаҳарчаси қайтариб олинганини, икки металлургия комбинати эгаси Ринат Ахметов бошқа нарсаларни маълум қилибди, Россия Изюм эгаллангани ҳақида гапирмоқда

Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов Изюм районида жанглар давом этаётганини маълум қилган. “Россияликлар ҳужумни кучайтираётган бўлса-да, Украина армияси барча ҳужумларни қайтармоқда, Украина қуролли кучлари Изюм яқинида русларнинг яна иккита самолётини уриб туширди”, - дейилган унинг телеграмдаги постида.

Изюм - Харков областидаги учинчи йирик шаҳар ҳисобланади. 2020 йилги маълумотларга кўра, бу ерда 46 минг киши яшаган. Уруш даврида Изюм оғир жанглар кечаётган нуқталардан бирига айланди. Шаҳарнинг бир қисми буткул вайрон бўлгани айтилмоқда.

Харков: Ўз навбатида, 23 март куни Украина ҳарбийлари Киев областидаги Макаров шаҳри устидан назоратни қайтариб олгани ҳам айтилмоқда.

“Кун мобайнида, бизнинг ҳимоячиларимизнинг қаҳрамона ҳаракатлари эвазига Макаров устида Украина давлат байроғи ўрнатилди, душман улоқтириб ташланди”, дейилган Украина Қуролли Кучлари Бош Штаби баёнотида.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда Киев Вилояти Полицияси Раҳбари Андрей Небитов автомат кўтарган ва зирҳли кийим кийган ҳолда аҳоли пунктини айланиб чиқаётгани акс этган видео тарқалди: кадрларда шаҳардаги биноларнинг кўпи қисман ёки тўлиқ вайрон бўлганини кўриш мумкин.

Макаров шаҳар аҳолисининг деярли барчаси тарк этган, шаҳарда полиция фаолияти давом этмоқда.

МАРИУПОЛдаги вазият ҳақида Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида донецклик бизнесмен, шаҳардаги икки металлургия комбинати эгаси ҳисобланган Ринат Ахметов (расмда) айтиб ўтган.

“Россия ҳарбийлари Мариуполни харобага айлантирди, мариуполликларни ўлдирди ва заводларни бомбардимон қилди. Ҳар қандай шароитда ҳам бу заводлар россияликлар учун ишламайди”, дебди у.

Ринат Ахметовнинг сўзларига кўра, “Азовсталь” заводлари ва Ильич номидаги Мариупол металлургия комбинат украиналик аскарлар қаҳрамонликлари туфайли ҳамон Украина назоратида бўлиб турибди.

“Ишончим комилки, кун келади, биз Украинани қайтадан қурамиз ва мен Украина тикланиб, кучли ва фаровон мамлакатга айланиши учун барча куч ва маблағларимни сарфлайман”, дебди у.

РОССИЯ: 24 март куни ҳолатига кўра россиялик ҳарбийлар Харков областидаги Изюм шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатишибди. Бу ҳақда РФ Мудофаа Вазирлиги расмийси Игорь Конашенков иштирокидаги брифингда маълум қилинибди.

Русларнинг хабарларига кўра, 24 мартга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар Украинадаги 60 та ҳарбий объектга, жумладан иккита қўмондонлик пунктига ҳужум қилишгани, Киев яқинида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан 13 таси йўқ қилингани ва иккита дрон йўқотилгани ҳақида айтилган. Уруш бошланганидан буён берилган маълумотларга кўра, РФ Украинанинг 257 та учувчисиз учиш қурилмаси, 202 та зенит-ракета мажмуалари, 1 572 та танки ва бошқа турли жанговар машиналарини йўқ қилгани айтилган экан.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону