Ўзбекистон Ахборот Технологиялари ва Коммуникацияларини Ривожлантириш Вазири Шерзод Шерматовнинг UzIMEI тизими борасида айтган фикрлари блогерлар ва жамоатчилик томонидан салбий қарши олингани аввалдан маълум эди.
Davletov.uz канали муаллифи вазир келтирган сабабларга жавобан одамларнинг ўзини айбдор қилиш энг ёмон тактика эканини таъкидлаган ва бир қатор саволлар берганди. Мана ўша берилган своллардан бирига қайтарилган жавоблардан бири:
“Чет элда ўқиб келган, минглаб одамлар симпатия билан қарайдиган кадр янги курсисига ўтириши билан минглаб одамларнинг қонини сўраётган, асабини емираётган UzIMEI балосига муносабатини кўриб, бир нима дейишга ҳайрон қоласан, киши.
Отнинг калласидек ойлик олиб, катта пуллик тижорат ташкилотида кузатувчилар кенгашида раислик қиладиган одам шунақа абсурд гапларни айтишдан олдин, ҳеч қурса UzIMEI тарафдорларининг эмас, модомики иссиқ кабинетидан кўчага чиқишга ҳафсала қилмаяпти экан, оммавий ахборот воситаларидаги UzIMEI ҳақида материаллар остидаги коментларни ўқиб кўрса бўлар эди.
Телефон сотиб олиш наркотик сотиб олиш эмас, одамнинг ўзини айбдор қилиш - энг ёмон тактика. Қиммат ва IMEI'ли телефон сотиб олиш вазирга муаммо эмасдир, лекин оддий ўзбекистонлик учун бу масала. Ва энг муҳими, арзон ва сифатли телефон сотиб олиш, уни қаердан сотиб олиш - жиноят эмас. Халқни потенциал айбдор сифатида кўрманг. Блогерлар-ку ҳайп қилади, Жаҳон Банки вакили эса блогерларга қўшилиб лоббиларнинг айтганини қилади.”
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров эса вазир UzIMEI учун тўлов солиқ дея атаганини ҳақида ёза туриб, солиқларни солиқларни фақат парламент жорий эта олишини эслатган экан. Мана унинг сўзлари:
“Алоқа вазири жаноб Шерматов UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтиш учун тўлов нега қимматлигига жавоб бера туриб, уни солиқ деб атабди.
Конституциямиз, қонунларимиздан яхшигина хабардор, ғарб таълимини кўрган Шерматов солиқларни фақат парламент жорий эта олишини жуда яхши билади, деб ўйлайман. UzIMEI тизимини ҳам, унинг учун учун тўловни ҳам парламент белгиламаган. Солиқ кодексида ҳам акс этмаган.
Келинг майли, Шерматов айтгандай UzIMEI учун тўлов солиқ бўла қолсин. Унда UzIMEI операторига 2019 йилнинг икки ойида тўланган 25 миллиард сўм, 2020 йилда тўланган 150 миллиард сўмга яқин, 2021 йилда тўланган 200 миллиард сўмдан ортиқ пуллар, яъни солиқлар қани? Нега тизим оператори “O‘zbekiston telekommunikatsiya tarmoqlarini boshqarish Respublika markazi” ДУК бу тўғрисида ҳисобот бермайди? Қаерга, мамлакат ичи ва ташқарисидаги қайси ҳисобварақларга ва нима учун ўтказилган бу пуллар? Солиқ бўлса, охирги тийинигача очиқлансин!
Эртага жаноб Шерматов “мен образли тарзда UzIMEI тўловини солиқ деб атадим” деб қолиши ҳам мумкин. Майли, бунисигаям чидаймиз. Айтайлик, IMEI кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш хизмат бўла қолсин. Унда ҳар бир телефон симкартаси учун ундирилаётган 54 000 сўмлик тўловнинг харажат калькуляцияси қандай? Нега 5 400 сўм эмас, ёки нега 540 000 сўм эмас. Бир ҳисоблаб берсинлар унда? Калькуляция Антимонополия тасдиғидан ўтганми? Ахир “O‘zbekiston telekommunikatsiya tarmoqlarini boshqarish Respublika markazi” ДУК монополист-ку!
Ҳа, айтгандай, Шерматовдан яна IMEI тизими – бутун дунёда қилинадиган тизим, деган фикрлар янграбди. Жаноб Шерматов пуллик рўйхатга олинувчи IMEI тизими яна қайси мамлакатда мавжудлигига ва хизматлар учун тўлов миқдори тўғрисида аниқлик киритсин, марҳамат. Кутиб қоламиз.”
Хуллас, баъзи саволлар тўғридан-тўғри очиқ қолмоқдаку!
Масалан, блогер Шаҳноза Соатова тўғри савол бермоқда: “UzIMEI тизимини Шерматов яратмаган, ростанам. Энди вазир ҳимояланишга мажбур. Лекин одамларга ўзинг айбдорсан деб, танқид қилган блогерларни лоббичига чиқариб ҳимояланиш жуда-жуда нотўғри.
Саволлар эса очиқ қоляпти. Нега пуллик? Нима учун бунча қиммат? 100 долларлик телефон ҳам шу пулни тўлайди, 2 минг долларлик ҳам, ҳар бир сим-слотдан 54 мингдан – намунчааа??? Битта телефонга қарийб 10 доллардан ётяпти устига (агар 2 сим-слотли телефон бўлса).
Ноқонуний нарсани қонуний майдонга ўтказиш, солиқ ва бож тушумини орттириш учун яна истеъмолчидан тўлов олинишида қандай мантиқ бор? Қонунийлик учун қўшимча тўловми бу?”.
Яқинда жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси, эксперт Винаяк Нагараж UzIMEI “тушунарсиз бюрократик” тизимлигини қайд этиб, Ўзбекистонни орқага тортаётган сиёсатлардан бири эканлиги ҳақида ёзиб чиқди. Бунинг ортидан UzIMEI тизими билан боғлиқ масалалар яна кун тартибига чиққанди.
Айнан шу эксперт аёл “UzIMEI – Ўзбекистонни орқага тортаётган, тушунарсиз бюрократик тизим” деб савол қўйган эди. Чунки савол берувчи - ростакам Жаҳон Банки эксперти эди.
Ўзбекистонда 2020 йилдан мобил қурилмаларни IMEI тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш бошланган вақтда кўплаб тушунмовчилик ва норозиликлар пайдо бўлганди. Хусусан, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлганди.
“Менинг Фикрим” порталига ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича киритилган жамоавий мурожаат эълон қилинганидан сўнг бир йил ўтиб Қонунчилик Палатаси томонидан рад қилинганди.
Кўриб турибмизки, ҳаммаёқ ДАБДАЛА!!! Ҳурматли ўқувчиларимиз шу саволлар устида ўйлаётганлари жуда тўғри. Улар ҳақиқий анализ қилиниши керак, тўғрироғи, ШАРТ, дейди “Ҳаракат” мухбирлари!?