12 December 2021
00:35 - Шармандалик: Қўйлиқда тадбиркорларга бозорни бўшатиб қўйиш бўйича “огоҳлантириш хати”га имзо қўйдирилмоқда
Қўйлиқ Бозоридаги тадбиркорлар 31 декабргача бозордаги фаолиятини тугатиши, 1 январдан “Food City” бозорига кўчиши, агар бу талаблар бажарилмаса, гўёки маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирилмоқда экан.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотни бозорда ишловчи икки савдогар тасдиқлади.

Интернетда тадбиркорлар томонидан бозор директори номига ёзиб берилаётган “огоҳлантириш хати” сурати тарқалди.

Мана ўша хатлардан биттаси:

“Мен... “Қўйлиқ деҳқон бозори”АЖ ҳудудида савдо фаолияти билан шуғулланаман. Савдо фаолиятимни 2021 йил 31 декабр кунида тугатиб, 2022 йил 1 январ кунидан “Food city”да фаолиятимни давом эттираман. Агарда юқоридаги қонуний талабга амал қилмасам, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-, 194- ва Жиноят Кодексининг 277-, 229-моддалари асосида жавобгарликка тортилишим тўғрисида огоҳлантирилдим”, дейилади хатда.

Бу “огоҳлантириш хати”да келтирилган моддалардан бири – МЖтКнинг 183-моддаси – майда безорилик билан боғлиқ бўлиб, шу кодекснинг 194-моддасида ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳақида сўз боради.

“Огоҳлантириш хати”да бозор маъмурияти талаби бажарилмаса, тадбиркорлар гўёки Жиноят Кодексининг 2 та моддаси (229, 277) билан жавобгарликка тортилиши кўрсатилган бўлиб, 229-модда - ўзбошимчалик, 277-модда эса безорилик ҳақида айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабр куни Тошкент Шаҳар Ҳокимлиги Қўйлиқ Деҳқон Бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони йўл кенгайтирилиши сабаб бошқа манзилга кўчирилишини маълум қилинган экан.

Кейинроқ бозор Қўйлиқдан 6,5 км масофадаги, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Food city” савдо марказига кўчиши маълум бўлибди.

Бу ҳақда суҳбатлашган бозорчилар бу қарордан норози эканини билдиришди. Уларга кўра, янги мажмуадаги дўконлар ижараси ҳаддан ташқари қиммат, майдони эса жуда кичик. Савдогарлар бозор кўчиши натижасида Тошкентда озиқ-овқатлар нархи ошишини айтишибди.

Хуллас, шунақа гаплар, амалда эса, ҳамма нарса шу хабарда айтилганидек бўлиши керак-ку! Кўрамиз, буёғи нима бўлади, дейди “Ҳаракат” мухбирлари.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону