26 October 2021
17:22 -
Брюсселда Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Альянсни замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб билиши ва томонлар учун манфаатли бўлган масалаларнинг бутун кўлами бўйича алоқаларни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланди.
Қўшма саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги мулоқот ҳар икки томон манфаатлари йўлида ривожланишда давом этиши қайд этилди.
Ҳарбий қурилиш соҳасидаги туб ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Қуролли кучларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Бу жараёнда ҳарбий хизматчиларнинг касб маҳорати ва малакасини ошириш, уларни интеллектуал ва психологик тайёрлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга.
Бу борадаги муҳим йўналишлардан бири хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳисобланади.
Учрашувда Альянснинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури доирасида Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.